08:51 / 29.08.2024
25

ЕИ Telegram фойдаланувчилар сони камайтириб кўрсатгани эҳтимолини текширмоқда

ЕИ Telegram фойдаланувчилар сони камайтириб кўрсатгани эҳтимолини текширмоқда
Фото: AP / Matt Slocum
Еврокомиссиянинг фан ва ахборот хизмати - Қўшма тадқиқот маркази Telegram мессенжери раҳбарияти Европа тартиб-қоидаларига тушиб қолмаслик учун Европа Иттифоқидаги ўз фойдаланувчилари сонини кам кўрсатиши эҳтимолини текширмоқда. Бу ҳақда 28 август, чоршанба куни Financial Times нашри хабар берди.

Феврал ойида Telegram Европа Иттифоқида 41 миллион ойлик фойдаланувчига эга эканлигини маълум қилганди. Европа Иттифоқи қонунларига кўра, мессенжер август ойида янгиланган маълумотларни тақдим этиши керак, бироқ буни қилмади ва Европа Иттифоқидаги ойлик аудиторияси «45 миллиондан сезиларли даражада кам» деган баёнот билан чекланди. Бироқ, Брюссел бундай эмас деб гумон қилмоқда ва текширув белгиланган чегарадан ошиб кетганлигини кўрсатиши мумкин.

Феврал ойида кучга кирган янги Европа Иттифоқининг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунига (Digital Services Act, DSA) кўра, Европа Иттифоқида ойлик 45 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бўлган онлайн платформалар ва ижтимоий тармоқлар, биринчи навбатда, фойдаланувчилар учун хавфли бўлган ноқонуний контентни модерация қилиши керак, шунингдек, сўров бўйича Европа комиссиясига ўз маълумотларини тақдим этишга мажбур. Мутахассисларнинг тахминича, Telegram раҳбарияти ушбу қоидаларга тушиб қолмаслик учун Европа Иттифоқидаги фойдаланувчилари сонини атайлаб кам кўрсатган, деб ёзади Financial Times.

Аввалроқ Европа Иттифоқи X микроблоглар хизмати ва TikTok платформасида DSA талаблари бузилганини гумон қилиб, текширувлар бошлаган эди. Бундан ташқари, Facebook ижтимоий тармоғининг бош компанияси бўлмиш Meta’га нисбатан текширув ўтказилмоқда.

Павел Дуровнинг ушланиши

Павел Дуров 24 август куни кечқурун Париж аэропортида қўлга олинган. Икки кундан кейин Париж прокуратураси Дуров номаълум шахсларга қарши жиноий тергов доирасида 12 та жиноят, жумладан ваколатли органлар сўровига кўра маълумот беришни рад этиш, шунингдек, порнография, гиёҳванд моддалар ва ҳакерлик дастурларини тарқатишда иштирок этиш бўйича қўлга олинганини эълон қилди. Дуровнинг ишдаги мақоми номаълум.

Дуровга яқин манбанинг сўзларига кўра, Telegram кўп йиллар давомида платформада ноқонуний контент тарқалиши олдини олиш учун расмийлар билан ҳамкорликни талаб қилувчи ҳуқуқ-тартибот идораларининг чақируви ва суд қарорларига эътибор бермаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЕИ Telegram фойдаланувчилар сони камайтириб кўрсатгани эҳтимолини текширмоқда