14:24 / 07.09.2024
22

Шолц ва Макрон Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди

Шолц ва Макрон Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди
Фото: AFP
Берлин ва Париж Россия бошлаган урушда Украина халқини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон 6 сентябр, жума куни Франция шарқидаги Эвиан шаҳрида Германия канцлери Олаф Шолц билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг айтиб ўтди. Макроннинг баёноти Елисей саройи расмий сайтида эълон қилинди. Эммануэл Макроннинг сўзларига кўра, учрашувда иккала сиёсатчи ҳам «Россия олиб бораётган тажовузкор урушнинг барбод бўлишини таъминлаш учун зарур бўлганда Украинани узоқ ва интенсив равишда қўллаб-қувватлашга қатъий эканини эслатган».

Германия канцлери ва Франция президенти 3 сентябр куни Россиянинг Полтавага ракета ҳужумини кескин қоралади. Шаҳарга иккита «Искандер-М» баллистик ракетасининг зарбаси натижасида Алоқа институти олти қаватли биноси, шунингдек, шифохона ва унга туташ уйлар вайрон бўлган. Ҳужум оқибатида камида 55 киши ҳалок бўлди, 328 киши яраланди.

Россия Мудофаа вазирлиги ракета зарбасини тан олди, аммо ўз ҳисоботларида уни «жуда аниқ» деб атади ва у келтирган барча вайронагарчиликлар ҳақида маълумот бермади.

Еврокомиссия Россия активлари ҳисобидан қурол-яроғга пул ажратади

Макрон ва Шолц ўртасидаги учрашув фонида Франция Мудофаа вазирлиги Украина учун 1,4 миллиард евро миқдорида қурол сотиб олинганини маълум қилди. Ушбу тадбирлар Европа Иттифоқининг Москвага қарши уруш бошлагани учун санкциялари доирасида музлатилган Россия активларидан тушган даромаддан Еврокомиссия томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади, деб хабар беради AFP.

Май ойида ЕИ давлатлари Россиянинг Европа Иттифоқида хатловга олинган 200 миллиард евро миқдоридаги активларидан олинган даромадни Украинага ёрдам бериш учун ишлатишга келишиб олди. Бу пулдан Киевга биринчи транш – 1,5 миллиард евро – июл ойида тасдиқланган.

Россия активларидан олинадиган фоиз даромади йилига 2,5 миллиард евродан 3 миллиард еврогача бўлиши кутилмоқда. Бу пулларнинг барчаси Украина учун қурол сотиб олишга ва урушдан кейин мамлакатни тиклаш харажатларини қоплашга йўналтирилиши режалаштирилган.

Макрон ва Шолц яна Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирди

Бундан ташқари, Германия канцлери ва Франция президенти Эвиан шаҳрида Яқин Шарқдаги можаронинг кучайишини муҳокама қилган. Елисей саройи идораси қайд этишича, иккаласи ҳам «Ғазо секторида зудлик билан ва доимий ўт очишни тўхтатиш» зарурлигини тасдиқлади. Шолц ва Макрон можаро томонларини «минтақага тинчлик ва барқарорлик қайтишини таъминлаш учун максимал масъулиятни кўрсатишга» чақирди.

Бир неча кун аввал Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил ва Ҳамас гуруҳи ўртасида ўғирлаб кетилган исроилликларни озод қилиш ва Ғазо секторидаги ҳарбий операцияни тугатиш бўйича эҳтимолий келишув ҳали якунига етмаганини айтган эди. Нетаняҳунинг сўзларига кўра, Ҳамас раҳбарияти 2024 йил май ойида АҚШ президенти Жо Байден томонидан таклиф қилинган минтақадаги вазиятни тартибга солиш режасига киритилган деярли барча таклифларни рад этди ва ҳужжат матнига 29 та тузатиш киритишни талаб қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шолц ва Макрон Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди