14:09 / 26.06.2024
953

Жан-Клод Ван Даммнинг мушакдор қизи қандай кўринишга эга?

Жан-Клод Ван Даммнинг мушакдор қизи қандай кўринишга эга?
Унинг отаси энг хавфли жанговар фильмларнинг юлдузи эди, қизи ҳам ўзини хафа қилишларига йўл қўймайди.

Ван Варенберг фамилияси кенг оммага бирор кимни эслатиши даргумон. Шундай исмли белгиялик бодибилдер ва жанг санъати устаси Голливудни забт этишга йўл олади ва ўзига осонроқ талаффуз қилинадиган тахаллус олади — Ван Дамм. Аммо унинг қизи Бянка ҳақиқий фамилиясида қолишни хоҳлайди — у карьерасини туғилганида олган фамилияси билан бошлаган. Гарчи бугунги кунда у Бянка Ван Дамм сифатида танилган бўлса ҳам — барибир отасининг шон-шуҳратидан қочиб қутула олмайди. Аммо Бянка ундан ўзиб кетиш ниятида.

"Отамдан ўзиб кетиш қийин бўлишини тушунаман. У жуда катта фигура. Лекин мен ҳаракат қиламан".

Афтидан 1990 йил 17 октябрда Лос-Анжелесда туғилган Бянканинг тақдири машҳур жанг санъати спортчиси ёки ҳеч бўлмаганда бодибилдер бўлишга мўлжалланганди.

Унинг отаси каратэ ва кикбоксинг бўйича Европа чемпиони бўлган, 55 та жангнинг 53 тасида ғалаба қозонган ва “Брюсселлик мушакдор” лақабини олган. Онаси Гледис Португуз ҳам машҳур бодибилдер эди. Бянканинг иккита укаси бор: каттаси Кристофер ва кичиги Николай.

Бянка танани чиниқтириш муҳитида улғайган, у жанг санъатини ёмон кўришини тан олади ва спорт билан шуғулланишни қатъиян рад этади. Ота-онасига қарши чиққандек, у болалигидан завқланган балет ва фигурали учишни танлайди. Гарчи онаси унда интизомни ривожлантириш учун жанг санъатига юборишга ҳаракат қилган бўлса-да, у охир-оқибат қизига ўзи қарор қилишига рухсат беради.

Ўсмирлик чоғида Бянка конкида учишга қизиқарди — ўша пайтда оила эндигина Ванкуверга кўчиб ўтганди. Қиз шу қадар қатъиятли эдики, у ҳатто Олимпия ўйинларида қатнашишни хоҳлайди, аммо олган жароҳати улкан режаларини барбод қилади.

"Бир мунча вақт ўзимни қотиб қолгандек ҳис қилдим. Бутун ҳаётим конкида учиш билан боғлиқ эди. Энди унинг ўрнига янги машғулот топишим керак эди".

Кейин Бянка тўсатдан жанг санъати билан шуғулланишга қарор қилади ва отаси билан машғулотларни бошлайди. Шу билан бирга 2008 йилда у билан “Махсус топшириқ” фильмида рол ўйнайди. Аввалига у бу фаолиятга кўпроқ ҳобби сифатида қарайди, лекин тез орада кино ҳам, кураш ҳам унинг асосий ишига айланади.

Қиз жанговар фильмларда актриса сифатида намоён бўлади, турли лойиҳалар учун продюсер ва сценарий муаллифи сифатида ишлайди ва, албатта, мунтазам равишда машқ қилишни унутмайди. Отаси услубида “шпагат” очиши уни машҳур қилади.

"Мен қизларга жисмонан кучли бўлиш билан бир қаторда, назокатли бўлиш мумкинлигини кўрсатмоқчиман. Сиз кечки овқат столида оёқларингизни чиройли тарзда бирлаштириб ўтиришингиз, шу билан бирга, шилқимлик қилганнинг орқасига ўхшатиб тепишингиз ҳам мумкин. Отам жанг санъатини авлодлари учун машҳур қилди ва мен бу меросни давом эттирмоқчиман".

Аммо Бянканинг машҳур отаси билан муносабатлари ҳар доим ҳам яхши бўлмаган. Унинг болалигида Ван Дамм номи билан боғлиқ бир қатор жанжаллар содир бўлади: Бянканинг онаси билан шов-шувли ажрашишдан тортиб, машҳур актёр ва спортчининг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган ҳолда қўлга олинишигача.

"Муносабатларимиз, албатта, кўтарилиш ва пасайишларга дуч келди, аммо ҳозир ҳаммаси яхши. Суҳбатлашиб турамиз, лекин қўнғироқ қилиб, “Дадажон, келинг, бирга овқатланиб, гаплашиб ўтирамиз”, деёлмайман. Биз спорт залига боришни, машқ қилишни афзал кўрамиз. Мен ҳеч қачон отамнинг кичкина маликаси бўлмаганман".

Машғулот пайтида Бянка 90 йилларнинг яна бир машҳур актёри Долф Лунгреннинг меросхўри — Ида билан бирга тайёргарлик кўради. Иккала қиз ҳам бир вақтлар рингда шериклар бўлган ва дўстона муносабатларни сақлаб қолган. Аммо Бянканинг шахсий ҳаёти ҳақида кўп нарса маълум эмас.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жан-Клод Ван Даммнинг мушакдор қизи қандай кўринишга эга?