15:00 / 05.09.2024
80

Россияда Путин учун “абадий ҳаёт” дориси ихтиро қилинмоқда

Россияда Путин учун “абадий ҳаёт” дориси ихтиро қилинмоқда
Фото: Reuters
Кремлдаги россиялик олимларга қаришга қарши воситаларни ишлаб чиқиш топширилди. Бу ҳақда Тhe Times хабар берди.

Россия президенти Владимир Путин октябрь ойида 72 ёшга тўлади. Мамлакатдаги юқори лавозимли амалдорларнинг аксарияти тахминан бир хил ёшда ва Россиядаги эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 67 ёшни ташкил қилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий-тадқиқот институтларидан когнитив ва сенсор бузилишлар, ҳужайра қариши, остеопорозга қарши курашиш, иммунитет тизимини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тезроқ ҳисобот беришни талаб қилган.

"Барча ишланмаларимизни зудлик билан юборишимиз сўралди. Хат бугун келди", дейди тадқиқотчилардан бири.

Қаришга қарши кураш соҳасидаги тадқиқотларнинг долзарблиги Путиннинг яқин дўстларидан бири бўлган Михаил Ковалчук уларнинг иштирокчиси экани билан боғлиқ. 77 ёшли Ковалчук Курчатов номидаги ядро илмий-тадқиқот институтини бошқаради ва Россия Фанлар академиясининг етакчи аъзоларидан бири ҳисобланади.

У, шунингдек, давлат томонидан молиялаштириладиган генетика тадқиқотлари дастурига раҳбарлик қилади. Бу дастурда Путиннинг катта қизи, эндокринолог шифокор Мария Воронцова ҳам иштирок этади.

Миллий тиббиёт тадқиқот маркази ходими Ковалчук ёки Путин умрни узайтириш бўйича тадқиқотларни илгари суришда иштирок этган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

"Ковалчук абадий ҳаёт ғоясига муккасидан кетган... ва у бу ғоя билан президентнинг олдига югурди", дейди Кремлдаги манба.

Таъкидланишича, юқори даражадаги тиббий хизматга қарамай, Путин мунтазам равишда Сибир буғуси шохларидан олинган қон экстракти билан ванна қабул қилади. Бундай ванналарни қабул қилувчилар экстракт ёшартирувчи хусусиятларга эга ва эркак потенциали билан мўжизалар яратишга қодирлигига ишонади. Шохлар тирик буғулардан йилига бир марта олинади.

Аммо фақат халқона усуллар қўлланилмаяпти. Январь ойида Санкт-Петербургда Россиянинг узоқ умр кўриш бўйича етакчи тадқиқотчиларидан бири, 77 ёшли профессор Владимир Хавинсон вафот этди. Россия Биорегуляция ва геронтология институти раҳбари бўлган Хавинсон, асосан ўзининг ёшартирувчи препаратлари билан машҳур эди. Унинг таъкидлашича, бу препаратларни Леонид Брежнев сингари совет раҳбарлари ҳам қабул қилган.

Унинг препаратлари Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко ва Алина Кабаева томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади. Путин уларни қабул қилганми-йўқми номаълум. Танқидчилар уларнинг самарадорлигига ҳеч қандай далил йўқлигини айтмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда Путин учун “абадий ҳаёт” дориси ихтиро қилинмоқда