16:43 / 29.08.2024
126

Афғонистонда кўпхотинлилик нега одатга айланган?

Афғонистонда кўпхотинлилик нега одатга айланган?
Фото: Getty Images
“Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода 2022 йил афғонларга кўпхотинлиликдан сақланишни тавсия қилувчи фармонни имзоланганига қарамай, мамлакатда бу амалиёт жуда кенг тарқалган. “Дарё”нинг Афғонистондаги мухбири бу борада бир нечта хотини бор эркаклар билан суҳбатлашди.

Аммо суҳбатдошларнинг аксарияти видео ва суратларини оммага эълон қилинишини истамаган, улар турли сабабларга кўра ўзининг кўпхотинли экани ҳақидаги ҳикоялари билан бўлишган.

Мозори Шарифда яшовчи 26 ёшли Насруллоҳ икки марта уйланган ва биринчи хотинидан икки қизи бор, бироқ оилавий муаммолар туфайли яна уйланишга қарор қилган. Насруллоҳнинг сўзларига кўра, унинг биринчи рафиқаси “ёмон хулқлилиги” сабабли у билан яшаш қийин кечган.

Икки қизим бор, агар шарт бўлмаса, уйланмасдим, бундан бошқа иложим йўқ, чунки ёшман, яшашим керак”, деган у “Дарё” мухбири билан суҳбатда.

Эркак оилавий муаммосида қайнонасини айблаб, у қизига “маъносиз гаплар ўргатгани”ни даъво қилган. Насруллоҳ биринчи рафиқасига ўзгариш учун яна бир йил беришини, агар унинг хатти-ҳаракатида ўзгариш бўлмаса, ажрашишини билдирган.

Мозори Шарифда истиқомат қилувчи Ҳабибулла ҳам ўз ҳикояси билан бўлишиб, биринчи хотинидан фарзанд кўрмаганини, қарийб 20 йил фарзандли бўлишни кутганини айтган. Шу сабабли иккинчи хотин олиш қарорига келганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ўзидан 20 ёш кичик иккинчи рафиқасидан 10 нафар фарзанди бор ва бу қароридан мамнун.

“Дарё” мухбири ундан хотинлари ўртасидаги адолат ҳақида сўраганида, у кулиб, иккала хотини ўртасида ҳам таъминланганини айтган.

Ҳеч қандай муаммо йўқ, пул бўлса, барча муаммолар ҳал қилинади”, дейди у.

Балх вилоятининг Деҳдоди туманида яшовчи Бисмиллоҳ ҳам икки аёлга уйланган. У бунинг сабабини қуйидагича изоҳламоқда:

Биринчи хотинимдан фарзанд кўрмаганим учун иккинчи марта уйланишга мажбур бўлдим, фарзандли бўлиш умидида деярли 15 йил ўтказдик, бир нечта шифокорларга бордик ва ҳар доим натижа салбий эди, ҳатто қариндошларимиздан бир қизни ҳам асраб олдик. Ниҳоят, иккинчи марта уйланишга қарор қилдим ва иккинчи хотиним мендан 15 ёш кичик. Қизиғи шундаки, иккинчи марта уйланганимда иккала хотинимдан ҳам фарзандли бўлганман”, деди у.

Бисмиллоҳга кўра, Афғонистонда кимлардир иштиёқ ва бой бўлгани учун, баъзилари эса зарурат ва фарзанд кўриш учун иккинчи хотин олади.

Шунингдек, бир қатор юқори мартабали “Толибон” қўмондонлари ҳам иккинчи хотин олиш жараёнидан четда қолишмайди. Афғонистонни эгаллаб олгандан сўнг, “Толибон” мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий қудратини бошқараётган ягона кучга айланди. Уларнинг бир қатор саркардалари аёллар ва қизларни никоҳга танлаб олган ва бу масала аллақачон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.

Илгари бир ёки икки хотини бўлган қўмондонлар энди учинчи ва тўртинчисига уйланишга ҳаракат қилмоқда. Афғонистонда кўпхотинлиликнинг аниқ статистикаси йўқ, бироқ одат ва маданиятга кўра, кўп эркаклар, асосан қишлоқ жойлардан, икки ёки ундан ортиқ аёлга уйланади.

Баъзилар буни иқтисодий-ижтимоий муаммолар, оилавий низолар ҳамда зўравонликнинг сабаби ва охир-оқибат жамият бундан азият чекади, деб ҳисоблайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистонда кўпхотинлилик нега одатга айланган?