23:03 / 17.06.2024
310

Германия афғонларни Ўзбекистон орқали депорт қилмоқчи

Германия афғонларни Ўзбекистон орқали депорт қилмоқчи
Фото: Depositphotos
Германия ҳукумати қочқин мақомини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган афғонларни Толибон билан тўғридан тўғри келишувларсиз ортга қайтариш учун Ўзбекистон билан музокаралар олиб бормоқда, дея Bloomberg хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, май ойининг охирида Германия ИИВ вазири Ненси Фезер буйруғи билан Германия делегацияси Тошкентга келиб, Ўзбекистон ҳукумати билан тегишли режа юзасидан музокаралар ўтказган.

"Немис делегацияси Ўзбекистон ҳукуматига махсус режа таклиф қилган бўлиб, бу режа Германиянинг Афғонистондан келган номзодларни чартер рейслар ёрдамида Тошкентга етказиш имконини бериши мумкин. Бу Германиянинг “Толибон” ҳукумати билан тўғридан тўғри мулоқот қилишини талаб қилмайди", — дейилади хабарда.

Германия делегацияси Тошкентдан қайтиб, музокаралар самарали ўтганини ва Ўзбекистон ҳукумати ёрдам беришга ваъда берганини маълум қилган.

Ўзбекистоннинг талаблари

Нашрга кўра, Ўзбекистон мамлакатдан Германияга малакали кадрлар боришини тартибга солувчи расмий миграция келишувини имзолашни илгари сурган. Бундай келишув устида бир неча ойлардан бери иш олиб борилмоқда. Германия федерал ҳукуматининг миграция келишувлари бўйича махсус вакили Ёахим Штамп музокараларни давом эттириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда.

Германиядан муҳожирларни депорт қилиш масаласи

Германияда бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларни чиқариб юбориш зарурати афғон фуқароси май ойининг охирида Мангеймда исломни танқид қилувчи ташкилот митингига ҳужум қилиб, ўлим ҳолати келиб чиққанидан кейин яна кун тартибига қайтган эди.

"Агар жиноятчилар Сурия ёки Афғонистондан келган бўлса ҳам, улар депорт қилиниши керак", — дея таъкидлаган Германия канцлери Олаф Шольц.

Ҳозирда Германияда яшовчи 13 мингга яқин афғон ватанига қайтишга мажбур бўлиши мумкин, лекин кўпларининг статуси оила ажралишига олиб келиши ёки афғонистондаги хавфли вазият туфайли ҳозирча уларни депортация қилиш мумкин бўлмаган деб ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германия афғонларни Ўзбекистон орқали депорт қилмоқчи