14:18 / 12.08.2024
99

Россия Мудофаа вазирлиги: учта вилоят узра дронлар уриб туширилди

Россия Мудофаа вазирлиги: учта вилоят узра дронлар уриб туширилди
Фото: Максим Блинов/РИА Новости
12 август, душанбага ўтар кечаси Россиянинг учта вилоятида учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) уриб туширилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

«Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 18 та самолёт типидаги учувчисиз учоқларни йўқ қилди: 11 таси Курск устида, 5 таси Белгород ва иккитаси Воронеж вилоятида», - дея маълумот қилди Россия мудофаа идораси. Материални чоп этиш вақтида маълумотни тезда текшириш имкони мавжуд эмас.

Губернатор: Курск вилояти узра учта ракета йўқ қилинди

Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирновнинг сўзларига кўра, минтақа осмонида учта ракета йўқ қилинган. Смирновнинг айтишича, ҳарбийлар УУА ҳужуми хавфи ҳақида хабар берган ва кейинроқ у бекор қилинган.

Воронеж вилоятида учувчисиз учоқлар уриб туширилди

Воронеж вилояти губернатори Александр Гусевнинг сўзларига кўра, «тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари навбатчилик вақтида бир қанча Украина дронларини топиб, йўқ қилган». Қурбонлар ва вайроналар йўқ, дея қўшимча қилди Гусев.

Белгород вилояти туманларидан бирининг аҳолиси эвакуацияси эълон қилинди

Белгород вилоятида, губернатор Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари томонидан «яна иккита аҳоли пункти ҳужумга учраган». Шу тариқа, Грайворон шаҳар округидаги Мокрая Орловка қишлоғида иккита камикадзе дронининг портлаши натижасида хусусий уй ва йўловчи автомобили шикастланган, деди Гладков. Унинг сўзларига кўра, округда электр энергияси фавқулодда узилиб, бир қатор аҳоли пунктлари электр таъминотисиз қолган.

Краснояружский туманидаги Вязовое қишлоғи икки марта миномётдан ўққа тутилди, дея таъкидлади губернатор. Унинг қўшимча қилишича, «турар жой бўлмаган бинонинг томига зарар етган» ва «электр линияси шикастланган», электр қуввати захира линиялар орқали етказиб бериляпти.

Айни пайтда, расмийлар Краснояружский тумани аҳолисини «хавфсизроқ жойларга» кўчиришни бошладилар, деди Гладков. Унинг сўзларига кўра, туман чегарасида «душман ҳаракати» кузатилмоқда.

Курск вилоятида жанглар

Украина Қуролли кучлари 2024 йил 6 августдан буён Курск вилоятида ҳарбий операция ўтказмоқда. Коренев ва Суджа туманларида фаол жанглар кетмоқда. 10 август куни Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Курск вилоятидан 76 мингдан ортиқ киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берган эди. Сўнгги 24 соат ичида вилоятнинг чегарадош ҳудудларидан 8 мингдан ортиқ аҳоли мустақил равишда ва «уюшган колонналар»да чиқиб кетди, деб хабар қилди 11 август куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Курск вилоятидаги ҳарбий амалиётда «минглаб» украиналик ҳарбийлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда Украина хавфсизлик соҳасидаги исми ошкор этилмаган юқори мартабали ходимга таяниб, AFP хабар берди. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади - Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Мудофаа вазирлиги: учта вилоят узра дронлар уриб туширилди