23:59 / 26.08.2024
146

Путин урушни Россияни ривожлантиришнинг бош шарти деб атади

Путин урушни Россияни ривожлантиришнинг бош шарти деб атади
Фото: kremlin.ru
Владимир Путин РФ вазирлар маҳкамаси ва марказий банки амалдорлари билан ўтказилган йиғилишда ҳукуматнинг яқин олти йилдаги иқтисодий сиёсати “махсус ҳарбий амалиётни муваффақиятли якунлаш”, жумладан армия эҳтиёжлари учун “иқтисодий базани мустаҳкамлаш”га қаратилиши лозимлигини таъкидлаган.

Режаларимизни амалиётга татбиқ этар эканмиз, биринчи навбатда иқтисодиётдаги ҳолатга таянамиз, чунки айнан индустриал, савдо, логистика, молия билан боғлиқ салоҳият давлатнинг ресурс ва бюджет имкониятларини шакллантиради ҳамда асосий ва тизимли муҳим вазифалар учун маблағларни пайдо қилади”, — дея Путиннинг сўзларини келтирмоқда Кремл матбуот хизмати.

Россия президентининг сўзларига кўра, айни вақтда Россия иқтисодиёти “яхши суръатларда ўсиб бормоқда”. Ярим йил ичида ЯИМ 4,6 фоизга ошган, саноат ишлаб чиқариши эса — 4,4 фоизга, ҳарбий саноат мажмуаси дохил қайта ишловчи соҳалар эса 8 фоизлик ўсиш кўрсатган, деган Путин Росстат статистикасини келтирганча.

Бюджет даромадлари учдан бир қисмга ошган, “корхоналар, меҳнат жамоалари барқарор ва бир маромда ишламоқда”, деган Путин. Унинг қўшимча қилишича, “реал сектордаги ижобий тенденцияларни кучайтириш”, мамлакатнинг “инфратузилмавий каркаси”ни мустаҳкамлаш керак.

Расмий статистикага кўра, ўтган йили ЯИМ 3,6 фоизга ўсган, бу йилнинг ёзигача усиш суръатлари 5 фоизга етган. Бироқ, ҳукумат таъкидлаётган иқтисодий кўтарилиш уруш ҳисобига бўлмоқда: ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш 2022 йилдан буён 60 фоизга ошган, фуқаролик соҳалари эса турғунликда, деб ҳисоблаган Британиянинг Иқтисодий сиёсат тадқиқотлари маркази (CERP) экспертлари.

Росстатнинг оператив маълумотлари эса ёз бошланганидан буён иқтисодиёт кескин секинлашганини кўрсатмоқда. Агар феврал ойида ЯИМ ўсиши 7,6 фоизни, биринчи чоракда 5,4 фоизни ташкил этган бўлса, майга келиб бу кўрсаткич 3 фоизгача тушган.

Саноат ишлаб чиқариш суръати июн ойида қарийб уч баробарга секинлашган ва сўнгги 15 ой ичида энг паст кўрсаткични ташкил этмоқда — 1,9 фоиз. Ҳолбуки, май ойида бу кўрсаткич 5,3 фоизга тенг эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё