13:30 / 28.06.2024
75

АҚШ чеченистонлик ҳакерни Украина давлат сайтларига ҳужумда айблади

АҚШ чеченистонлик ҳакерни Украина давлат сайтларига ҳужумда айблади
Фото: AP
АҚШнинг Мэриленд штатидаги судялар ҳайъати 22 ёшли Россия фуқароси Амин Стигални Украина ва унинг иттифоқдошлари, жумладан, АҚШдаги бир нечта давлат идоралари компютер тизимларига бузиб киришга уринганликда айблади. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлигининг 26 июн, чоршанба куни чоп этилган пресс-релизида айтилади.

Адлия вазирлиги матнига кўра, Стигал Россия ҳарбий разведкаси («ГРУ») билан Россиянинг Украинага тўлиқ ҳужуми бошланишидан бир ой кўпроқ вақт олдин тил бириктирган. Стигал айбланаётган Украина IT-тизимларига ҳужум 2022 йил 14 январга ўтар кечаси содир бўлган. WhisperGate зарарли дастури ёрдамида Украина ҳукумати, Ташқи ишлар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Аграр сиёсат вазирлиги, Фахрийлар ишлари вазирлиги веб-сайтлари, шунингдек, давлат ғазначилиги ва давлат хизматлари веб-сайтларига ҳужум қилинган. Кейинчалик, прокуратуранинг фикрича, Стигал Украина иттифоқчилари тизимларига ҳужум қилган.

Киберҳужумнинг асл мақсади нима эди?

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, вирус тўлов дастури сифатида намоён бўлган, лекин аслида маълумотни йўқ қилиш учун яратилган. Бузиб кирилган баъзи сайтларда рус, украин ва поляк тилларида эълон пайдо бўлиб, унда Украина фуқароларининг шахсий маълумотлари ўғирлангани ва интернетга жойлаштирилгани айтилган. «Сиз ҳақингизда барча маълумотлар оммага ошкор бўлди, қўрқинг ва энг ёмонини кутинг, бу сизнинг ўтмишингиз, ҳозирингиз ва келажагингиз учун», дейилади матнда.

Шундан сўнг Украина хавфсизлик хизмати («СБУ») фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ўғирланмаганини маълум қилди. Бундан ташқари, Стигалга қарши айблов хулосасига кўра, инфратузилмага ҳужум қилган дастур маълумотни ўғирламаган. Айблов хулосасига кўра, WhisperGate аслида мақсадли компютер ва унга тегишли маълумотларни бутунлай йўқ қилиш учун мўлжалланган киберқурол ҳисобланади.

АҚШ ҳакер ҳақидаги маълумот учун 10 млн доллар тўлашга тайёр

АҚШ Адлия вазирлигининг аниқлик киритишича, Стигал қўлга олиниб судланган тақдирда максимал тарзда беш йилга қамалиши мумкин. Унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилинди. «Айблов хулосаси қайтарилиши билан бир вақтда, АҚШ Давлат департаментининг «Адолат учун мукофот» дастури Стигалнинг қаерда эканлиги ёки унинг зарарли киберфаолияти ҳақида маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот таклиф қилмоқда», дейилади ҳужжатда.

Федерал тергов бюроси (ФТБ) маълумотларига кўра, =акер рус, инглиз ва араб тилларини билади ва унинг «Доғистон Республикасида алоқалари бор».

АҚШда россиялик ҳакерлар ушланиши учун мукофотлар эълон қилиниши тизимли бўлиб боряпти

АҚШ Адлия вазирлиги вақти-вақти билан Россия фуқароларини ҳукумат тизимларига ҳужум қилганликда айблаб, уларга сиртдан айбловлар қўяди. Аввалги шунга ўхшаш ҳодиса январ ойи ўрталарида, Россияга алоқадор, Nobelium номи билан ҳам танилган Midnight Blizzard ҳакерлар гуруҳи Microsoft корпоратив тизимларига, жумладан, компания раҳбарияти электрон почта аккаунтларига ҳужум қилганида содир бўлган эди.

Ғарбда Midnight Blizzard гуруҳи Россия ташқи разведка хизмати («СВР») билан алоқадор сифатида кўрилади, деб таъкидлади Microsoft. Унинг маълумотларига кўра, ҳакерлар камида 2018 йилдан бери жосуслик ва разведка билан шуғулланган. Компания Midnight Blizzard нишонларини АҚШ ва Европадаги «ҳукуматлар, дипломатик муассасалар, нодавлат ташкилотлар ва IТ-хизмат провайдерлари» деб атади.

Ғарб россиялик ҳакерлар томонидан амалга оширилган ҳужумлар, шунингдек, уларга қарши курашиш чоралари ҳақида бир неча бор хабар берган. 2023 йил декабр ойи бошида АҚШ ва Британия «ФСБ» ходими» Руслан Перепятко ва «сиктивкарлик IT-ходим» Андрей Коринецга қарши санкциялар жорий қилди. Вашингтон уларни нишони «АҚШ давлат идоралари» бўлган «зарарли киберфаолият» билан шуғулланган 18-марказ ишида иштирок этишда айблади. Улар ҳақида маълумот учун ҳам 10 миллион доллар мукофот таклиф қилинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ чеченистонлик ҳакерни Украина давлат сайтларига ҳужумда айблади