
Франция Украинага бир қатор модернизация қилинган Mirage 2000-5 қирувчи самолётларини етказиб бериш ниятида, деди Франция президенти Эммануэл Макрон 6 июн, пайшанба куни Франциянинг TF1 ва France 2 телеканалларига берган интервюсида. «Улар Украинага ўз ҳудуди ва ҳавосини ҳимоя қилишга имкон беради», деди у украиналик учувчилар 2024 йил охиригача Mirage’дан фойдаланиш учун Францияда тайёргарликдан ўтишлари мумкинлигига аниқлик киритиб. Франция президенти ҳозирча қирувчиларнинг аниқ сонини маълум қилгани йўқ.
Бундан ташқари, Макрон яна 4500 нафар украиналик ҳарбийни Францияда ўқитишга ваъда берди. У, шунингдек, Украинага француз ҳарбий инструкторларини юборишга тайёрлигини тасдиқлади ва «биз жанговар зонада аскарларни тайёрлаш ҳақида гапирмаяпмиз», шунинг учун бу «эскалацияни англатмайди», деди. «Биз барча ҳамкорларимиз билан ишлаяпмиз ва ҳозирда коллектив қарор асосида коалиция сифатида қарор қабул қиламиз», деди президент ўз ниятлари ҳақидаги аниқ саволга жавобан.
Макроннинг Зеленский билан учрашуви 7 июн куни тушдан кейин бўлиб ўтади
Эммануэл Макрон 7 июн куни тушдан кейин Украина президенти Володимир Зеленскийни Елисей саройида қабул қилишни режалаштирмоқда ва бу учрашувда «нима қилиш» ҳақида «жуда аниқ баёнот» билан чиқишга ваъда берди. Зеленский Франция президентидан ташқари, Франция Мудофаа вазирлиги раҳбари Себастьен Лекорню билан ҳам учрашиб, бир қанча келишувларни имзолайди.
AFP хабарига кўра, Франция Украинанинг уруш пайтида Россия томонидан вайрон қилинган инфратузилмасини тиклашга ёрдам бериш учун кредит ва хайрия кўринишида 650 миллион евро ажратмоқчи. Бундан ташқари, KNDS Франция-Германия мудофаа компанияси Украинада ўз филиалини очишни режалаштирмоқда.
Mirage қирувчилари қандай ишлайди?
Франция ҳарбий-ҳаво кучларининг асосий жанговар самолёти Mirage - 1970-йилларда Dassault Aviation томонидан ишлаб чиқилган тўртинчи авлод кўп мақсадли қирувчи самолётдир. Франциядан ташқари, 1984 йилдан бери у Осиё, Европа ва Лотин Америкасидаги бир қанча мамлакатларда бор. Dpa агентлигига кўра, эскириб қолган Mirage қирувчилари аста-секин янги Rafale билан алмаштирилмоқда. Украинага етказилиши режалаштирилган Mirage 2000-5 версияси 1990-йилларда энг яхшиларидан бири ҳисобланган.
Mirage’ни Украинага топшириш бўйича мунозаралар 2023 йилда ҳам бўлиб ўтган, аммо Украина Ҳаво кучлари вакиллари асосан Американинг F-16 қирувчи самолётлари етказиб берилишига эътибор қаратган.
Politico: Украина F-16 учувчиларини тайёрлаш секин кетаётганидан норози
Украина расмийлари АҚШ ва бошқа давлатлардан F-16 қирувчи самолётлари учун учувчиларни тайёрлашни тезлаштиришни талаб қилмоқда. Бу ҳақда 6 июн куни Politico нашри хабар берди. Украина расмийларининг айтишича, ҳозирги тайёргарлик жараёни Киев тез орада ҳарбий ёрдам сифатида оладиган жанговар самолётни бошқариш учун етарли учувчиларни тайёрлашга улгурмаяпти, деб ёзади Politico.
Нашр манбаларига кўра, Украина зудлик билан 30 нафар учувчини F-16’дан фойдаланишга ўргатиш учун АҚШга жўнатишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ Оқ уй Киевни Аризонадаги базасида жой йўқлиги ва сентябр охиригача бор-йўғи 12 нафар украиналик учувчини ўқитишга тайёрлиги ҳақида хабардор қилди, дея таъкидлайди Politico.
ЕИ тўрт давлати Киевга 60 дан ортиқ қирувчи самолётни топширишни режалаштирмоқда
Дания, Норвегия, Нидерландия ва Белгия ёзда Украинага Америкада ишлаб чиқарилган 60 дан ортиқ қирувчи самолётларни юборишни режалаштирмоқда, деб ёзади нашр. Тахминларга кўра, самолёт Украинага Россия Федерацияси билан ҳавода кураш олиб боришга ва рус қўшинларини фронт чизиғидан, масалан, Харкив вилоятидан узоқлаштиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, Нидерландия ва Дания Киевга F-16 самолётларидан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга ҳужум қилиш учун рухсат берди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг