13:40 / 02.07.2024
203

Венгрия бош вазири уруш бошланганидан бери биринчи марта Украинага келди

Венгрия бош вазири уруш бошланганидан бери биринчи марта Украинага келди
Архив фото: Reuters
Венгрия бош вазири Виктор Орбан 2 июль куни Украина президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказиш учун Киевга келди. Бу ҳақда Венгрия ҳукумати раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Орбан ва Зеленский тинчликка эришиш имкониятларини ҳамда Венгрия-Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатлардаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ниятида. Бу венгриялик сиёсатчининг 2022 йил февралида уруш бошланганидан бери Украинага биринчи ташрифидир. Шу билан бирга, яқинда Орбан ва Зеленский Брюсселдаги Евроиттифоқ саммитида қисқа музокаралар олиб борган. Венгрия Европа Иттифоқи кенгашига 1 июлдан 2024 йил охиригача бошчилик қилади.

Венгрия Украинага ёрдам бермоқчи эмас

Литва Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Венгрия Европа Иттифоқининг Украина бўйича қарорларининг 41 фоизини блокировка қилган ёки шундай қилишда давом этмоқда. Шу тариқа, Будапешт ҳозирда Киевга Евроиттифоқ жамғармасидан жами 6,6 миллиард евро миқдоридаги ҳарбий ёрдам ажратишдан бош тортган.

Орбан Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар бошланишига “рози эмас”лигини айтган. У ўзини Украинада тезроқ тинчликка эришиш тарафдори деб билади. Ўз позицияси доирасида сиёсатчи бир неча бор Киевга қурол-яроғ етказиб берилишига қарши чиққан ва Москвадан санкцияларни бекор қилиш тарафдори бўлган.

Икки томонлама муносабатлар

Украина ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар 2017 йилда Украинада таълим тўғрисидаги янги қонун қабул қилингандан сўнг ёмонлашди. Будапешт маълумотларига кўра, миллий озчиликлар мактабларида бошланғич мактабдан кейин ўқитиш тилини украина тилига ўзгартириш қоидаси Закарпатиядаги венгерларнинг ҳуқуқларини чеклайди.

Декабрь ойида Зеленский Олий Рада томонидан қабул қилинган миллий озчиликларнинг тил ҳуқуқларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини имзолади. Бироқ Венгрия расмийлари бу етарли эмас деб ҳисоблайди.

Ушбу масалани ҳал этиш Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сияртонинг 29 январь куни Украинага ташрифи доирасидаги асосий мавзулардан бири бўлди. Ўшанда Сиярто ва унинг украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба шу мақсадда ҳукуматлараро махсус комиссия тузишга келишиб олди.

Орбандан ташқари деярли барча Европа Иттифоқи етакчилари Киевга 2022 йил 24 февралдан кейин ташриф буюрганди. Аммо у ва Австрия канцлери Карл Нехаммер ўшандан бери Путин билан учрашган ягона Европа Иттифоқи етакчилари бўлди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Венгрия бош вазири уруш бошланганидан бери биринчи марта Украинага келди