date
views 513

НАТО раҳбари АҚШнинг Россияга зарба йўллашга рухсат берганини олқишлади

НАТО раҳбари АҚШнинг Россияга зарба йўллашга рухсат берганини олқишлади
Фото: Reuters
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг АҚШнинг Россиядаги нишонларга қарши Америка қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатиш ҳақидаги қарорини олқишлади. «Украина ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга ва бу Россия ҳудудидаги қонуний ҳарбий нишонларга ҳужум қилиш ҳуқуқини ҳам ўз ичига олади», деди у 31 май, жума куни Прагада НАТО ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши чоғида.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, бу, айниқса, Россия янги фронт очиб, Харкив вилоятига шимолдан ҳужум қилаётгани билан боғлиқ. «Албатта, Украина зарба бериб, ўзини ҳимоя қила олиши керак», - дейди у.

Шу билан бирга, НАТО бош котиби бу қарордан келиб чиқиб, кескинлашув хавфини кўрмаяпти. «Россиянинг ўзи бошқа давлатга ҳужум қилиб, вазиятни янада оғирлаштирмоқда», — деди Столтенберг ва бу Харкив вилоятига ҳужумларга тааллуқли эканини қўшимча қилди. У Германия ва бошқа давлатларни Украинага Россиядаги нишонларга ўзи етказиб берган қуроллар билан зарба йўллашга рухсат беришга чақирди.

Оқ уй Киевга Россиядаги нишонларга зарба йўллашга рухсат берди

Бир кун олдин Американинг Politico нашри ва CNN телеканали АҚШ президенти маъмурияти Жо Байденнинг кўрсатмаларига амал қилиб, Украинага Россия Федерацияси ҳудудида Америка қуролларидан фойдаланган ҳолда зарбалар йўллашга норасмий тарзда рухсат бергани, аммо бу фақат рус қўшинлари томонидан ҳужумга учраган Харкивни ҳимоя этиш учун қилинишини кераклиги тўғрисида хабар берди.

Politico суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Байден яқинда ўз жамоасига Украинанинг Америка қуролларидан фойдаланишига қўйилган чекловларни бекор қилишни ва Украина Қуролли кучларига «Украинага зарба берган ёки зарба беришга тайёрланаётган Россия қўшинларига жавобан ҳужум қилишига рухсат беришни буюрган. Шу билан бирга, нашр манбаси таъкидлаганидек, Украина Россия Федерациясидаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилиш учун Америка қуролларидан фойдалана олмайди ёки Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бера олмайди.

Аввалроқ Йенс Столтенберг Шимолий Атлантика алянси мамлакатларини Россия ҳудудига ҳужумлар учун Украинага етказиб бериладиган қуроллардан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишга бир неча бор чақирган эди. Уни Чехия ва Финландия қўллаб-қувватлади, Германия бу ғояга қарши чиқди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » НАТО раҳбари АҚШнинг Россияга зарба йўллашга рухсат берганини олқишлади