23:22 / 23.06.2024
366

“Ҳизбуллоҳ” Байрутдаги аэропортда Эрон қуролларини сақламоқда

“Ҳизбуллоҳ” Байрутдаги аэропортда Эрон қуролларини сақламоқда
Фото: Ап Photo
“Ҳизбуллоҳ” Байрутдаги фуқаролик аэропортида Эроннинг катта миқдордаги қурол, ракета ва портловчи моддаларини сақламоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, The Telegraph хабар берди.

Аэропортда “Фалақ” бошқарилмайдиган артиллерия ракеталари, қисқа масофали “Фатеҳ-110” ракеталари, мобил баллистик ракеталар ва 150 дан 200 милгача масофани босиб ўта оладиган М-600 ракеталари бор деб тахмин қилинмоқда. Шунингдек, АТ-14 Корнет танкка қарши ракета тизими, лазер ёрдамида бошқариладиган танкга қарши ракеталар (АTGM), катта миқдорда Burkan қисқа масофали баллистик ракеталари ҳамда портловчи моддалар бор.

Маълумотларнинг ошкор этилиши Байрутдан атиги тўрт мил узоқликда жойлашган Рафик Ҳаририй аэропорти асосий ҳарбий нишонга айланиши мумкинлигидан қўрқувни кучайтирди.

Бу ўта жиддий ҳолат, Эрондан тўғридан-тўғри рейсларда келаётган сирли катта қутилар вазият ёмонлашганидан далолатдир", — дейди анонимлик шарти билан аэропорт ишчиларидан бири. У аэропортга ҳужум қилинса, портлаш катта зарар келтириши мумкинлигини қайд этган.

"Байрут дунёдан узилиб қолади, қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Аэропортда фалокат содир бўлиши фақат вақт масаласидир", — дейди у.

Бошқа бир манба ҳам худди шундай фикр билдирмоқда.

Агар текшириш мумкин бўлмаган маҳсулотларни келтиришда давом этишса, портлашдан ёки Исроилнинг бу товарларни бомбардимон қилишидан ўлиб кетишимга ишонаман. Бу фақат бизга эмас, оддий одамларга, Байрутга кириб-чиқаётган ва таътилга кетаётганларга ҳам тегишли. Агар аэропорт бомбардимон қилинса, Ливан тамом бўлади”, — аэропорт ходими.

Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида эҳтимолий уруш хавфи

Аввалроқ Исроил армияси Ливанга бостириб кириш режасини тасдиқлаганди. Яҳудий давлатининг ташқи ишлар вазири Исроил Катз мамлакат “Ҳизбуллоҳ” ва Ливанга қарши “ўйин қоидаларини ўзгартириш вақтига яқин” эканини айтган. Шундан сўнг, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи раҳбари Ҳасан Насруллоҳ тўлақонли уруш бўлса, Исроилда “ҳеч қандай жой” қолмаслигидан огоҳлантирган.

"Исроил бизни қуруқликда, денгизда ва ҳаводан (ҳужум қилишимизни) кутиши керак. Душман ҳақиқатан ҳам қаршилик Исроил шимолидаги Галилеяга (Ливан билан чегарадош ҳудуд) кириб келишидан қўрқади. Ливанни урушга мажбурлаш контекстида бу амалга ошиши мумкин", — деган “Ҳизбуллоҳ” етакчиси.

У Исроил “қўрқиши” керак бўлган томон экани, “Ҳизбуллоҳ” Исроил билан қаршилик бошланган октябрь ойидан бери қуролларининг фақат “бир қисмини” қўллаганини айтган.

"Биз янги қуролларга эга бўлдик. Айрим қуролларимизни такомиллаштирдик, бошқаларини келгуси кунларга сақлаб қоламиз. Йиллар олдин 100 минг жангчи ҳақида гапирган бўлсак, ҳозирда бу рақамдан анча ошиб кетдик", — деган у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Ҳизбуллоҳ” Байрутдаги аэропортда Эрон қуролларини сақламоқда
ePN