21:53 / 01.07.2024
390

Украина хавфсизлик хизмати ҳукуматни ағдаришни режалаштирган гуруҳни фош этди

Украина хавфсизлик хизмати ҳукуматни ағдаришни режалаштирган гуруҳни фош этди
Фото: “life.ru”
Украина хавфсизлик хизмати 1 июль куни Киев ҳукуматини ағдаришни режалаштирган гуруҳни фош этган. Бу ҳақда Украина маҳаллий нашрлари тарқатган хабарларга асосланиб, “ТАСС” хабар берди.

Хавфсизлик хизмати баёнотига кўра, ҳибсга олинганлар Украинадаги ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш ва ҳукуматни ўзгартиришни режалаштирган. Тўнтариш ташкил этиш ва унинг миқёсини кенгайтириш учун хорижий оммавий ахборот воситалари билан алоқа ўрнатишга интилган.

Ҳибсга олинганлар мамлакат ҳарбий-сиёсий раҳбариятини ағдариш ва Олий Рада биносини эгаллаб олишга тайёргарлик кўрган. Хавфсизлик хизмати ошкор қилинмаган манбалар орқали гуруҳ ҳақида олдиндан маълумотга эга бўлган.

Жиноий гуруҳ Киев марказида тартибсизлик ташкил этишни мақсад қилган. Уларнинг режасига кўра, шаҳар марказий майдонида ғалаён ташкил этилиши, ҳукумат ағдарилган деб эълон қилиниши ва сўнгра стратегик объектлар эгалланиши керак эди. Ҳужум дастурида парламентни штурм қилиш режаси ҳам бўлган.

Жиноий уюшма Киев, Днепр ва бошқа вилоятлардан жамоат фаолларини жалб қилган. Ҳукуматга мухолиф шахсларни мамлакат марказида тўплаш режа қилинган. Тинч аҳоли вакилларини намойишларга кўтариш учун ижтимоий тармоқларда пропаганда каналлари ташкил этилган.

Украина хавфсизлик хизмати неча киши ҳибсга олингани ва уларнинг шахсини ошкор қилмаган. Қўлга олинганлар 10 йилгача панжара ортида қолиши ва мол-мулки мусодара қилиниши мумкинлигини маълум қилинган.

Расмийлар ҳодиса юзасидан текширув ҳали давом этишини билдирган. Киевдаги бир қатор давлат мансабдорлари фош қилинган гуруҳ Россия билан алоқадор эканлигини иддао қилган. Тергов якунида мудофаа маъмурияти махсус баёнот бериши айтилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина хавфсизлик хизмати ҳукуматни ағдаришни режалаштирган гуруҳни фош этди