15:59 / 27.08.2024
152

Россия Украина бўйлаб янги зарбалар йўллади

Россия Украина бўйлаб янги зарбалар йўллади
Днипропетровск области маъмурияти / EPA / Scanpix / LETA
Россия қўшини 27 августга ўтар кечаси Украина бўйлаб навбатдаги ёпирилма зарбаларни йўллади. Киевда тунда учта портлаш овози эшитилган, деб хабар беради Reuters гувоҳларга таяниб. Киев расмийлари хабар қилишича, россиялик ҳарбийлар зарбдор дронлар, баллистик, қанотли ва аэробаллистик ракеталарни қўллаган ҳолда Украина бўйлаб комбинациялашган ҳужум уюштирган.

Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попкога кўра, Киевда тун давомида тўрт бор ҳаво тревогаси эълон қилинган: дастлаб дронлар ҳужуми туфайли, кейин — Украина регионлари йўналишида «Кинжал» ракеталарини учирувчи МиГ-31К қирувчи самолёти ҳавога кўтарилганида. Эрталабки соат беш атрофида Ту-95МС стратегик бомбардимончиси Киев томон Х-101 қанотли ракеталарини учирган.

«Ҳаво зарбаси, кеча бўлгани каби, яна учувчи ўқ-дорилар ҳужуми тўлқини билан якунланди», — деган Попко. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 15 га яқин зарбдор дронлар ва бир неча ракетани уриб туширган. «Украина пойтахтига учган нарсаларнинг барчаси — йўқ қилинди», — дея тасдиқлаган у. Попко Днипровск ва Деснянский районларидаги дарахтзор ҳудудга парчалар тушгани, ёнғин келиб чиққанини қўшимча қилган.

Кривий Риҳда россияликларнинг «Аврора» меҳмонхонасига йўлланган ракета зарбаси оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, беш киши жароҳатланган, деб хабар берган Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак. Тўрт қаватли бино қисман вайрон бўлган. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати ходимлари харобалар остидан беш кишини чиқариб олишган. Улардан икки нафари — 43 ёшли аёл ва 37 ёшли эркак — оғир ва ўрта даражадаги аҳволда шифохонага ётқизилган. Харобалар остида яна икки киши қолаётган бўлиши мумкин. Украина расмийларига кўра, меҳмонхонадан ташқари, атрофдаги олтита дўкон, тўртта кўп қаватли уй ва саккизта автомобил ҳам шикастланган.

Россиянинг РИА Новости агентлиги «россияпараст қаршилик ҳаракати» маълумотига асосланиб, Украина қуролли кучларининг хорижлик инструкторлари жойлаштирилган меҳмонхона зарбага учрагани, гўёки у ердан инглиз тилида сўзлашувчи 15 нафар жабрланувчи олиб чиқилгани ҳақида хабар тарқатган.

Запорижжя областининг Украина томонидан тайинланган қонуний раҳбари Иван Федоров тунда россияликларнинг дронлар ҳужуми вақтида маҳаллий аҳоли вакилларидан уч киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланганини маълум қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, учувчисиз учар қурилмалар Запорижжя шаҳри ва Запорижжя районига жами етти бор зарба берган. Портлаш тўлқини ва дронлар парчалари тушиши оқибатида хусусий турар жой бинолари шикастланиб, ёнғин рўй берган. Украина ИИВ маълумотига кўра, ҳужум оқибатида уй, инфратузилма объекти, транспорт воситалари ва гаражлар шикастланган. Вазирликдагилар айтишича, икки киши ҳалок бўлиб, тўрт киши яраланган.

Харкив областида 26 август куни кечқурун Изюм районидаги Андрийивка қишлоғида инфратузилма объекти ракета зарбасига йўлиққан, деб хабар беради Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Унинг сўзларига кўра, Россия қўшини соат 23:43 да «Искандер» тизими орқали зарба берган. Бир бино ва учта автомобил шикастланган. Тўрт киши жароҳатланган.

Хмельницкая областида россияликлар ҳужуми оқибатида иккита хусусий уй ёниб кетган, бир киши жароҳатланган, деб хабар беради област ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Тюрин.

Киев областида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари россияликлар ҳужумини қайтарган. Маъмурият маълумотига кўра, турар жой ва муҳим инфратузилма объектларига зарба берилиши ҳолати қайд этилмаган, парчалар тушиши оқибатида майсазорда ёнғин чиққан.

Херсон областида россиялик ҳарбийлар 27 август куни эрталабки соат 7 атрофида Новоалександровкага ҳужум қилган. Берислав районидаги мазкур қишлоқ артиллериядан ўққа тутилган, шунингдек унга дронлар ҳужум қилган. 69 ёшли эркак ва 72 ёшли аёл жароҳатланган, улар ўрта оғирликдаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, деб хабар беради Херсон области маъмурияти.

Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук россиялик ҳарбийлар 27 августга ўтар кечаси Украина бўйлаб турлича ракеталар ҳамда дронлар билан ҳужум уюштиргани ҳақида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, МиГ-31К самолётлари Х-47М2 «Кинжал» русумли учта ракета, Ту-22М3 бомбардимончиси — Х-101 русумли бешта қанотли ракета учирган. Бундан ташқари, «Искандер-М» комплексидан баллистик ракета, «Искандер-К»дан — қанотли ракета учирилган. Бундан ташқари, Россия қўшини 81 та «Shaheed» зарбдор дронларидан фойдаланган. Соат 9:00 ҳолатига, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бешта Х-101 ракетаси ҳамда 60 та зарбдор дронни уриб туширган.

Бундан ташқари, ўнлаб дронлар «манзилидан адашган», улар Украина ҳудудларида қулаб тушган, бир дрон Беларус билан чегарани кесиб ўтган, яна ўнга яқини Украина ҳаво кенглигида қолган. Олешчук ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 15 областда дронлар ҳужумини бартараф этганини қўшимча қилган: булар Киев, Хмелницкий, Ривне, Винница, Черкасс, Херсон, Миколайив, Запорижжя, Харкив, Днипропетровск, Полтава, Житомир, Суми, Черниҳив ва Кировоград.

Украина президенти Володимир Зеленский россияликларнинг 27 августга ўтар кечаси амалга оширган ҳужуми оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, 16 киши яраланганини айтган. Регионларда зарба келиб тушган ёки парчалар қулаган жойларда қутқарув амалиётлари олиб борилмоқда, деган у. «Бу ва барча зарбалари учун албатта Россияга жавоб қайтарамиз. Инсониятга қарши жиноятлар содир этиб, жазосиз қолиб бўлмайди», — дея қайд этган Зеленский.

Одессада россияликлар зарбаси оқибатида етти киши, жумладан уч бола ҳам яраланди
Oleksandr Gimanov / AFP / Scanpix / LETA

Россия қўшини бир кун олдин, 26 августда, 127 ракета ва 109 дрондан фойдаланган ҳолда Украина бўйлаб уруш бошидан буён кузатилган энг йирик ҳужумни амалга оширди. «Экономическая правда»га кўра, 26 август кунги ҳаво ҳужуми Россияга 1,26 миллиард долларга тушган. Ҳужумлар оқибатида бутун Украина бўйлаб етти киши ҳалок бўлган ва 47 киши яраланган, деб хабар берган фавқулодда хизматлар. Жабрланганлар орасида 2014, 2017 ва 2024 йилларда туғилган болалар ҳам бор.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё