13:40 / 25.07.2024
284

Чиқинди йиғиб сотуви касал бола хитойликларни таъсирлантирди (видео)

Чиқинди йиғиб сотуви касал бола хитойликларни таъсирлантирди (видео)
Хитой ижтимоий тармоқларида 13 яшар бола ўзи ва 65 ёшли амакисини боқиш учун ахлат орасидан пластик қути ва бутилкаларни териб юргани тасвирланган видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ота-онасидан эрта ажралган Юань Люшо исмли бу бола ҳақидаги ҳикоя South China Morning Post нашрида хабар қилинди, деб ёзади “Правила жизни” нашри.

Фото: South China Morning Post
Болакай битта буйрак билан туғилган. Унинг отаси уч ёшлигида вафот этган, Юаннинг онаси эса уни ташлаб кетган. Аммо Юань бунда онасини айбламайди, чунки у аёл эпилепсия (тутқаноқ) дан азият чекар ва фарзандига етарли даражада ғамхўрлик қилолмасди. Шу сабаб Юань 4 ёшидан буён Хитойнинг Хэнань провинциясида амакиси билан бирга яшаб келмоқда.

2019 йил декабрь ойида болага уремия касаллигининг сўнгги босқичи ташхиси қўйилди. Бу хасталик организмда заҳарли моддалар тўпланиб қолиши натижасида оғир турдаги буйрак етишмовчилиги билан ривожланади.

Фото: South China Morning Post
Юаннинг амакиси ҳам даволанишга муҳтож, шунинг учун иккиси маҳаллий касалхоналардан бирига ётқизилган. У ерда Юань тўрт йилдан бери ҳафтасига уч марта диализ терапияси (қондаги ортиқча сув ва токсинларни сунъий равишда чиқариб ташлаш жараёни) дан ўтади. Маҳаллий ҳокимият органлари таъкидлашича, давлат бюджети томонидан боланинг даволаниши учун зарур бўлган 300 минг юандан (ўртача 40 минг АҚШ доллари) 280 минги тўлаб берилган.

Фото: MSN
Бироқ афсуски, давлат томонидан берилган моддий ёрдам Юань ва унинг амакиси даволанишига етмасди. Улар шу вақтгача фақат 600 юан (82 доллар) миқдордаги нафақа пулига кун кўради. Шу сабабли хаста бола ахлат йиғиш ва топилган пластик, шиша идишларни сотиш орқали пул топишга мажбур бўлди. Бу ишидан болакай кунига 10 юан (1,3 доллар) ишлаб топади.

Кунларнинг бирида Юанни Douyin (TikTok’нинг хитойча версияси) платформасида 1,8 миллион обуначиси бўлган блогер Cаicаi’ни кўчада кўриб қолди. Блогер бола билан суҳбатлашиб, унинг аҳволи ҳақида маълумот олди ва саҳифасига Юань ҳақидаги видеони жойлади:

Унинг видеоси саккиз миллиондан ортиқ томоша қилинди. Бунинг натижасида фойдаланувчилар даволаниш учун зарур бўлган маблағни тўлиқ йиғишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, баъзилар касалхонага овқат буюртма қила бошлади. Шифокорлар эса ҳозирда Юань учун буйрак донори изламоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Чиқинди йиғиб сотуви касал бола хитойликларни таъсирлантирди (видео)