14:05 / 29.07.2024
89

Исроил: «Ҳизбуллоҳ»га урушнинг олдини олиш учун «сўнгги имконият» берилади

Исроил: «Ҳизбуллоҳ»га урушнинг олдини олиш учун «сўнгги имконият» берилади
Фото: Ohad Zwigenberg/AP/picture alliance
Исроил «Ҳизбуллоҳ» кучларини Ливан жанубидан олиб чиқишни талаб этиб, акс ҳолда кенг кўламли уруш бошланиши билан таҳдид қилди. Бу ҳақда 28 июл, якшанба куни X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида Исроил ТИВ вакили Орен Марморштейн ёзди.

Унинг постининг бошланиши 27 июл куни Исроил назоратидаги Жўлан тепаликлари шимолий қисмидаги Маждал Шамс қишлоғи ўққа тутилишига бағишланган. Охирги маълумотларга кўра, ушбу ҳужум оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти футбол майдонида ўйнаётган болалар ва ўсмирлардир. Исроил ҳужумда Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини айблади. Унинг вакиллари бу айбловни рад этишди, аммо тўртта зарба учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишди, жумладан, футбол майдонидан 3 км узоқликдаги Ҳермон тоғи ёнбағирида ҳарбий штабга.

Марморштейннинг айтишича, Эрон «Ҳизбуллоҳ», шунингдек, ҲАМАС Фаластин ҳаракати ва Яман ҳусийчилари ортида турибди ҳамда жаҳон ҳамжамиятидан уни жавобгарликка тортишни талаб қилди. Хусусан, у Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусини террорчи ташкилот деб эълон қилишга, Эронга қарши «ҳалокатли санкциялар» қўйишга, «Ҳизбуллоҳ»ни террорчи ташкилот деб эълон қилишга ва «уни болаларнинг даҳшатли қирғинлари учун тўлиқ жавобгарликка тортишга» чақирди.

«Исроил ўзини ҳимоя қилиш ва қирғинга жавоб бериш ҳуқуқи ва масъулиятидан фойдаланади, - деди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги вакили. - Ливан учун ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган кенг кўламли урушнинг олдини олишнинг ягона йўли - «Ҳизбуллоҳ»ни БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1701-резолюциясини бажаришга мажбур қилишдир. Ҳозир буни дипломатик йўл билан бажариш учун охирги дақиқа».

2006 йил 11 августда БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган 1701-резолюция «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасидаги ўша пайтда яна авж олган жангларни юмшатишга қаратилган эди. Ҳужжат, хусусан, Ливаннинг жанубидаги Литани дарёси ва ушбу мамлакатни Исроилни ажратиб турувчи «мовий чизиқ» ўртасидаги ҳудудни «ҳар қандай қуролли ходимлар, кучлар, жиҳозлар ва қуроллардан» тозалашни талаб қилади.

ЕИ ва АҚШ Жўланнинг ўққа тутилишини қоралади

Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррел Маждал Шамсдаги «қонли қирғин»ни кескин қоралади. «Ушбу қабул қилиб бўлмайдиган ҳодиса юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказилиши керак. Биз барча томонларни максимал даражада вазминлик кўрсатишга ва янада кескинлашмасликка чақирамиз», - деди Боррел баёнотида. У футбол майдонидан кадрларни «даҳшатга солувчи» деб атади.

Ўз навбатида, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ҳам Жўлан тинч аҳолисига қилинган ҳужумни қоралаб, қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Оқ уй ҳужумда «Ҳизбуллоҳ»ни тўғридан тўғри айбламади, бироқ Исроил қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.

Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги объектларига зарба берди

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг бир қатор нишонларига ҳужум қилди, деб хабар берди Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ). Ҳужум нишонлари орасида қурол омборлари ва инфратузилма бор, деб ёзди ЦАҲАЛ вакиллари 28 июл, якшанба куни Telegram’да.

Исроил шимолида жанглар

2023 йил 7 октябрда содир этилган кенг кўламли ҳужумга жавобан Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига қарши Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бери Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати жангчилари ўртасидаги зиддият яна кескинлашди. Исроил шимолида, Ливан билан чегарадош ҳудудда деярли ҳар куни жанглар кузатилади.

Жўлан тепаликлари ўнлаб йиллар давомида Яқин Шарқдаги баҳсли ҳудуд бўлиб қолмоқда. Исроил 1967 йилда араб давлатлари коалициясига қарши Олти кунлик уруш пайтида Жўлан тепаликларининг муҳим қисмини эгаллаб олди ва 1981 йилда уни аннексия қилди. Қўшма Штатлар 2019 йилда Жўлан тепаликлари устидан Исроил суверенитетини тан олган ягона давлатга айланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил: «Ҳизбуллоҳ»га урушнинг олдини олиш учун «сўнгги имконият» берилади