
Фото: РИА Новости
Давлат думаси депутатлари ноқонуний миграция билан боғлиқ жиноятларнинг барчасини оғир ва ўта оғир деб ҳисоблашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқди. Бу ҳақда Давлат думаси вице-спикери Ирина Яровая маълум қилган.
«Бугун биз бир ҳафта ичида барча ваколатли вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Давлат думаси депутатлари томонидан яратилган ва муҳим йўналишларни қамраб олган қонун лойиҳаси бўйича ўз фикрларини тақдим этишига келишиб олдик. Улардан бирига кўра, биз ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ барча жиноятларни оғир ва ўта оғир тоифага киритамиз», — деган Яровая.
Аввалроқ Россия Давлат думаси РФ Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва мигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилиши учун асос бўладиган ҳуқуқбузарликларнинг кенгайтирилган рўйхати тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган эди.
Бундай ҳуқуқбузарликлар сирасига полиция ва бошқа кучишлатар тизимлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, миграцион ҳисобга олиш вақтида сохта маълумотлар тақдим этиш, кичик безорилик, «нацистик атрибутика ва экстремистик ташкилотларнинг рамзлари»ни пропаганда ва омма олдида намойиш қилиш кабилар киритилмоқда.
Бундан ташқари, рўйхатга ўқотар қуролдан ўрнатилган қоидаларга хилоф равишда ўқ узиш, «аудиовизуал сервислар орқали террористик ва экстремистик фаолиятга чорловчи» материалларни тарқатиш каби қонунбузарликлар киритилган. Бир қатор ҳуқуқбузарликлар учун агар қоидабузарнинг мамлакатда бўлиб туриши «исталмас» деб топилса, суд қарорисиз оператив тарзда мамлакатдан чиқариб юбориш жорий этилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар