06:26 / 23.05.2024
230

Исроилда Нетаняҳуга ултиматум қўйилди. Шартларни бажариб бўладими?

Исроилда Нетаняҳуга ултиматум қўйилди. Шартларни бажариб бўладими?
“Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Бектош Бердиев билан Ғазодаги уруш вақтида Исроил ички сиёсатида юзага келаётган қарама-қаршилик муҳокама қилинди.

— Мухолифат қўйган асосий шартлар қайсилар, уларни амалга ошириш имкониятлари қандай?

Бектош Бердиев
: — Исроил ички сиёсатида маълум даражада беқарорлик бор, лекин буни янгилик деб бўлмайди, тарихда бундай ҳолатлар кўп бўлган. Биринчи сабаб – партиялар коалициялари ўртасида келишмовчилик бўлса, иккинчидан, бир партия ичидаги келишмовчилик. Ҳарбий кабинет вазири Бенни Ганс томонидан Нетаняҳуга 5-6 та аниқ талаблар қўйилди. Агар шу талаблар бажарилмаса, яъни Нетаняҳу аниқ режани таклиф қилмайдиган бўлса, ўзимиз Исроилни бу вазиятдан олиб чиқадиган янги ҳукумат шакллантиришга мажбур бўламиз, деди.

Талабларнинг биринчиси – гаровдагиларни қайтариш. 250 кундан ошдики, гаровдагиларнинг ҳаммаси ҳам озод этилмади, бу эса Исроил ҳукуматига босимни кучайтиряпти, фақат фуқаролар эмас, сиёсатчилар ҳам босим қиляпти. “Катта урушни бошладинг, жуда кўп фуқаролик инфратузилмаси йўқ қилинди, халқаро ҳамжамият олдида Исроилнинг имижи тушди, лекин натижа қани? Гаровдагиларни озод қилиш бўйича режанг қани” деган саволлар бериляпти.

Олдинроқ АҚШ воситачилигида ҲАМАС билан музокаралар бўлди, ҲАМАС маълум даражада ён берса ҳам, Нетаняҳу рад қилганди.

Иккинчи талаб – ҲАМАСни бутунлай ағдариш бўйича, Ганс ҳам шуни илгари суряпти. Бу – жуда чуқур масала. Учинчи шартга ўтсак, бу – Ғазо секторини бутунлай демилитаризация қилиш. Охирги шартлар – анклав устидан назорат ҳамда АҚШ, Европа, араб давлатлари ҳамкорлигида фуқаролик бошқарувини ўрнатиш. Мана шу талаблар бўйича Нетаняҳу ҳукумати 8 июнга қадар аниқ режалар бермаса, Ганс ҳукумат таркибидан чиқиш билан таҳдид қилди.

— ҲАМАСни тугатиш ва Ғазони қуролсизлантириш сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан амалга оширилиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов
: — Назаримда, Бенни Ганснинг асосий мақсади тарихий масъулиятни олмаслик ва Нетаняҳу кабинетидан чиқиб кетиш. Чунки Нетаняҳунинг бугунги кабинети чуқур инқирозда, ЦАХАЛ ўз олдига қўйган вазифани амалга ошира олмаяпти. Ғазода партизанлик уруши кетяпти, маҳаллий аҳоли ҲАМАСни тўлиқ қўллайди. Шу маънода бу талаблар кўпроқ сиёсий аҳамиятга эга.

Исроил парламентар бошқарувга асосланган. Охирги йилларда ҳеч бир партия Кнессетга 50 фоиздан кўп овоз олиб, катта фракция тузолмаяпти. Шунинг учун бир нечта партия бирлашиб коалиция тузади. Ганс бош вазирликка асосий номзодлардан бири, лекин Нетаняҳу билан коалиция тузган. Агар коалициядан чиқса, бу парламент сайловларига олиб келиши мумкин, сайлов натижасини эса башорат қилиш қийин. Лекин Исроил жамиятида Нетаняҳунинг обрўйи ошаётгани йўқ, тушиб боряпти. У 7 октябрдан кейин ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилиш бўйича берган ваъдаларини амалга ошира олмади. Буни амалга ошириш учун мисли кўрилмаган катта қирғинбарот бўлиши керак. Бугунги кунгача 35 минг тинч аҳоли ўлдирилди, аёллар, болалар кўп бунинг ичида.

Нетаняҳу 8 июнгача бундай режа беролмайди. Ганс эса тарихий масъулиятни олмасдан чиқиб кетмоқчи.

— Ганснинг ҲАМАСни тугатишдан ташқари яна қайси шартларни амалга ошириш деярли имконсиз?

Бектош Бердиев
: — Гаровдагиларни қайтариш мумкин. Бу – сиёсий иродани талаб қилади. Музокаралар орқали қилиш мумкин. Жуда кўп фаластинликлар Исроил қамоқхоналарида, уларни асирларга алмашиш мумкин.

Лекин демилитаризациянинг умуман иложи йўқ. Бугун ҳар бир ғазолик – ҲАМАС тарафдори. Амакиси, отаси, акаси, укаси ўлдирилган ёшлар барибир эртага ҳамасчи бўлиб вояга етади, Исроилга нафрат руҳида улғаяди. Қўпол қилиб айтганда, Ғазода ҲАМАСни йўқ қилиш учун ўша ердаги 2,5 млн аҳолини қириб ташлашга тўғри келади, шунда ҳам фақат Ғазонинг ўзида йўқ бўлади. Ғарбий қирғоқда, Ливанда, Сурияда ҲАМАСни қўлловчилар оз эмас. Шунинг учун ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш имконсиз.

АҚШ, Европа, араб давлатлари билан ҳамкорликда Ғазо анклавини бошқариш масаласини ҳам амалга ошириш мумкин. Балки ғазоликлар учун ҳам бу маъқул келар, уларнинг ҳаммаси ҳам ҲАМАСни ҳозирги ҳаракатларини тўла қўллайди деб бўлмайди, келажагини бошқача кўришни истаганлар, Ғарбий соҳил хукуматига мойиллар бор.

— Мустақил Фаластин давлати тузилмагунча, бу кураш давом этаверади, дейиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов
: — Худди шундай. Бу – тарихий, цивилизацион тўқнашув. Бу масала бошқа жойда бўлганда эди, муаммонинг ўткирлик даражаси пастроқ бўларди, лекин Қуддус масаласида Ислом цивилизацияси келишувга бора олмайди, Қуддус Исломдаги 3 та марказий нуқталардан бири. Мусулмон давлатларнинг ҳукуматлари қабул қилса ҳам, жамиятлар буни қабул қилмайди.

Шу билан бирга? Исроил ҳам компромиссга боришни истамайди, яҳудий цивилизациясининг маркази ҳам Қуддус. Иерусалим христианлар учун ҳам катта аҳамиятга эга. Умуман, учта дин, монотеизмнинг маркази бу – Қуддус. Шунинг учун кўплаб олимлар Қудлусни иккига бўлиб, шарқини мусулмонларга бериб, ғарби яҳудий ва христианлар учун бўлиши керак, дейди. Бунга, яъни 1967 йилги чегараларга Маҳмуд Аббос ҳукумати рози бўлган, лекин Исроил бунга рози эмас.

Нетаняҳу ҳам, Ганс ҳам тиш-тирноғи билан Фаластин давлатчилигига қарши. 7 октябрдан кейин риторика ўзгарган, унгача айрим шартлар билан Фаластин давлати бўлишига розилар бор эди. Умуман, кураш тўхтамайди. Ганс нафақат ҲАМАСга, балки Маҳмуд Аббос ҳукуматига қаратилган шартлар ҳам қўймоқда.

— Агар Ганс истеъфога чиқса, Исроил сиёсатида қандай ўзгариш бўлади?

Бектош Бердиев
: — Сайловлар натижасига боғлиқ бўлади. Ҳозир барибир Нетаняҳунинг “Ликуд” партияси кучли, улар сионистлар билан коалицияда бўлади. Лекин сайловларни башорат қилиб бўлмайди, Нетаняҳу партияси мақоми баланд бўлса ҳам, жамиятда Нетаняҳу ҳукуматидан чарчаш ҳам бор.

Ганс истеъфога чиқса, сайлов бўлади. Нетаняҳуда асосий битта “фишка” қолади: “Биз бошлаган ишимизни охирига етказишимизга ёрдам беринг”, деб сўраши мумкин исроилликлардан.

Камолиддин Раббимов: — Исроилда Вазирлар Маҳкамаси беқарор сўнгги йилларда. Жамиятда Нетаняҳудан чарчаш бор, урушда натижа бўлмаяпти, асирлар озод қилинмади. Ганс яқин орада сайлов бўлса, обрўмиз ошиб, бош вазир бўлишим мумкин, деган ўй ҳам бўлиши мумкин. Сиёсатчилар ўртасида яширин ва кучли рақобат бўлади.

7 октябрдан кейинги ҳолатда Вазирлар Маҳкамасидаги инқироз кучайган. Расмий мухолифат, ҳукумат ичида мудофаа вазири ва бошқалар Нетаняҳуни танқид қилиб туради. Ганс истеъфо берса, сайлов бўлиши тайин бўлади ва сайлов кампаниялари бошланиб кетади, кампанияда томонлар бир-бирини айблайди. Нетаняҳу ўнг сиёсатчи, у бунга қадар сўл қатлам учун номақбул сиёсат олиб борди, ҳокимият вертикалини кучайтирди. Араб давлатлари билан келишиб, тарихий муаммоларни ҳал қилмоқчи эди, лекин бу амалга ошмади.

— Сайлов кампанияси даврида ҳарбий ҳаракатларда ўзгариш бўлиши мумкинми?

Бектош Бердиев
: — Ўзгармайди, амалдаги ҳукумат белгилаган ҳаракатлар давом этади. Ҳозир Рафаҳга тўғридан тўғри кириб бормай, тўхтаб тургани ички вазиятга боғлиқ эмас, халқаро босим сабаб. Халқаро босим юмшаши билан Исроил Рафаҳга киришга тайёр. Исроил ҳукумати фикрича, ҳамасчилар ҳозир асосан Рафаҳда яширинган.

— Халқаро жиноят суди прокурори Нетаняҳу ва ҲАМАС лидерларини ҳибсга олиш бўйича ордер сўрагани ҳақида ҳам тўхталсак.

Бектош Бердиев
: — Халқаро суднинг бу ишларини самарали деб бўлмайди, чунки кўп давлатлар ратификация қилмаган, шу жумладан, АҚШ ҳам. Масалан, Путинни ҳибсга олиш бўйича ҳам ордер бор. Нетаняҳуга нисбатан ҳам шундай ордер берилса, риторик жиҳатдан дунёда адолат борлигини ҳам кўрсатади бир томондан. Иккинчидан эса Исроил имижи бутунлай қоп-қора тусга киради. Лекин умуман, самарали деб бўлмайди. Шундоқ ҳам Нетаняҳу бошқа давлатларга чиқмаяпти, битта бемалол борадигани АҚШ қолди. Халқаро босимни кучайтириши мумкин бундай қарор.

Умуман, турлича халқаро босимлар бўляпти. Урушдан кейин Ғазони нима қилиш бўйича Исроилнинг аниқ бир режаси йўқ, деб Блинкен ҳам айтди. Европа давлатлари ҳам босим қиляпти.

Камолиддин Раббимов: — Иккинчи жаҳон урушидан кейин Исроилнинг энг катта халқаро репутацияси – “яҳудийлар мазлум халқ, шунинг учун дахлсизмиз”, деган ёндашув бўлди. Ҳозирга келиб глобал ижтимоий фикрда бу дахлсизлик йўқолиб боряпти. Чунки Исроилнинг асосий мақсади – Фаластин ерларини тўлиқ босиб олиш ва бундан чекинмаяпти. 7 октябрдан кейин ЖАР Исроил устида Халқаро судга мурожаат қилди. Нетаняҳу ва мудофаа вазирига ҳибсга олиш ордери сўралишининг ўзи – Исроил учун катта тарихий қора доғ.

Шу билан бирга, Халқаро судга АҚШ, Франция каби давлатлар томонидан босим бўляпти, Исроил бизнинг иттифоқчимиз, тегиниб бўлмайди, дейилмоқда. Бир пайтлар АҚШнинг глобал қудрати шу даражада эдики, унинг иттифоқчиларига нисбатан бундай ишлар кўрилмас эди. Лекин бугун дунёда кўп қутблилик, глобал жануб шаклланяпти ва бу нарса Исроил каби АҚШ иттифоқчиларини мураккаб аҳволга туширишда давом этади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроилда Нетаняҳуга ултиматум қўйилди. Шартларни бажариб бўладими?