21:35 / 22.08.2024
227

Марказий Осиё: таназзулга юз тутаётган Россия учун сўнгги таянчми?

Марказий Осиё: таназзулга юз тутаётган Россия учун сўнгги таянчми?
Фото: “ТАСС”
Куни кеча Миннесота университетининг сиёсатшунослик фанлари номзоди ва Тошкентдаги Прогрессив ислоҳотлар маркази сиёсатшуноси Отабек Акромовнинг E-International relations сайтида Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан юритган сиёсатига бағишланган мақоласи чоп этилди.

Муаллиф сиёсий мақолада Россиянинг МО давлатлари билан алоқалари ҳамда Москванинг минтақадаги аҳамиятига тўхталган. Хусусан, 2022 йил июнь ойидаги Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Тайван, Косово, Жанубий Осетия, Абхазия, Луганск ва Донецк каби квазидавлат ҳудудларни тан олмаслигини эслаган.

Ўша йилнинг октябрь ойида МДҲнинг Остона саммитида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бевосита Владимир Путинга мурожаат қилиб, “Биз асосий стратегик ҳамкоримиз (Россия) манфаатларини доимо ҳурмат қилиб келганмиз ва худди шундай муносабатни талаб қиламиз” деган. Россиянинг ишончли ҳамкори ҳисобланган Марказий Осиё минтақаси раҳбарларининг бу жасоратини нима билан асослаш мумкин?

Муаллифнинг фикрича, Москванинг минтақадаги обрўси заифлашиши Россиянинг Украинага бостириб кириши билан бошланган. Шунингдек, ишончсизлик ва Россия обрў-эътиборининг пасайишига асосий сабаб — бу минтақадаги буюк ҳокимият мақомидан мунтазам равишда фойдалангани ва уни суиистеъмол қилганидир.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Совуқ урушдан кейин Россия катта ҳудудга эга бўлса-да, заиф давлат сифатида кўринди. Путин бошқарувида эса Россия ўзининг буюк давлат мақомини тиклади, бу жараён унинг 2007 йилда Мюнхендаги нутқида рамзий акс этди. Россия Американинг глобал сиёсатига ва демократияни тарғиб қилишига қарши туриб, посцовет ҳудудида, айниқса, рангли инқилоблар пайтида ўз сиёсатини мустаҳкамлади. Ғарбнинг инсон ҳуқуқлари бўйича санкцияларига қарамай, Россия Марказий Осиёдаги авторитар режимларни қўллаб-қувватлади. Бу жараён Ўзбекистоннинг 2005 йилда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қўшилиши билан якунланди.

Россия Марказий Осиёда муҳим стратегик масалаларда етакчи рол ўйнади, ҳарбий базалар жойлаштирди ва Ғарб билан алоқаларни диққат билан кузатди. Минтақа давлатлари халқаро ташкилотларда Россияни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Москва рус тили ва маданиятини тарғиб қилди, газ қувурлари ва савдо йўлларини назорат қилди, марказий осиёлик муҳожирлар учун асосий манзилга айланди.

Россия минтақадаги кучини намойиш этиб, Евросиё иқтисодий иттифоқи орқали геосиёсий мақсадларини илгари сурди. Гарчи иттифоқ товарларнинг эркин ҳаракатини таъминлашни мақсад қилган бўлса-да, Москва бу тамойилларни ўзига қулай пайтда бузди. Шунингдек, Россия Марказий Осиё давлатларига иммиграцияга қарши сиёсатни сиёсий босим сифатида қўллаб, минтақа муҳожирларига нисбатан ксенофобия ва ирқчиликни кучайтирди, бу эса аҳоли орасида Россияга салбий муносабатларни кескин кўпайишига олиб келди.

Россия СССРдан мерос қолган иқтисодий ва стратегик устунликларини Марказий Осиёга қарши ишлатди. Минтақанинг асосий транспорт ва энергия йўллари Россия орқали ўтиши Москвага сиёсий имтиёзлар олишда стратегик устунлик берди. Россия савдо ва газ қувурларини диверсификация қилиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграция жараёнларини бузишга ҳаракат қилди.

Муаллифнинг таъкидлашича, Россиянинг босқинчи сиёсатлари Кремлга бўлган ишончни йўқотишга олиб келди. Қоидаларга асосланган тартиб ўрнига, Россия савдо ва энергетика воситаларини сиёсий қурол сифатида ишлатди. Марказий Осиё давлатлари газ қувурларини диверсификация қилишда Хитой билан ҳамкорлик қилар экан, Россия Хитойнинг минтақадаги таъсирига қарши курашди. Россиянинг Украинага аралашуви унинг мавқейини янада заифлаштириб, Марказий Осиё учун муқобил савдо йўллари излаш имконини яратди.

Фото: “элтр.kg”
Марказий Осиёда фаол илгари сурилаётган асосий лойиҳалардан бири бу “Ўрта коридор” савдо йўли. Мазкур ташаббус Хитойни Россия орқали Европа бозорлари билан боғлайдиган Россиянинг шимолий коридорига муқобил сифатида кўрилмоқда. Бундан фарқли ўлароқ, “Ўрта коридор” Хитойдан Европага Марказий Осиё ва Кавказ орқали юк ташишни осонлаштирадиган мультимодал қуруқлик ва денгиз транспорти йўналиши ҳамдир. 4250 км дан ортиқ темир йўл ва 500 км денгиз йўлларини ўз ичига олган бу йўл Россиянинг Шимолий коридоридан 2000 км қисқароқдир. Қолаверса, Қозоғистон Озарбайжон билан шартнома асосида Боку— Тбилиси—Жайҳан нефть қувури орқали Россия ҳудудидан ташқарида нефть экспортини оширмоқда. Ушбу муқобил йўллар, айниқса, Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Россия нуфузининг заифлашиши Марказий Осиё республикалари ўртасидаги ҳамкорлик ва Ғарб билан алоқаларнинг ривожланишида акс этмоқда. 2018 йилдан бошлаб улар ташқи кучлар иштирокисиз ҳар йили Марказий Осиё саммитини ўтказмоқда. 2024 йилда минтақанинг умумий ташқи савдоси 220 миллиард долларга етиб, икки бараварга ошди. МО давлатлари Россия ёки Хитойсиз илк бор ҳарбий машғулотлар ўтказди ва Москва таъсирини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни кучайтирмоқда, баъзилари Россия ташвиқот каналларини ёпмоқда.

Марказий Осиёда минтақавийликни ривожлантиришда ташқи кучлар ҳам ўз ролини ўйнамоқда. АҚШнинг 2019—2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё бўйича янги стратегиясининг имзоланиши ва Жо Байденнинг Нью Йоркдаги C5+1 саммитидаги иштироки билан АҚШнинг минтақа сиёсатидаги ўрни қайта тикланди. Яқинда Олмаотада бўлиб ўтган B5+1 бизнес форуми Вашингтоннинг минтақавий алоқаларни қўллаб-қувватлашга бел боғлаганлигининг исботидир. Иттифоқчилар Американинг минтақадаги ҳаракатларини янада кучайтирмоқда. Европа Иттифоқи яқинда “Ўрта коридор” лойиҳасига 10 миллиард евро миқдоридаги инвестицияни эълон қилди. Шу билан бирга, Япония бош вазири Фумио Кисида савдо йўлларини йўлга қўйиш ва давлатлар ўртасидаги алмашинувни ривожлантириш учун Марказий Осиёга ёрдам пакетини таклиф қилди. Россия таъсирига қарши маҳаллий давлатлар суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган муқобил ваколатларнинг мавжудлиги Москванинг Марказий Осиёдаги эксклюзив мавқейи пасайиб кетганидан далолат беради.

Ўрта Осиё бир пайтлар кўп соҳаларда Россияга қаттиқ қарам бўлган, аммо бу ўзгармоқда. Европа бозорининг катта қисмини йўқотган “Газпром” табиий газни турли йўналишларга, жумладан, Марказий Осиёга экспорт қилиш учун янги имкониятлар изламоқда. Натижада, авваллари Россияни газ билан таъминлаган “Марказий Осиё – Марказ” қувури энди Россия газини Ўзбекистон ва Қозоғистонга сотишга йўналтирилди. АҚШ ва ЕИ томонидан жорий қилинган иқтисодий санкциялар ва бошқа чекловлар туфайли Москва реэкспорт маркази сифатида Марказий Осиёнинг айрим мамлакатлари бозорларига таяниши Россиянинг минтақага қарамлигини оширди.

Муаллифнинг фикрича, Марказий Осиёдан Россияга миграция қисқариши кузатилмоқда. 2024 йил апрелидан бери Санкт-Петербургда Тожикистондан иш қидираётганлар сони 60 фоизга, Ўзбекистонлик муҳожирлар сони эса 40 фоизга камайган. Бундан ташқари, Россияда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг пул ўтказмалари ҳажми пасайган. 2024 йилнинг биринчи ярмида АҚШ, Германия, Жанубий Корея ва Польшада меҳнат қилаётган мигрантлар пул ўтказмалари ҳисобига Ўзбекистонга ўтказмалар ҳажми 25 фоизга ошиб, 6,5 миллиард долларни ташкил этган эди.

Фото: “news.ru”
Замонавий Россия ташқи сиёсатининг асосий йўналиши Украинага кенг кўламли босқинидан кейин бошланган халқаро изоляцияни юмшатиш йўлларини излашдир. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида Россия бутун дунёга ва ўз аҳолисига ҳали ҳам ‘дўст мамлакатлар’ борлигини кўрсатишга интилмоқда”, дейди Акромов.

Шу мақсадда Россия пропагандаси Марказий Осиё республикаларини Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватловчи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Бироқ, бу давлатлар кўпинча тегишли овоз беришда бетараф қолади ёки умуман қатнашмайди.

Шундай қилиб, Украинадаги уруш давом этар экан, Москванинг минтақадаги аҳамияти аста-секин камаймоқда. Албатта, катталиги ва географик жиҳатдан яқинлиги туфайли Россия доимо Марказий Осиё фаолиятида асосий иштирокчи бўлиб қолади.

Марказий Осиёнинг марказдан қочиш тенденциялари, жумладан, Россиянинг сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватламаётгани, минтақа ичидаги ҳамкорлик фаоллашгани, муқобил энергия манбаларини излаш юқоридагиларга ишорадир. Шунга қарамай, Ғарб Марказий Осиё давлатлари суверенитетини мустаҳкамлаш тарафдори бўладими ёки йўқми, бу ноаниқлигича қолмоқда”, дея хулоса қилган сиёсатшунос.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Марказий Осиё: таназзулга юз тутаётган Россия учун сўнгги таянчми?