date
views 344

Путин аудиторни Россия мудофаа вазирининг янги ўринбосари этиб тайинлади

Путин аудиторни Россия мудофаа вазирининг янги ўринбосари этиб тайинлади
Олег Савелев Фото: Марат Абулхатин/ ТАСС
Россия президенти Владимир Путин 20 май, душанба куни Олег Савелевни Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари ва вазирлик аппарати бошлиғи лавозимига тайинлади. Бу лавозимда илгари Ҳисоб палатасининг аудитори бўлиб ишлаган Савелев ўша куни Путиннинг фармони билан лавозимидан четлаштирилган генерал-полковник Юрий Садовенко ўрнини эгаллади. Шундай қилиб, Савелев Россия янги мудофаа вазири Андрей Белоусовнинг биринчи ўринбосари бўлди.

Мудофаа ва миллий хавфсизлик аудитини назорат қилган

2008-2014 йилларда Олег Савелев Россия иқтисодий ривожланиш вазирининг ўринбосари, кейин бир йил давомида Россия Федерацияси Қрим ишлари бўйича вазири лавозимида ишлаган (ундан кейин бу лавозим бекор қилинган). 2015 йилдан 2018 йилгача Савелев ҳукумат аппарати раҳбари ўринбосари бўлган, сўнг у бир йил давомида Россия Ҳисоб палатаси аппаратини бошқарган. 2019 йилда Путиннинг тавсиясига кўра, у Ҳисоб палатаси аудитори бўлди ва у ерда мудофаа, миллий хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти аудитини назорат қилди.

Россия Мудофаа вазирлигида ҳибсга олишлар ва ўзгаришлар

14 май куни Владимир Путин иқтисодчи Андрей Белоусовни Россия Федерациясининг янги мудофаа вазири этиб тайинлади - у бу лавозимда 2012 йилдан бери ишлаб келаётган Сергей Шойгуни алмаштирди. Мутахассислар Белоусов тайинланишини Путиннинг Россия иқтисодиётини уруш ҳолатига келтириш истаги билан изоҳламоқда. Немис матбуоти ҳукуматдаги ўзгаришларни Россия президентининг Украинага қарши уруш жараёнидан норозилиги билан боғлади.

Апрел ойи охирида Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов жуда катта миқдорда пора олаётган пайтда ушланди. Кейинчалик вазирликнинг кадрлар бошқармаси бошлиғи, генерал-лейтенант Юрий Кузнецов худди шу айблов билан ҳибсга олинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин аудиторни Россия мудофаа вазирининг янги ўринбосари этиб тайинлади