17:03 / 02.07.2024
100

Исроил июль ойида Ливанда ҳарбий операция бошлаши мумкин

Исроил июль ойида Ливанда ҳарбий операция бошлаши мумкин
Фото: DPA
Исроил июль ойининг иккинчи ярмида Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қарши ҳарбий операция бошлаши мумкин. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Bild хабар берди.

Ғарб дипломатлари Ливан жанубидаги ҳарбий операция “июль ойининг учинчи ёки тўртинчи ҳафтасида” бошланиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Исроил-Ливан чегарасидаги вазият 2023 йил октябрь ойида Ғазо секторида Исроил ҳарбий амалиётлари бошланганидан кейин ёмонлашди.

Исроил армияси ва “Ҳизбуллоҳ” жангчилари чегарадаги ҳудудларда ҳар куни бир-бирларининг позицияларига ўқ узмоқда. Ливан Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг ўққа тутилиши оқибатида Ливан жанубида 100 мингга яқин одам уйини тарк этишга мажбур бўлган. Исроил томони худди шундай вазиятга тушиб қолган 80 мингга яқин аҳолиси ҳақида хабар бермоқда.

Бир қатор давлатлар аллақачон ўз фуқароларини Ливанни тарк этишга ёки вақтинча у ерга боришдан тийилишга чақирган. Булар Канада, Германия, Нидерландия, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Австралия, Иордания, Ирландия, Шимолий Македония ва Қувайтдир.

18 июнь куни Исроил мудофаа кучлари Ливанга ҳужум қилиш учун жанговар режалар тасдиқланганини эълон қилди. Шундан сўнг, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи раҳбари Ҳасан Насруллоҳ тўлақонли уруш бўлса, Исроилда “ҳеч қандай жой” қолмаслигидан огоҳлантирди.

26 июнь куни эса Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Исроил Ливанни “тош даврига қайтариши” ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати билан юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай конфликтда жиддий зарар келтириши мумкинлигини айтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил июль ойида Ливанда ҳарбий операция бошлаши мумкин