13:05 / 24.08.2024
64

Судланган барча мигрантларни Россиядан чиқариб юбориш ташаббуси Давлат думасига киритилади

Судланган барча мигрантларни Россиядан чиқариб юбориш ташаббуси Давлат думасига киритилади
Фото: “РИА Новости”
Россияда судланган барча мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу борадаги ташаббус Давлат думасига киритилади, деб хабар берди Давлат қурилиши ва қонунчилик бўйича қўмита раиси ўринбосари Сардана Авксентиева.

Шунингдек, бундай мигрантлар Россияга кириш ҳуқуқисиз ҳамда вақтинчалик яшаш рухсатномаларидан маҳрум қилинган ҳолда мамлакатдан чиқарилиши маълум қилинди.

Бу ташаббусга кеча 23 август куни Волгоград яқинидаги колонияда рўй берган воқеа туртки бўлди.

Волгоград вилоятининг Суровикино шаҳридаги 19-сонли ахлоқ тузатиш колониясида 4 нафар маҳбус бир неча федерал жазони ижро этиш хизмати ходимларини гаровга олди. Мазкур маҳбуслар Россияга ишлашга келган мигрантлар бўлиб, улар турли жиноятлар бўйича озодликдан маҳрум қилингани хабар берилди.

Улар ўзларини ИШИД аъзоси деб эълон қилиб, жазони ижро этиш хизмати ходимларининг уч нафарини ўлдирган. Яна бир қанча ходимлар жароҳат олган. Гаровга олиш натижасида яраланганлар орасида АТК-19 бошлиғи ҳам бўлган.

Россия махсус кучлари гаровдагиларни озод қилиш учун штурм уюштириб, жиноятчиларни зарарсизлантирди. Аввалига икки жиноятчи ҳалок бўлгани, яна икки нафари яралангани хабар қилинди. Кейинроқ яраланган жиноятчилар ҳам вафот этгани маълум қилинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёнида озодликдан маҳрум қилиш жойидаги маҳбуслар пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни қандай қўлга киритишгани аниқланиши айтиб ўтилди.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Судланган барча мигрантларни Россиядан чиқариб юбориш ташаббуси Давлат думасига киритилади