22:18 / 19.08.2024
56

Лазиз Қудратов: “Афғонистон тадбиркорлари барча солиқлардан озод этилади”

Лазиз Қудратов: “Афғонистон тадбиркорлари барча солиқлардан озод этилади”
Лазиз Қудратов
Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Жорий йил 17 август куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистонда бўлди. Ташриф доирасида Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форуми ташкил этилди. Форумда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов нутқ сўзлаб, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми яқин истиқболда 3 миллиард долларга етказилишини маълум қилди.

Бу борада жорий йил 1 октябрдан бошлаб икки мамлакат ўртасида имтиёзли савдо келишув битими ишга тушади. Битим доирасида келишилган қатор маҳсулотларга, шу жумладан, Афғонистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гиламларга, айрим қурилиш материалларига импорт божлари бекор қилинади. Бу экспортёрлар учун қулайлик яратади”, деди вазир “РТА Узбек” телерадиоси саҳифасига жойланган видеода.

Лазиз Қудратовнинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги Айритом–Ҳайратон чегара постида божхона тизими 24 соатлик иш режимига ўтказилди.

Бундан буён мамлакатлар ўртасидаги автомобиллар қатнови тун–у кун амалга оширилади. Бу икки давлат тадбиркорлари иш фаолиятида қўшимча имконият яратади. Ўзаро савдо ҳажмларини янада ривожлантиради. Биродар афғон халқига қулайлик яратиш мақсадида яқин кунларда Ўзбекистон жанубида “Халқаро Термиз савдо маркази” фаолияти тўлиқ ишга турилади. Марказга ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий қилинди. Афғонистон тадбиркорлари барча солиқлардан озод этилади”, дея маълум қилди вазирлик раҳбари.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги
Лазиз Қудратов икки давлат ҳукуматлари инвесторларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича келишув имзолаганини ҳам айтиб ўтди.

Мамлакатлар ўртасида савдо–иқтисодий, транспорт–логистика, тоғ–кон саноати ва геология, энергетика, қишлоқ хўжалиги ҳамда божхона йўналишларида қўшма комиссия ва қуйи қўмиталар шакллантирилди. Бундан асосий мақсад икки давлат ўртасидаги мавжуд масалаларни доимий равишда муҳокама қилиб бориш ва муаммоларни бартараф этиш бўйича жойида чоралар кўришдан иборат. Мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича қуйи қўмиталар ҳар чоракда камида бир марта йиғилиб, аниқ ечимлар ишлаб чиқади”, деди вазир.

Шу билан бирга, Лазиз Қудратов бир неча йилдан бери қурилиши айтилаётган трансафғон темирйўли масаласига ҳам қисқа тўхталди.

Ҳозирда трансафғон темирйўл линияси қурилишини бошлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур темирйўл барча тадбиркорларимизга катта имконият эшикларини очади, ўзаро савдода қулай муҳит яратишга имкон беради. Бу лойиҳа доирасида амалий ишлар бошланади”, деди вазир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лазиз Қудратов: “Афғонистон тадбиркорлари барча солиқлардан озод этилади”