Россиянинг Курск областида учинчи кундирки Украина қуролли кучларининг юриши давом этмоқда. Ҳарбий мавзуга ихтисослашган пабликлар маълумотига кўра, украин ҳарбийлари чегарадаги Суджа шаҳрига киришган. Аммо, маҳаллий аҳоли вакиллари тарқатган видеоёзувларга кўра, Украина қуролли кучлари жангчилари 8 август тонгида шаҳар атрофида жойлашган, аммо унинг марказига кирмаганди, шу билан бирга, видео орқали шаҳарда россиялик ҳарбийлар ҳам йўқлигини кўриш мумкин. РФ мудофаа вазирлигига алоқадор саналган Rybar телеграм-канали ёзишича, Суджада «алоҳида қаршилик ўчоқлари қолмоқда», булар асосан маҳаллий аҳоли вакиллари, «аммо шаҳарнинг ўзи амалда Украина қуролли кучларининг тўлиқ назоратида». Украина қуролли кучлари бўлинмалари шаҳардан шимоли-шарқдаги айланма йўлни назорат қилаётгани тасдиқланган.
Шунингдек, каналнинг тасдиқланмаган маълумотларига кўра, Суджанский районига кириб борган украин ҳарбийлари Суджадан шимоли ва ғарбидаги қатор аҳоли яшаш манзилларида мустаҳкам ўрнашиб олган. 8 август куни маҳаллий аҳоли вакиллари тарқатган видеога кўра, Суджанинг шимолий-шарқий чеккасида, Курск томон борувчи йўлда украин отрядлари бўлиб турибди.
Ҳарбий мавзуга ихтисослашган ва РФ мудофаа вазирлиги танқидчиси ҳисобланган «Два майора» телеграм-канали ёзишича, жанглар Кореневский районида, жумладан Коренево посёлкаси атрофида ҳам кечмоқда. Мазкур канал Украина қуролли кучлари Лговский районидаги Анастасевка посёлкаси (Суджадан 28 километр шимолда) яқинида ҳам жанг олиб бормоқда.
РФ мудофаа вазирлиги Россия қўшини Украина қуролли кучлари Курск области ичкарисига «ёриб киришга уринишларининг олдини олаётгани» тўғрисида хабар берган. Вазирлик 8 август тонгида қуролли кучлар ва ФХХ «Курск областининг Суджанский ва Кореневский районларида, Россия-Украина чегарасига яқин ҳудудларда Украина қуролли кучлари тузилмаларини йўқ қилишда давом этаётгани»ни таъкидлаган. «Украина қуролли кучларининг жонли куч ва техникалари тўпланган нуқталарга оловли зарбалар йўлланмоқда. Алоҳида бўлинмаларнинг Курск йўналишида чуқур кириб келишга уринишлари тўхтатилмоқда», — дейилган РФ мудофаа вазирлиги хабарида. Вазирлик иддао қилишича, кун давомида Украина қуролли кучлари 400 нафаргача ҳарбий ва 32 та зирҳли техника, жумладан битта танк йўқотган, уч кунлик жанглар мобайнида — жами 660 ҳарбий 82 та зирҳли техника, жумладан саккиз танк йўқотган. Бу йўқотишлар бўйича маълумотларни мустақил манба орқали текширишнинг имкони йўқ. РФ мудофаа вазирлиги 8 август куни илк бор Курскую областини ҳар кунги брифинги чоғида эслаб ўтди. Хабарда РФ қўшини Курск областининг Дарино қишлоғида (у чегара яқинида жойлашган) Украина қуролли кучлари шахсий таркиби ва техникаларига зарба бергани айтилган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Курск областига «Вагнер» ХҲК жангчилари юборилган. Бу ҳақдаги маълумот тунда ва 8 август тонгида кичик телеграм-каналларда тарқалди. 8 август куни «Два майора» канали ҳам Курск областида «Мудофаа вазирлиги бўлинмалари сафларида „Вагнер“ ҳам жангга киришгани» ҳақида хабар қилди. Вагнерчилар Малидан Курск областига йўналтирилгани тўғрисида RTVI нашрига ушбу тузилма жангчиси ҳам тасдиқлаган.
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк Россия ўз ҳудуди дахлсизлигини талаб қилишини иккиюзламачилик деб атаган. Бу Украина расмийларининг украин ҳарбийлари юриши фонида Курск области бўйича берган илк баёнот бўлди. Подоляк украин армияси юришини тилга олмаган ҳолда Курск ва Белгород областларида «одатий ҳаёт тарзи йўқ бўлиши сабаби» Россия тажовуз қилгани туфайли эканини айтган. «Россия мунтазам равишда тақиқловчи ҳуқуқ нормалари ўзига тааллуқли эмаслиги ва шунинг учун қўшни мамлакат ҳудудларига жазога учрамасдан ҳужум қилиши ва иккиюзламачилик билан... ўз ҳудудлари дахлсизлигини талаб қилиши мумкинлигига ишониб келган. Аммо уруш — ўз қоидаларига эга ва тажовузкор томон доимо тегишли оқибатларга дуч келадиган урушдир», — деган Подоляк.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳам тўғридан тўғри Курск областидаги юришни тилга олмасдан, шундай деган: «Барча кўриб турибди, украин армияси ажаблантира олади. Ва натижаларга эришишни билади». Бу ҳақда у ҳарбийлар учун қоғозбозлик ишларини қисқартиришга мўлжалланган «Армия+» иловаси тақдимоти вақтидаги чиқишида айтиб ўтган. Зеленскийнинг видеоси унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 8 август куни пайдо бўлди.
Курск области расмийлари украин армияси «бирор метрга олдинга силжимагани, аксинча — чекинаётгани»ни таъкидламоқда. 8 август куни ушбу ҳудуд губернатори ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Андрей Белостоцкий Биринчи канал эфирида айтиб ўтди. Регион раҳбари Алексей Смирнов 7 август куни «чегара ҳудудларда мураккаб оператив вазият сақланиб қолаётгани»ни айтганди. У бу ҳақда Курск областида фавқулодда ҳолат режимини эълон қилиш асносида гапирганди.
Белостоцкийнинг маълум қилишича, Курск областининг чегарадаги районларидан уч мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган. Маҳаллий аҳоли эълон қилган видеога кўра, Суджада яшовчилар бу ерни мустақил ҳолда тарк этишга уринмоқда, шаҳарда ҳокимият одамлари мавжудлигининг аломатлари кўринмайди.
Москва темирйўллари Суджа, Коренево, Псел вокзаллари йўловчилар учун вақтинча ёпилгани ҳақида хабар берган, шу билан бирга, Курск областининг Суджанский ва Кореневский районларидан бошқа ҳудудларга поездлар одатий тартибда қатнаши давом этмоқда. Украина қуролли кучлари юриши фонида Курск области маъмуриятининг интернет-ресурсларига ёппасига DDoS-ҳужумлар кузатилган. РФ Рақамли тараққиёт вазирлиги бу ҳужумлар қайтарилганини билдирган.
Андрей Белостоцкийнинг маълум қилишича, Курск областида Украина қуролли кучлари ҳужуми чоғида тўрт киши ҳалок бўлган. Алексей Смирнов эса аввалроқ икки кунлик жанглар вақтида беш қурбон бўлгани ҳақида айтиб ўтганди. Улардан айримларининг шахсига аниқлик киритилган — қурбонлар қаторида Курскдаги «Авангард» клуби футболчисининг отаси (у тез ёрдам машинасига дрон урилиши оқибатида ҳалок бўлган фелдшер) ва ҳомиладор аёл бор. Курск епархиясига кўра, Горнал қишлоғидаги Авлиё-Николаев Белогорский эркаклар монастиридан эвакуация чоғида бир киши ҳалок бўлган, деб хабар беради «Интерфакс».
Россия соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Курск области ўққа тутилиши чоғида жароҳатланган 34 киши стационар даволанишда, улардан беш нафари ёш болалар. Яраланганлар орасида — ВГТРК корреспонденти Евгений Поддубний ҳам бор. У кетаётган машинага ҳам дрон зарба берган. Вазирлик жароҳатланганлардан тўққиз нафари, жумладан Поддубний ҳам Москвадаги шифохонага олиб ўтилганини маълум қилган.
Евроиттифоқ Украина РФ қўшинларига исталган жойда зарба бериши мумкинлигини билдирди. Бундай баёнот Брюсселдаги матбуот анжумани чоғида ЕИ ташқи сиёсат хизмати расмий вакили Петер Стано тилидан янгради, деб хабар қилади Deutsche Welle. Курск областидаги вазият тўғрисидаги саволга жавоб қайтараркан, Стано «қонуний мудофаа ҳуқуқи доирасида Украина душманга ўз ҳудудида, шунингдек рақиб ҳудудида ўзи учун қулай деб билган исталган жойда зарбалар бериши мумкинлиги»ни айтган. «Украина ноқонуний тажовузни қайтармоқда. Бу шуни англатадики, Украина қонуний мудофаа уруши олиб бормоқда», — дея қўшимча қилган Стано.
АҚШ Давлат департаменти вакили Мэтю Миллер 7 август кунги брифингда Россия Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузган шароитда ўз ҳарбий амалиётларини қандай ўтказиш бўйича қарорни Киев ўзи қабул қилишини билдирган. Миллер Россия ҳудуди бўйлаб зарбалар беришда Америка қуролларидан фойдаланишдаги чекловлар сиёсати ўзгармаганини қайд этган.
Давлат департаменти вакилининг сўзларига кўра, Украина Курск областидаги юриш ҳақида АҚШни олдиндан хабардор қилмаган, лекин бунда ҳеч қандай ноодатий жиҳат йўқ. «Биз Украинага воситалар тақдим этамиз ва маслаҳатлар берамиз. Аммо гап ҳар кунги тактика, ҳар кунги зарбалар ҳақида гап кетганида биз баъзида улар билан алоқага чиқамиз, баъзида йўқ», — деган Миллер. У АҚШ чегарадаги амалиётлар бўйича Украина билан «алоқада» бўлиб турганини қўшимча қилган.
Россиялик мухолиф сиёсатчи Иля Яшин Курск областида Украина қуролли кучлари ҳужуми натижасида одамлар ҳалок бўлишида Украинага қарши урушни бошлаган Владимир Путин айбдорлигини айтган. «Курск областида бўлаётган воқеалар — қўрқинчли. Урушнинг биринчи куниданоқ мен [Россия президенти Владимир] Путин Россия ҳудудига ўлим ва вайронгарчиликлар олиб келиши муқаррарлиги ҳамда мамлакатимиз унинг қонли авантюраси учун катта тўлов қилишига тўғри келишини айтганман. Шундай ҳам бўлиб чиқди, афсуски», — деган Яшин. У агар Путин Украинага ҳужум қилишга буйруқ бермаганида, Курск областида ҳалок бўлганлар тирик қолган бўларди, дея таъкидлаган.
Курск области, Украина қуролли кучлари, Суджа Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди