
Михаил Галузин. Фото: Спутник
Украинада тинчлик бўйича Киев томонидан ташкил этилаётган ва Москва расмийларини ҳам чақиришни режалаштираётган янги саммитда Россия иштирок этмайди. Бу ҳақда РФ ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин маълум қилган.
«Биз июн ойи ўрталарида Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида барбод бўлган саммитдан сўнг «ўзини оқлаб олмоқчи» бўлаётган ва худди шундай яна бир тадбир ўтказишга уринаётган Киев режими ва уларнинг ғарбдаги кураторлари ниятларидан бохабармиз», — деган Галузин.
Унинг сўзларига кўра, Россиядагилар «Мутлақ боши берк кўчадаги «Зеленский формуласи»ни беҳудага илгари сураётган аввалгидек оҳанглар»ни эшитиб, «Украина кризисини тартибга солиш бўйича бошқа ташаббусларнинг онгли равишда рад этилаётгани»ни кўриб туришибди.
«Биз бундай ултиматумларни қабул қилмаймиз ва бунақа «саммит»ларда иштирок эмаймиз», — деган Галузин ва тинчлик конференциясини «фирибгарликнинг намойиши» деб атаган.
Аввалроқ «РИА-Новости»нинг дипломатик манбаси Украина бўйича кейинги саммит Саудия Арабистонида ўтказилиши мумкинлигини хабар қилган эди.
Вазиятдан бохабар кишиларнинг Bloomberg’га маълум қилишларича, Украина иккинчи тинчлик конференциясини АҚШдаги сайловларгача ўтказмоқчи ва унга Россияни ҳам таклиф этмоқчи.
Саммитни АҚШдаги сайловларгача ўтказиб олишга уриниш Украина Оқ уйга Доналд Трамп қайтиши мумкинлигидан чўчиётганини кўрсатади. Трамп агар қайта сайланса ўзининг январ ойидаги инаугурация маросимигача урушга нуқта қўйишини ваъда қилган ва Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатилиши давом эттирилишига қарши чиққан, деб ёзади Bloomberg. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг