date
views 245

Суд Алишер Усмоновни Германиядаги вилла эгаси деб аташни тақиқлади

Суд Алишер Усмоновни Германиядаги вилла эгаси деб аташни тақиқлади
Фото: Global Look Press
Германиянинг Ҳамбург ҳудуди суди Tegernseer Stimme газетасига россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг Баварияда вилласи борлиги ҳақидаги даъвони тарқатишни тақиқлади. РБК хабарига кўра, бу ҳақда суднинг 10 июндаги қарорида айтилади.

Тақиқни бузган ҳар бир ҳолат учун суд 250 минг еврогача жарима солади. Агар бундай жаримани ундиришнинг иложи бўлмаса, судланувчи ҳар бир қоидабузарлик учун 6 ойгача, барчасини қўшиб ҳисоблаганда 2 йилгача маъмурий қамоққа олиниши мумкин.

Усмоновнинг адвокатлари газетани 2017 йилда чоп этилган мақола юзасидан судга берган эди, унда тадбиркор «миш-мишларга кўра, Тегернзее кўлида 1 йил давомида катта виллага эгалик қилгани» ёзилган.

Усмоновнинг медиаҳуқуқлар бўйича бўйича адвокати Йоахим Штайнхефел сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг Усмоновга нисбатан санкциялари айнан матбуотда эълон қилинган мақолаларга асосланган.

«Мулкка эгалик қилиш ҳақидаги ёлғон даъво ҳам санкцияларни оқлаш учун қайта-қайта қўлланган. Германия суди бундай асоссиз айбловни аниқ ва сўзсиз тақиқлади», деди тадбиркорнинг адвокати.

Алишер Усмонов USM ҳолдинги асосчиси ва энг йирик акциядори ҳисобланади. Унга «Металлоинвест», «Удоканская медь» ва «Мегафон» компаниялари киради. У энг бой россиялик миллиардерларнинг Forbes рўйхатида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди. Журнал унинг бойлигини 14,4 миллиард долларга баҳолаган.

Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Алишер Усмонов ҳам бошқа кўплаб россиялик тадбиркор ва сиёсатчилар сингари Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Канада, Австралия ва бошқа давлатлар томонидан санкцияларга учради.

Усмонов ушбу санкциялардан суд орқали халос бўлишга уринмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Суд Алишер Усмоновни Германиядаги вилла эгаси деб аташни тақиқлади