19:08 / 07.08.2024
429

“Толибон” Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларни қайта белгиламоқчи

“Толибон” Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларни қайта белгиламоқчи
Фото: “Коммерсант”
Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегараларни сув тошқинлари ювиб кетгани сабабли улар қайта аниқланади. Бу ҳақда “Толибон” ҳукумати энергетика ва сув ресурслари вазири Абдул Латиф Мансур маълум қилди.

"Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларимиз сув тошқинлари туфайли ювилиб кетди. Биз аввалги чегараларни аниқлаш бўйича муҳим ишларни амалга оширмоқдамиз ва 20 кун аввал олий раҳбаримиз билан бу масалани муҳокама қилган эдик", дейди Мансур.

Унга кўра, чегарани делимитация қилиш селдан жабр кўрган Афғонистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегараларни аниқлаш бўйича янги стратегияга мувофиқ амалга оширилади. Афғонистоннинг қўшнилари бу ҳақда хабардор қилинганми ёки йўқми, номаълум.

Мансурнинг айтишича, “Толибон” раҳбари амир Ҳайбатуллоҳ Охундзода номидан ишлаб чиқилган режа ички ишлар, ташқи ишлар, мудофаа вазирликлари ва разведка бош бошқармаси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Энергетика вазирлиги раҳбари тилга олинган стратегия тафсилотларини ошкор қилмаган.

Вазирлик вакиллари Афғонистоннинг сув ресурсларини бошқариш минтақадаги ҳеч бир давлатга зарар келтирмаслигини таъкидлаган.

"Ҳеч бир ҳаракатимиз билан қўшниларимизга зарар етказиш ниятида эмасмиз. Биз қўшнилар зарарига ўзимизнинг ҳақ-улушимиздан кўпроқ сув ишлатмадик ва бундай қилмоқчи ҳам эмасмиз", дейди Афғонистон Энергетика вазирлигининг катта маслаҳатчиси Фарук Аъзам.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон, Ўзбекистон ва қисман Туркманистоннинг Афғонистон билан чегаралари Амударё туби бўйлаб ўтади. Уч республикадан Тожикистон билан чегара энг узун — 1344 км ни ташкил этади.

Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан сўнг “Толибон” Амударёдан бошланувчи Қўштепа ирригация канали қурилишини бошлаган ва лойиҳа якунлангач, Афғонистоннинг шимолидаги учта вилоят — Фароб, Балх ва Жаузжон ерларини сув билан таъминлаши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Толибон” Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларни қайта белгиламоқчи