08:19 / 13.08.2024
540

Зеленский: Путин ҳукмронлиги «Курск» билан бошланган эди, Курск билан тугайди

Зеленский: Путин ҳукмронлиги «Курск» билан бошланган эди, Курск билан тугайди
Фото: president.gov.ua
Украина президенти Володимир Зеленский анъанавий кечки видеомурожаатида Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги амалиёти ҳақида гапирди. Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин ҳукмронлигининг «бошланиши ва якунланишини» 24 йил олдин юз берган «Курск» атом сувости кемаси ҳалокати ва ҳозир юз бераётган Курск вилоятидаги ҳарбий ҳаракатлар билан боғлади.

«Биз ҳақиқатан ҳам Россия Путин даврида қандай ҳаракат қилаётганини кўряпмиз: 24 йил олдин «Курск» фалокати юз берди — бу унинг ҳукмронлигининг рамзий бошланиши эди. Энди унинг учун финал нима экани аниқ. Бу ҳам Курск. У бошлаган урушнинг фалокати. Бу ҳолат одамларни ва ҳар қандай қоидаларни менсимайдиганлар билан доим содир бўлади. Россия бошқаларга уруш олиб келди, энди уруш унинг уйига қайтади. Украина ҳар доим фақат тинчликни хоҳлайди ва биз тинчликни албатта таъминлаймиз», деди Зеленский.

Зеленский, шунингдек, 12 август куни Украина Олий бош қўмондонлиги штаб-квартирасининг йиғилишида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг ҳисоботини, жумладан, Курск вилоятидаги операция бўйича ҳисоботини эшитганини айтди.

Генералга кўра, Украина қуролли кучлари у ерда Россия ҳудудининг минг квадрат километрга яқинини назорат қилмоқда.

«Булар, хусусан, Россия армияси бизнинг Суми вилоятимизга ҳужум қилган ҳудудлардир. Бугунгача, 1 июндан бери улар Суми вилояти ҳудудига деярли 2100 марта зарба берди. Шунинг учун операцияларимиз Украина учун хавфсизлик масаласи – чегара ҳудудини рус ҳарбийларидан озод қилиш. Мен барча аскарларимиз, сержантлар ва офицерларимизга жасорат ва ҳаракатлар самарадорлиги учун миннатдорлик билдираман», деди Зеленский.

Украина қуролли кучлари 6 августдан буён Курск вилоятида ҳужум уюштирмоқда. Дастлабки кунларда Украина армияси бир нечта аҳоли пунктларини эгаллаб олди, шундан сўнг Украина Қуролли кучларининг олдинга силжиши секинлашди.

Курск вилояти раҳбари Алексей Смирнов 12 август куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги 28 та аҳоли пунктини назорат қилаётганини айтди. Шу билан бирга, Украинанинг OSINT-DeepState лойиҳаси Украина қуролли кучлари Курск вилоятидаги 44 га яқин аҳоли пунктини назорат остига олганини даъво қилмоқда.

«Курск» атом сувости кемаси Владимир Путиннинг биринчи президентлик муддати бошланишида, 2000 йил 12 августда Баренц денгизида ҳалокатга учради. Оқибатда бортдаги барча 118 денгизчи ҳалок бўлди. Бу ўлганлар сони бўйича собиқ Совет ва Россия сув ости флотининг урушдан кейинги тарихидаги энг катта фожиадир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг