date
views 180

Байден ХЖС прокурорининг Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер бериш талабини қоралади

Байден ХЖС прокурорининг Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер бериш талабини қоралади
Фото: DPA
АҚШ президенти Жо Байден Халқаро жиноят суди (ХЖС) прокурори Карим Хоннинг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мамлакат мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги талабини қоралади.

«Халқаро жиноят суди прокурорининг Исроил етакчиларини ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги талаби ғазабланарли. Очиғини айтсам, прокурор нима демасин, Исроил билан ҲАМАСни тенглаштириб бўлмайди. Биз доимо Исроил билан бирга бўламиз ва унинг хавфсизлигига таҳдидларга қарши турамиз», деди Байден Оқ уй томонидан эълон қилинган баёнотда.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен Вашингтон ХЖС прокурорининг талабини «қатъий рад этишини», прокурор Исроил билан ҲАМАСни «тенглаштирганини» айтди.

«Биз прокурорнинг Исроил билан ҲАМАСни тенглаштирганини рад этамиз. Бу шармандалик», деди у.

Блинкеннинг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги ҳозирги можародан анча олдин Қўшма Штатлар «Халқаро жиноят судининг бу масалада юрисдикцияга эга эмаслигини аниқ кўрсатган». АҚШ Давлат департаменти раҳбарининг фикрича, прокурорнинг қарори гаровга олинганларни озод қилиш ва гуманитар ёрдамни кўпайтириш имконини берувчи ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш саъй-ҳаракатларини ҳам хавф остига қўйиши мумкин.

20 май куни ХЖС прокурори Карим Хон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАС ҳаракатининг уч нафар етакчиси Яҳё Синвар, Муҳаммад Дийф ва Исмоил Ҳонияни ҳибсга олиш учун ордер беришни сўради.

Прокурор баёнотида айтилишича, Нетаняҳу ва Галант 2023 йил октябр ойи бошидан бери Ғазо секторида содир этилган ҳарбий жиноятлар учун жавобгардир. Ўз навбатида, ҲАМАС етакчилари нафақат Ғазо секторида, балки Исроилда ҳам уруш жиноятлари учун жавобгардир.

Нетаняҳу ХЖС прокурорининг сўровини «шармандалик» деб атади ва «бу мени ҳам, бизни ҳам тўхтата олмайди» деб таъкидлади. ҲАМАС вакили Абу Зуҳрий прокурор талабини «жабрланувчини жаллодга тенглаштириш» деб атади.

Исроил ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. Фаластин ХЖС аъзоси бўлиб, 2015 йилда Рим статутини ратификация қилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден ХЖС прокурорининг Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер бериш талабини қоралади