12:14 / 14.08.2024
89

АҚШ Исроилга 20 млрд долларлик қурол етказиб беришни маъқуллади

АҚШ Исроилга 20 млрд долларлик қурол етказиб беришни маъқуллади
Фото: JACKSON ADKINS / AFP
Қўшма Штатлар Исроилга 20 миллиард доллардан ортиқ (тахминан 18,2 миллиард евро) қўшимча қурол экспортини маъқуллади. Давлат департаментининг 13 август, сешанба куни хабар беришича, гап, хусусан, 50 га яқин F-15 қирувчи самолётлари ва 33 минг бирликдаги ўқ-дорилар ҳақида бормоқда. Бу «Исроилнинг жорий ва келажакдаги душман таҳдидларига жавоб бериш қобилиятини яхшилаши керак», деди департамент.

АҚШ Конгрессига юборилган билдиришномага кўра, F-15 қирувчи самолётлари 18,25 миллиард доллар (тахминан 16,6 миллиард евро) туради ва 2029 йилда етказиб берилиши керак. Бундан ташқари, Исроил Мудофаа вазирлиги АҚШдан 50 мингтагача миномёт снарядлари ва ҳарбий транспортер сотиб олади.

Май ойида АҚШ президенти Жо Байден Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳда ҳарбий амалиётда қўлланиши мумкинлигидан хавотирлар туфайли Исроилга авиацион бомбаларни етказиб бериш тўхтатилганини эълон қилган эди. Бироқ Вашингтонга кўра, бу қарор бошқа турдаги қуроллар етказиб беришга таъсир қилмаган.

F-15 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича, Давлат департаменти Қўшма Штатлар «Исроил хавфсизлигини таъминлашга содиқ» эканини тушунтирди. «АҚШ миллий манфаатлари учун Исроил мудофаа қобилиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жуда муҳим», деб таъкидлади департамент.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери деярли 40 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг