01:11 / 24.08.2024
17

Нарендра Моди ўзини Украинанинг «дўсти» деб атаб, тинчликка эришишга ёрдам беришни ваъда қилди

Нарендра Моди ўзини Украинанинг «дўсти» деб атаб, тинчликка эришишга ёрдам беришни ваъда қилди
Фото: president.gov.ua
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди расмий ташриф билан Киевга келиб, президент Володимир Зеленский билан учрашди. Суҳбат давомида ҳинд ҳукумати раҳбари ўзини Украинанинг дўсти деб атаб, мамлакатда тинчликка эришиш учун ўзининг шахсий ҳиссасини қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

«Сизни ишонтириб айтмоқчиманки, Ҳиндистон тинчликка эришиш йўлидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатларда фаол рол ўйнашга тайёр. Агар бу борада шахсан менинг ролим талаб этилса, ишонтириб айтаманки, буни амалга ошираман», — дея Модининг сўзларини келтиради Reuters.

Ҳиндистон бош вазири ўзининг Киевга ташрифини «дўстона» ва «тарихий» деб атади. У Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши ва ҳурмат қилишини таъкидлаб, урушаётган томонларни тезроқ музокаралар столига ўтиришга чақирди. «Муаммони ҳал қилиш йўлини фақат мулоқот ва дипломатия орқали топиш мумкин. Ва биз вақт йўқотмасдан бу йўналишда ҳаракатланишимиз керак. Ушбу инқироздан чиқиш йўлини топиш учун иккала томон ҳам музокаралар столига ўтириши лозим», — деди Моди.

Бош вазирнинг қайд этишича, Ҳиндистон ҳеч қачон Украина урушида бефарқ кузатувчи бўлмаган ва ҳар доим «яхшилик тарафида» турган. Шунингдек, у Украинадаги жанговар ҳаракатлар айниқса, ёш болалар учун ҳалокатли эканини таъкидлади.

Модининг Киевга ташрифи ростдан ҳам тарихий воқеа ҳисобланади, чунки Украина 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери Ҳиндистон бош вазирининг биринчи расмий ташрифи ҳисобланади. Бундан ташқари, ташриф Украина давлат байроғи куни ва мустақиллик куни арафаси амалга оширилди.

Июл ойида Моди Москвага ташриф буюриб, Владимир Путин билан музокаралар ўтказган эди. Россияга уюштирилган ушбу ташриф Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг Украинага қарши бошланган кенг кўламли урушдан кейинги биринчи ташрифи бўлди. Моди Россия пойтахтига келган куни рус армияси Украина фуқаролик объектларига, хусусан, Киевдаги энг йирик «Охматдет» болалар касалхонасига ракета зарбаларини амалга оширди. Ўшанда ҳужум оқибатида 40 ортиқ фуқаро, жумладан, болалар ҳам ҳалок бўлган эди.

Эртаси куни Моди Путинга болалар касалхонасига берилган зарбалардан «оғриқ ва даҳшат» ҳис қилганини айтган эди. «Бомбалар, қуроллар ва снарядлар орасида тинч ечимлар ҳамда музокаралар ишлай олмайди», — деган эди Ҳиндистон бош вазири.

Кўп ўтмай, икки давлат раҳбарининг норасмий яккама-якка учрашуви ва тор доирадаги расмий музокараларидан сўнг бўлиб ўтиши керак бўлган кенгайтирилган таркибдаги музокаралар бекор қилингани маълум бўлганди. 2022 йил охирида Моди Россия президентининг Украинага нисбатан ядровий таҳдидлари фонида Путин билан учрашувни бекор қилганди.

Володимир Зеленский Нарендра Модининг июл ойида Москвага қилган ташрифидан ҳафсаласи пир бўлганини айтган эди. Украина раҳбари Россиянинг шу каби даҳшатли ҳаракатларига қарамай, Моди «дунёдаги энг қонхўр жиноятчи билан қучоқлашишни» эп кўрганига эътибор қаратганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нарендра Моди ўзини Украинанинг «дўсти» деб атаб, тинчликка эришишга ёрдам беришни ваъда қилди