11:54 / 05.08.2024
148

Британияда тартибсизликлар туфайли яна 150 киши ушланди

Британияда тартибсизликлар туфайли яна 150 киши ушланди
Фото: EPA
Британияда ўнг радикал гуруҳларнинг норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб, 3 августдан буён қироллик бўйлаб 150 дан ортиқ киши ушланди, дея маълум қилди 4 август, якшанба куни полиция. Бошқа жойлар қаторида Ливерпул, Манчестер, Мидлсбро, Бристол ва Белфастда зўравонлик авж олган. Британиядаги тартибсизликлар қаторасига бешинчи кун давом этмоқда.

Қочқинлар ётоқхоналарига ҳужумлар ва полиция билан тўқнашувлар

Хусусан, Ротеремда ниқобли намойишчилар аввал бошпана изловчилар жойлашган меҳмонхона ойналарини синдиришди. Полиция билан тўқнашувлар натижасида ўн нафар ҳуқуқ-тартибот ходими жароҳатланган. Бирмингем яқинидаги Тамуэртда ҳам бошпана изловчилар учун ётоқхона сифатида фойдаланилган меҳмонхонага ҳужум уюштирилган.

Мидлсбродаги намойишларда юзлаб одамлар иштирок этди, улардан баъзилари ғишт, консерва ва гул идишлар билан полицияга ҳужум қилди. Лондон жануби-ғарбидаги Олдершотда бир неча ўнлаб одамлар иштирокида бошпана изловчиларга қарши тинч намойиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда AFP.

Бир кун аввал Халл, Ливерпул, Бристол, Манчестер, Сток-он-Трент, Блэкпул ва Белфастда йирик тартибсизликлар содир бўлди. Уларнинг иштирокчилари дўконларни вайрон қилган ва полиция ходимларига ҳужум уюштирган.

Бош вазир қонуний оқибатлар билан таҳдид қилди

Бош вазир Кир Стармер «ўнг радикал безорилик»ни қоралади ва иштирокчиларга қонуний оқибатлар билан таҳдид қилди. У полицияга «нафрат уйғотмоқчи бўлган экстремистлар»га қарши курашда «ҳукуматнинг тўлиқ ёрдами» ҳақида ваъда берди.

Бошланган тартибсизликлар сўнгги ўн йил ичида мамлакатда энг оммавийси деб аталяпти. Уларга мигрант оиласидан бўлган 17 ёшли ўсмир томонидан содир этилган жиноят сабаб бўлди. 29 июл куни у Саутпорт курорт шаҳрида 6 ёшдан 11 ёшгача болалар учун мўлжалланган Hart Space Studious рақс студиясида пичоқ билан ҳужум қилган. Ҳужум оқибатида уч қиз ҳаётдан кўз юмди. Яна саккиз нафар бола пичоқланган, улардан беш нафарининг аҳволи оғир. Болаларга ёрдам беришга шошилган икки ёши катта шахс ҳам оғир жароҳатлар билан шифохонада. Ҳужум қилган шахс қўлга олинди ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Уч боланинг ўлдирилишидан кейин норозилик намойишлари

30 июл куни Саутпортда ўнг экстремистик намойишлар зўравонликка айланди. Ўшанда 39 полициячи яраланди. Намойишчилар расмийларни жиноятчининг асл келиб чиқишини яширишда айблашди. Полиция бу маълумотни ёлғон деб атади ва гумонланувчи Аксел Рудакубана Британияда туғилгани ва Саутпортга қўшни Бэнкс шаҳарчасида яшаганини таъкидлади. Унинг ота-онаси Руандадан.

Бир кун ўтиб, Лондон марказида британиялик миллатчиларнинг норозилик намойиши чоғида 100 дан ортиқ одам ушланди. Унинг иштирокчилари мамлакатга ноқонуний мигрантларнинг кириб келишини тўхтатишни талаб қилишди. Британия ОАВ хабар беришича, намойишчилар Даунинг-стритдаги бош вазир қароргоҳи ёнидаги панжара устидан шиша ва файерлар улоқтирган.

Полиция фикрича, тартибсизликларнинг фаол ўзаги тарафдорлари футбол безорилари билан алоқадор миллатчи ва исломофоб «Англия мудофаа лигаси» уюшмаси тарафдорларидир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг