14:44 / 19.07.2024
151

Россияда америкалик мусиқачи 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Россияда америкалик мусиқачи 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Фото: AP
Москванинг Хамовнический туман суди АҚШ фуқароси Майкл Трэвиса Ликни «гиёҳванд моддаларни йирик миқдорда сотишда» айблаб, 13 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда 18 июл, пайшанба куни Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати хабар берди.

Россия прокуратураси америкалик «собиқ десантчи ва мусиқачи» деб атайдиган Лик 2023 йил июнида ҳибсга олинган. У «ёшларга гиёҳванд моддаларни сотишни уюштирганликда» айбланган. Мусиқачининг хонадонига қуролланган хавфсизлик кучлари киргани акс этган унинг ҳибсга олиниши тасвирлари Россия оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилди. Сўроқ пайтида Лик шундай деди: «Мен айблашаётган нарсага ишонмайман».

Майкл Трэвис Лик - «Лови ночь» рус гуруҳининг вокалчиси. Маълум қилинишича, у Россия Федерациясида бир нечта мусиқий гуруҳлар, жумладан Louna, «Слот» ва «Тараканы!»нинг продюссери бўлган. CNN маълумотларига кўра, Лик кўп йиллардан бери Россияда яшайди.

У билан бирга суд мусиқачининг таниши Вероника Грабанчукни ҳам айбдор деб топди. У саккиз йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилинди.

Россияда америкаликларга қарши жиноий ишлар

Сўнгги йилларда Россияда АҚШ фуқароларига нисбатан жиноий иш қўзғатилиши тобора кўпайиб бормоқда. Хусусан, 18 июл, Ликка ҳукм чиқарилган куни Екатеринбургда америкалик журналист Эван Гершкович иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. The Wall Street Journal мухбири 2023 йил март ойида қўлга олинган. У Москвадаги Лефортово суди қарори билан «жосуслик» иши бўйича ҳибсга ташланди. Гершкович Совуқ уруш тугаганидан кейин Россияда шундай айбловлар билан ҳибсга олинган биринчи хорижлик мухбир бўлди.

«ФСБ» маълумотларига кўра, журналист «Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган». Гершковичнинг ўзи ҳам, WSJ ҳам бу айбловларни рад этади, Оқ уй эса уларни «бемаъни» деб атади. Россияда журналист 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

17 июн куни WSJ Гершкович ва Россияда жосусликда айбланган яна бир америкалик - Пола Уилан Словенияда фош этилган рус жосуслари - эр-хотин Артем ва Анна Дулцеваларга алмаштирилиши мумкинлигини ёзди. Улар Словенияда жосусликда айбланиб, саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши эҳтимоли бор.

Бундан ташқари, 2022 йил декабр ойида Қўшма Штатлар америкалик баскетболчи Бритни Грайнер озод этилишини таъминлади. Россияда у «гиёҳванд моддалар контрабандаси» учун тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, аммо кейинчалик улар спортчини Қўшма Штатларда қурол савдосида айбдор деб топилган россиялик Виктор Бутга алмаштиришга рози бўлишди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда америкалик мусиқачи 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди