Фото: Getty Images
Курск областидаги жангларнинг бир ҳафтаси давомида Россия қўшини барибир Украина қуролли кучлари юришини тўхтата олмади. Амалиётда иштирок этаётган украин бригадалари Суджа шаҳрини эгаллаган, ундан ғарб томонга (Коренево райони маркази чеккаларига) йўл олган, шимолда Лгов томон йўлнинг ярмини босиб ўтган, шунингдек шарқий йўналишда бошқа бир район маркази — Белая слободаси томон йирик рейд уюштирган.
Россия ҳудуди ичкарисига максимал кириб бориш (шимолий йўналиш) камида 27 километрни ташкил этади. Украина қуролли кучлари юриши суръати пасайган, аммо РФ қуролли кучлари қўмондонлиги агар вазиятни тезда барқарорлаштиришни истаса, катта эҳтимол билан чегара ҳудудларга қўшимча кучлар олиб келишига тўғри келади.
Украина қуролли кучлари Курск области ҳудудига фронторти бўлинмалари, жумладан артиллерия ва дрон операторларини жойлаштиришга муваффақ бўлган. Бу ҳам украин армиясига юришни давом эттиришга имкон бермоқда. Биринчи галдаги мақсад — плацдармни кенгайтириш, ўз гуруҳи таъминотини хавфсиз қилиш ва Россиянинг турли йўналишлардаги гуруҳларининг ўзаро ҳамкорликда ҳаракатланишига, шунингдек уларга захира кучлар олиб келинишига йўл қўймаслик ҳисобланади. Россия кучлари энди украинларнинг Курск областидаги гуруҳининг фронтортига қўшинлар орасида кенг тарқалган FPV-дронлари билан зарбалар бериш имкониятига эга эмас.
Курск области
11-12 август кунлари Украина қуролли кучлари Суджа шаҳрининг катта қисмини, Россия қўшини олдинги беш кун давомида ушлаб турган район марказини эгаллаб олди.
Шунингдек, Украина ҚК шаҳар жанубидаги Махновка посёлкасини ўз назоратига олган. Украина қўмондонлиги бу ердан туриб захира кучларини (катта эҳтимол билан, 80-десант-штурм бригадаси) шарқ томон чуқур рейдларга юбормоқда. Бу бўлинманинг илғор отрядлари Суджадан Белая райони маркази томон йўлдаги Гиря қишлоғига етиб борган ва пистирмага тушиб қолиб, қисман яксон этилган. Шу билан бирга, украин қўшини Суджа ва Гиря ўртасидаги позицияларни (уларнинг аниқ жойлашуви номаълум) эгаллаб турибди.
Украина қуролли кучлари Суджадан шимолга ҳам юришларни давом эттирмоқда. Украин бўлинмалари Суджа — Курск йўли (бу йўналишда Мартиновка қишлоғи ҳудудида тўхтатилган) ва Суджа — Лгов йўли бўйлаб (Малая Локня қишлоғида тўхтатилган) ҳозирча ёриб ўта олмаган. Аммо улар ғарброқда Лгов томон илгарилашга муваффақ бўлган — Каучук посёлкаси ва Алексеевский хутори йўналишида. Бу юришдан мақсад, катта эҳтимол билан, — Суджа — Лгов трассасини тўсиб қўйишдир.
Украина қуролли кучларининг Суджадан ғарб томонга — беш минг кишилик Коренево посёлкаси йўналишида ҳам давом этмоқда. Бу бутун ҳудуд учун муҳим бўлган йўллар туташувидир. 13 августга келиб украин қўшини посёлканинг шарқий чеккаларига етиб келган.
РФ қуролли кучлари Курск областида катта миқдордаги авиация кучларини (вертолётлар ва Су-25 штурмовиклари каби армия воситаларини ҳам, фронтда ҳаракатланадиган Су-34 бомбардимончиларини ҳам) ҳаракатга келтирган. Қуруқликдаги таркиб эса ҳали Украина қуролли кучларининг йирик гуруҳига қарши туриш учун етарли бўлмаяпти. Украинлар юриш қилаётган ҳудудларга ташланган 810-денгиз пиёдалари бригадаси бир неча йўналишлар бўйлаб тарқалиб кетган. Улардан ташқари, ҳозирча фақат турли кучайтирувчи қисмлар ташлангани ҳақида маълум — Беларусдан олиб келинган собиқ вагнерчилар отрядларидан тортиб турли бўлинмаларнинг махсус топшириқли кучларигача. Амалиётда жавобгарлик зонасига Курск области ҳам кирувчи Россиянинг «Север» гуруҳидан айнан қандай кучлар иштирок этаётгани охиригача маълум эмас. Гуруҳ кучларининг катта қисми Харкив области шимолида жойлашган.
Суми областидан Курск области томон олиб ўтилаётган ҳарбий техникалар
Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) ҳисоботига кўра, Россия Курск областига олиб келаётган қўшимча кучларнинг аксари етарлича яхши тайёрланмаган ва яхши қуролланмаган. Россия қўмондонлиги катта эҳтимол билан айнан шу туфайли ҳозирча украин қўшинларини Россия ҳудудидан чиқариб юбориш бўйича амалиётга зўр бермасдан, асосий эътиборни мудофаага қаратиб, вақтдан ютишга ҳаракат қилмоқда.
«Россиянинг мунтазам баталёнлари Курск областидаги мудофаани Россия мудофаа вазирлиги эмас, Федерал хавфсизлик хизмати қарорлари билан тартибсиз ҳаракатланиши, шунингдек ҳарбий ҳаракатларда муддатли хизматга чақирилганлар, ФХХ ходимлари ва Росгвардия бўлинмалари аралаш тарзда иштирок этаётгани ҳам Россия томони самарали қўмондонлик ва бошқарув яратиш бўйича саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда», — деб ҳисоблайди америкалик таҳлилчилар.
Forbes нашри ёзишича, Украина қуролли кучлари Курск областининг эгаллаб олинган ҳудудларида хандақ қазиб, ўрнашмоқда, бу эса улар бу жойларда узоқ вақт қолишни режалаштирганини англатади. Россияликлар ҳам худди шундай йўл тутмоқда — нашр маълумотига кўра, икки томон ҳам йирик экскаваторларни олиб келиб, фронт чизиғини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.
Бу вақтда украин армияси ҳам, рус армияси ҳам муваффақиятлар тўғрисида хабар бериб, ижтимоий тармоқларда рақибнинг ўлдирилган аскарлари ва йўқ қилинган техникалари акс этган видеоёзувларни тарқатмоқда. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари украин байроқлари Курск областида эгаллаб олинган аҳоли яшаш манзилларида ҳилпираётгани, шунингдек кўплаб россиялик ҳарбий асирлар акс этган кадрларни намойиш этмоқда.
Украина президенти Володимир Зеленский 13 август куни кечқурун «аллақачон юзлаб россиялик ҳарбийлар асир тушгани» ҳақида айтди. У асир олинган россияликларни келгусида украиналик ҳарбийлар ва Россия гаровга олган тинч аҳоли вакилларига алмаштириш режалаштирилганини маълум қилган. Россиялик асирлар фотоси (уларнинг кўзлари скотч билан ўралган) 13 август куни Украинанинг Суми областида, РФ чегараси яқинида олинган.
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Украина президенти Володимир Зеленский 9 август куни кечки видеомурожаатида сўнгги кунларда алмашув фондини тўлдиришда «катта натижаларга эришган» украин ҳарбийларига миннатдорчилик билдирганди.
13 август куни кечқурун эса Зеленский Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский билан суҳбати видеосини эълон қилди, унда қўмондон Курск областидаги 74 та аҳоли яшаш манзили Украина назоратига ўтгани тўғрисида ҳисобот берган.
Россиянинг Донбассдаги юриши
Эндиликда Курск областида Украина қуролли кучлари юришини тўхтатиш учун ташланган 810-денгиз пиёдалари бригадаси бунгача Украина жанубида жанг қилаётганди. «Север» гуруҳига ёрдамга аввалроқ Вуҳледар атрофидан 155-денгиз пиёдалари бригадаси қисмлари ҳам олиб ўтилганди. Россиянинг асосий юриши кечаётган ҳудуддан (Донбасснинг марказий қисми) ҳозирча Курск областига қўшинлар ўтказилмаяпти. Ўз-ўзидан, бу юриш олдинги суръатда давом этмоқда, бу эса Украина қуролли кучлари мудофаасидаги инқирозли ҳолатни кун сайин чуқурлаштирмоқда.
Россия қўшини амалда Торецкдан жануб ва жануби-шарқда жойлашган посёлкаларни эгаллаган. Украинадаги манбалар хабар қилишича, Ню Йорк ва Зализне посёлкалари оралиғида турган бўлинмалар қуршовга тушиб қолиш хавфи туфайли Торецк томон чекинишга мажбур бўлган. Катта эҳтимол билан, яқин ҳафталар ичида РФ қуролли кучлари кенг фронт бўйлаб тўғридан тўғри Торецкка етиб келади ва уни штурм қилишни бошлайди. Ҳозирча эса улар посёлкалар ва Торецк ўртасидаги конларнинг терриконларини (кон чиқиндиларидан ҳосил бўлган тепаликлар) эгаллашга ҳаракат қилмоқда.
Торецкдан 50 километр ғарбда Россия қўшини Покровск агломерациясига яқинлашиб келган, бу Украина қуролли кучларининг муҳим алоқа йўллари ўтган ҳудуддир. РФ қуролли кучлари Ивановка ва Лисичне қишлоқларини эгаллаган ва Мирноград — Покровск агломерациясини тўсиб турган Гродовки посёлкасининг шарқий чеккасига чиққан.
Юришнинг ҳозирги динамикаси сақланиб қоладиган тақдирда куз бошидаёқ Покровск учун жанглар бошланишини кутиш мумкин. Украина қўмондонлиги захираларни жангга ташламаса, фақат Курск атрофидаги вазият душманни Покровск ва Торецк атрофидаги кучларни чегара томонга олиб кетишга мажбур қилишидан умид қилиши керак бўлади. Ҳозирча эса бунинг имконияти жуда паст кўринмоқда: РФ қуролли кучларида нисбатан тинч бўлган бошқа йўналишларда ҳам жанговар кучлар захираси мавжуд. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Марк Цукерберг Дональд Трамп билан Флоридадаги вилласида учрашди
Сўров натижалари: Гренландия аҳолиси АҚШга қўшилишни ёқлайдими?
Дания ҳукумати Трампга Гренландия юзасидан қандай таклиф йўллади?
Қуёшда улкан “тешик” пайдо бўлди (фото)
Air Astana авиакомпанияси судда 12 ёшли йўловчига ютқазди
Германияда 2024 йилнинг энг зарарли сўзи аниқланди
Киев асирга олинган КХДР аскарларини маълум шарт эвазига Пхеньянга топширмоқчи
Британия бизнеси янги ходимларни ёллаш ўрнига сунъий интеллектдан фойдаланишни афзал кўрмоқда