18:07 / 08.07.2024
701

Россия Киев бўйлаб ёпирилма зарба йўллади (фото)

Россия Киев бўйлаб ёпирилма зарба йўллади (фото)
«Охматдет» болалар шифохонасида Россия ракета зарбасидан кейин беморларни кўтариб ўтирган аёллар
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

8 июл тонгида Россия қўшини Киев ҳамда Украинанинг бошқа шаҳарлари бўйлаб ёпирилма ракета зарбаси йўллади. Сўнгги маълумотларга кўра, Киевда 17 киши ҳалок бўлиб, 41 киши жароҳатланган, деб хабар қилди Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко.

Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ишлаган, дея хабар беради шаҳар ҳарбий маъмурияти. Маъмурият маълумотига кўра, уриб туширилган ракета парчалари Соломенский, Днипровский, Дарницкий, Святошинский, Деснянский, Шевченково ва Голосеевский районларига тушган.

Шаҳар ҳарбий маъмуриятига кўра, Соломенский районида офислар биноси ҳужумга учраган, кўп қаватли бинонинг икки қавати шикастланган, 1500 квадрат метр майдонда вайронгарчиликлар қайд этилган. Бу ерда етти киши ҳалок бўлган. Расмийлар Голосеевский районида парчалар турар жой атрофига тушиб, гаражга зарар етказгани, автомобиллар ёниб кетгани, Днепровскийрайонида қурилаётган бинода ёнғин чиққани, Дарницкийда хусусий уй зарбага учрагани, Деснянскийда — уйлардан бири ёниб кетгани, Святошинский районида турар жой биноси атрофида ва корхоналардан бирида ёнғин чиққани ҳақида хабар беришган.

Киев, 2024 йил 8 июл
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA


Киевдаги турар жой биноларидан бири ракета зарбасидан кейин, 2024 йил 8 июл
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA


Тиббиёт ходимлари Киевдаги ракета зарбасидан жабрланганларга ёрдам кўрсатмоқда, 2024 йил 8 июл
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

Киевнинг Шевченково районида кўп квартирали турар жой шикастланган, деб хабар берган шаҳар раҳбари Виталий Кличко. Бир неча подъезд шикастланган, улардан бири тўлиқ қулаб тушган. Уйда яшовчилар эвакуация қилинган.

Киевда ракета зарбаси оқибатида Голосеевский ва Шевченково районларида учта трансформатор нимстанциялари, шунингдек электр тармоқлари тўлиқ вайрон бўлган ёки шикастланган, деб хабар беради ДТЭК энергетика компанияси. «Энергетиклар жойида ишламоқда. Уйларнинг кўпчилигига яқин вақтлар ичида захира манбалари ҳисобига электр етказиб берилади», — дейилади компания хабарида.

Россиянинг ТАСС агентлиги гувоҳларга таянган ҳолда Киевнинг Жуляни аэропорти ҳудудида ҳам портлаш овозлари эшитилгани ва «Артём» ҳарбий заводи зарба остида қолгани ҳақида хабар берган. РФ мудофаа вазирлиги ҳозирча бунга муносабат билдирмади.

Виталий Кличко ракеталардан бири Шевченково районидаги болалар шифохонаси биносига келиб урилганини маълум қилди. «Охматдет» болалар шифохонаси бўлимларидан бири шикастланган (шифохона олдин ҳам зарбага учраганди). «Охматдет»да иккита жарроҳлик амалиёти ўтказилаётган бўлган бўлим вайрон бўлган.

Украина соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшко «Охматдет»да қурбонлар борлигини хабар қилган. Украина ФВДХ маълумотига кўра, «Охматдет»га зарба оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган. Вазирнинг сўзларига кўра, ракета онкологик касалликка чалинган болалар диализ олаётган корпусга келиб тушган. Жонлантириш, жарроҳлик ва онкология бўлимлари шикастланган. Бинода харобаларни тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Россия ракетаси келиб урилган бинодаги беморлар шаҳардаги бошқа тиббиёт муассасаларига эвакуация қилинмоқда. Беш нафар бола қайта ётқизиш учун олиб кетилган, дея хабар берган шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко.

«Охматдет»да харобаларни тозалаш ишлари
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA


Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Украина президенти офиси раҳбарининг коммуникация масалалари бўйича маслаҳатчиси Даря Заривна Киевдаги шифохона ўққа тутилиши оқибатида жабрланган болалардан бири акс этган фотосуратни эълон қилган.

Киевдаги шифохонага зарба берилиши оқибатида жароҳатланганлардан бири
РФ қўшини болалар шифохонасига «мақсадли» зарба берди, деган Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак. «Бу зарба тинч аҳоли устига йўлланди, инфратузилмалар бўйлаб зарба берилди, бутун дунё бугунги террор оқибатларини кўриши, бунга фақат куч билан жавоб қилиниши керак», — деган Ермак.

Украина президенти Володимир Зеленский шифохона харобалари остида одамлар қолиб кетгани, ҳозирча қурбонлар ва яраланганларнинг аниқ сони маълум эмаслигини айтган. «Ҳозирда барча харобаларни тозалашга ёрдам бермоқда: шифокорлар, оддий одамлар», — деган Украина президенти.

Россия ўз ракеталари қаерга учаётганини билмаслиги мумкин эмас ва ўзининг барча жиноятлари учун тўлиқ жавоб бериши керак: одамларга қарши, болаларга қарши, умуман бутун инсониятга қарши жиноятлари учун. Ҳозирда ҳар бир киши Россия қанақалиги ва у нималар қилаётганини кўриши учун дунё бу ҳақда жим турмаслиги жуда муҳим.

Украинанинг бошқа шаҳарлари ҳам зарба остида қолган. Днипропетровск областининг Днипро ва Кривий Риҳ, Херсон областининг Скадовск, Донецк областининг Краматорск шаҳарлари шулар жумласидан. Украин нашрлари Краматорскда Новокраматорск машинсозлик заводи ўққа тутилгани ҳақида ёзган.

Кривий Риҳда ёпирилма зарбалар оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, 31 киши жароҳатланган, деб хабар беради Кривий Риҳ мудофаа кенгаши раҳбари Олександр Вилкул. «Бир неча зарба келиб тушди. Жумладан — саноат корхонасининг маъмурий биносига. Оқибатларни бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда», — дея хабар қилган у.

Днипро ўққа тутилиши оқибатида кўп қаватли уй, корхона ва техник хизмат кўрсатиш станцияси шикастланган, деб хабар берган Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак. Унинг сўзларига кўра яраланганлар бор. Уларнинг сонига аниқлик киритилмаган.

Донецк области Покровск шаҳрида уч киши ҳалок бўлди, дея хабар қилган регион ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин. Унинг сўзларига кўра, ёпирилма ракета ҳужуми вақтида шаҳардаги корхоналардан бирига зарба келиб тушган. «Айнан унинг ҳудудида уч киши ҳалок бўлган», — дея хабар қилади Филашкин. У Донецк областидаги бошқа обшиналар ҳам ҳужумга учрагани, ҳозирча бу ҳудудлардаги талафот ҳақида маълумотлар келиб тушмаганини қўшимча қилган.

Россия қўшини Украина бўйлаб 40 дан ортиқ ракета учирган, дея аниқлик киритади Украина президенти Володимир Зеленский. «Россиялик террорчилар яна Украинага ракеталар зарбаси йўллади. Турли шаҳарларда: Киев, Днипро, Кривий Риҳ, Словянск, Краматорск. Турли типдаги 40 дан ортиқ ракета билан. Турар жойлар, инфратузилмалар ва болалар шифохонаси шикастланган. Имкон қадар кўпроқ одамни қутқариб қолиш учун барча хизматлар ҳаракатга келтирилган. Ва бутун дунё Россия зарбаларига ниҳоят барҳам бериш учун бор кучини ишга солиши лозим. Қотиллик — бу Путин келтирадиган нарса. Биз фақат биргаликда ҳақиқий тинчлик ва хавфсизлик келтиришимиз мумкин», — деган Зеленский.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Киев бўйлаб ёпирилма зарба йўллади (фото)
ePN