07:30 / 11.09.2024
23

Австралияда ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Австралияда ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин
Фото: Getty Images
Австралия ҳукумати болаларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини тайёрламоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Мамлакатда боланинг Интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига рухсат бериладиган минимал ёш белгиланиши мумкин. Қонун лойиҳаси 2024 йил охиригача қабул қилиниши режалаштирилган, деди бош вазир Энтони Албанезе.

«Биз биламизки, ижтимоий тармоқлар ижтимоий зарар келтиради ва болаларни ҳақиқий дўстлар ва ҳақиқий тажрибалардан маҳрум қилади. Австралия ёшлари яхшиликка лойиқ ва мен барча австралиялик ота-оналарни фарзандларини ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлайман. Мен болалар гаджетларни ташлаб, футбол майдонига, бассейнга, теннис кортига боришини истайман», деди Албанезе.

Қонун лойиҳаси 14 ёшдан 16 ёшгача бўлганларни назарда тутади. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Австралияни ижтимоий тармоқларда ёш чекловларини жорий этган дунёдаги биринчи давлатлардан бирига айлантириши мумкин.

Технология соҳаси маълумотларига кўра, Австралия дунёдаги энг кўп «онлайн аҳолига» эга: 26 миллионлик аҳолининг 4/5 қисми ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланади. Сидней университетининг 2023 йилги тадқиқоти шуни кўрсатдики, 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган австралияликларнинг 3/4 қисми YouTube ёки Instagram тармоқларида фаол.

Бироқ, Австралия ҳукуматининг ташаббуси рақамли ҳуқуқ ҳимоячиларининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Уларнинг таъкидлашича, бу чоралар онлайн фаолликнинг яширин шаклга ўтишига олиб бориши мумкин.

2015 йил охирида Европа Иттифоқида ҳам худди шундай тақиқни жорий этишга ҳаракат бўлган, бироқ интернетда вояга етмаганлар ҳуқуқларининг чекланиши ҳақидаги шикоятлар туфайли лойиҳа қабул қилинмаган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Австралияда ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин