date
views 343

Рада спикери Зеленскийнинг легитимлиги нега тугамаганини тушунтирди

Рада спикери Зеленскийнинг легитимлиги нега тугамаганини тушунтирди
Руслан Стефанчук Фото: Украина Олий радаси
Украина президенти Володимир Зеленский конституция ва бошқа қонунларга мувофиқ мамлакатда ҳарбий ҳолат тугагунга қадар давлат раҳбари бўлиб қолади, деди 28 май, сешанба куни Олий рада раиси Руслан Стефанчук. У Россия президенти Владимир Путиннинг ўзини ва Украина парламентини мамлакатдаги «ягона қонуний ҳокимият» деб атаган сўзларига шундай муносабат билдирди.

«Мен қизиқувчан ўқувчиларга конституциямиз матнини ўрганишни ва 108-модданинг 1-қисмига эътибор беришни тавсия қиламан: «Украина президенти ўз ваколатларини Украинанинг янги сайланган президенти лавозимига киришгунга қадар амалга оширади». Демократик жамиятларда бу ҳокимиятнинг узлуксизлиги дейилади», - деб ёзди Стефанчук Facebook’да.

Владимир Путин матбуот анжуманида «дастлабки баҳолашга кўра», Украинада «ягона қонуний ҳокимият парламент ва Рада спикери бўлиб қолаётганини» айтди. Шу билан бирга, Путин Украина конституциясининг 111-моддасига ишора қилди, унга кўра, сайловлар ўтказилмайдиган ҳарбий ҳолат туфайли президентлик муддати тугаганидан кейин олий ҳокимият ваколатлари парламент спикерига ўтказилади.

Зеленскийнинг ўзи аввалроқ журналистларга «Россиянинг Украина президентининг ноқонунийлиги ҳақидаги баёнотлари» зерикарли ва унга қизиқ эмаслигини айтган эди.

Украинада ҳарбий ҳолат жорий этилгани сабабли президентлик сайловлари эълон қилинмади

Володимир Зеленский 2019 йилнинг 20 май куни Украина президенти лавозимига киришди. 5 йил муддатга сайланадиган давлат раҳбарининг навбатдаги сайлови 31 март куни бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ, Олий рада уларни эълон қилмади, чунки мамлакатда Россия ҳужумидан кейин ҳарбий ҳолат жорий қилинган. Украина раҳбарининг ўзи 2023 йилнинг ноябрида «ҳозир сайлов вақти эмас», деган эди.

Россиялик сиёсатчилар ва тарғиботчилар Зеленскийнинг Украина давлати амалдаги раҳбари сифатидаги қонунийлигига бир неча бор шубҳа билдиришган. Унинг энди Украинанинг қонуний президенти эмаслиги, хусусан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва собиқ президент Дмитрий Медведев томонидан айтилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рада спикери Зеленскийнинг легитимлиги нега тугамаганини тушунтирди