22:55 / 12.09.2024
37

АҚШ Россия ичкарисини ўз ракеталари билан ўққа тутишга рухсат бериши мумкин

АҚШ Россия ичкарисини ўз ракеталари билан ўққа тутишга рухсат бериши мумкин
HIMARS узоқ масофали ракеталарни отишда қўлланади. Фото: Getty Images
Украина ҳукумати сўнгги ойлар мобайнида бундай тақиқни олиб ташлашни сўраб келаётганди, сешанба куни кечқурун эса журналистлар Байдендан у бу чекловни бекор қилишга қанчалик тайёрлиги ҳақида сўрашди.

«Биз айни вақтда бунинг устида ишлаяпмиз», — дея жавоб қайтарган президент.

Америка қуроллари Киевга етказиб берилиши бошланганида Вашингтон нафақат минтақада, балки бутун Европада хавфли кескинлик юзага келиши мумкинлигидан хавотирланиб, ракеталар билан Россия ичкарисига зарба беришни тақиқлаганди.

Фақат РФ армияси Харкив областига иккинчи бор бостириб кирганида АҚШ Киевга Россиянинг чегарага яқин ҳудудлардаги нишонларига зарба йўллашга розилик берганди.

Кремлдагилар ҳозирча Байденнинг янги баёнотига муносабат билдирмади, аммо Россия расмийлари одатда бу борада имкон қадар қатъийроқ баёнот беришга ва бу билан ғарбнинг позициясига таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади.

Россия давлат думаси спикери Вячеслав Володин ўз телеграм-каналида Зеленский ўз иттифоқчиларидан узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар етказиб беришни сўраб, улар билан ракеталарни Россиядаги нишонларга қўллашни муҳокама қилиш орқали ушбу мамлакатларни Украинадаги урушнинг тўғридан тўғри иштирокчисига айлантираётганини ёзган.

«Буларнинг барчаси мамлакатимиз ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун янада кучлироқ ва вайронкорроқ қуроллардан фойдаланиб, жавоб қайтаришга мажбур бўлишига олиб келади», — деган Володин.

Россия президенти Владимир Путин ҳам жорий йил бошида Украинанинг Россия бўйлаб ғарб ракеталари билан зарба бериши кенг кўламли урушга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

«Доимий эскалация жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, — деди у май ойида. — Улар глобал можарони исташяптими?»

Оқ уй тақиқни олиб ташлаш масаласини кўриб чиқишга тайёрлиги айнан нима билан боғлиқлигига аниқлик киритилмаган.

Аммо, экспертлар фикрича, Вашингтон янги чақириқлар ва таҳдидларга реакция қилишга мажбур бўлмоқда — Россия қўшинлари фронтнинг турли участкаларида фаоллашуви ҳамда Эрон баллистик ракеталари Россияга етказиб берилиши шулар жумласидан. Айнан шу Байден маъмуриятини аввалги қарорларни қайта кўриб чиқишга ундаётган бўлиши мумкин.

Таҳлил: гап айнан қандай қуроллар ҳақида бормоқда ва узоқ масофали ракеталар фронтга қандай таъсир қилиши мумкин
Павел Аксенов, BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси:

Гап биринчи навбатда Американинг MGM-140 Army Tactical Missile System (ATACMS) баллистик ракеталари, шунингдек Британия-Франция ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган Storm Shadow (SCALP EG) қанотли ракеталари ҳақида бормоқда.

Storm Shadow ракеталари — ғарб мамлакатлари Киевга берган қуроллар орасида бор. Фото: AFP
Бу ракеталар аллақачон Украинага етказиб берилган ва Россия армиясига қарши қўлланган, аммо тўғридан тўғри Россия ҳудудида эмас.

Биринчи ракетанинг етиб бориш масофаси 300 километрни ташкил этади, иккинчисиники, Украина қабул қилган экспорт вариантида — 250 километр. Storm Shadow Америка компонентларига эгалиги туфайли, уларнинг қўлланиши учун ҳам АҚШнинг рухсати талаб этилади.

Бундан ташқари, АҚШнинг авиация орқали учириладиган ва 370 километр масофагача ҳаракатланадиган AGM-158 JASSM ракеталари ҳам бор — улар ҳозирча Киевга берилмаган, аммо Америка матбуотида бундай эҳтимол муҳокама қилинмоқда.

Агар сўнгги ойларда Қримда бўлган воқеаларни эсласак, Украина қуролли кучлари бундай қуролларни Россия ҳудудида айнан қандай қўллашини тасаввур қилиш мумкин. Яриморол ҳудудида Қора денгиз флоти иншоотлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари позициялари ва бошқа ҳарбий объектлар юқори аниқликдаги ракеталар ҳужумига йўлиққан.

Россия мудофаа вазирлиги кўп бор бундай ракеталар уриб туширилгани ҳақида хабар берган бўлса-да, аслида уларга қарши курашиш жуда қийин ва улар кўплаб нишонларга аниқ етиб борган.

Агар Украинага бундай ракеталарни Россия ҳудудида қўллашга рухсат бериладиган бўлса, бундай зарбалар интенсивлиги уларнинг етказиб берилишига боғлиқ бўлади, етказиб бериш эса, ўз навбатида, ракета захиралари ва уларни ишлаб чиқариш суръатларига боғлиқ. Бундан ташқари, бу ракеталар ўзи қўлланадиган у ёки бу операциянинг режасини белгилайди.

Россиялик ҳарбий шарҳловчилар ижтимоий тармоқлар ва матбуотда Россиянинг ушбу ракеталар етиб борадиган радиусда жойлашган ҳарбий аэродромларнинг заиф ҳимояланганига эътибор қаратган.

Уларнинг сўзларига кўра, бу биринчи навбатда тактик авиацияга тааллуқли — Украинанинг қуруқликдаги, асосан, шаҳарлардаги истеҳкомларига жиддий зарар етказиш учун ўзи борувчи бомбалар учираётган бомбардимончи самолётларга.

Агар бу хавф реаллашадиган бўлса, самолётлар ушбу ракеталар етиб борадиган масофадан ташқарига кўчирилиши мумкин — бу эса парвозлар частотасига таъсир кўрсатади, аммо бундай самолётлар ва бомбалардан фойдаланишни тўхтатишга олиб келмайди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекслари иши янада мураккаброқ — уларни украин қуроллари ҳаракатланувчи радиус ташқарисига олиб чиқиш имконсиз, чунки улар муайян объектларни ҳимоя қилиб турибди. ATACMS ёки Storm ракеталарини уриб тушириш қийин, Қримга йўлланган зарбаларга кўра, зенит-ракета комплексларининг ўзи уларнинг нишонига айланиши мумкин.

Россиянинг бундай қарорга реакцияси қандай бўлиши номаълум.

Ҳозирга қадар Ғарбдагилар бундай қуролларни Россияда қўллашга рухсат бериш ҳаддан ташқари кучли эскалация келтириб чиқариши ва бу Россияни, масалан, тактик ядро қуролини қўллашга ундаши мумкинлигидан чўчиб келишарди.

Аммо сентябр ойи бошида Британия ва Америка разведка хизматлари бошлиқлари — МИ-6 бошлиғи Ричард Мур ва МҚБ директори Уилям Бёрнс — қўшма баёнот бериб, бундай таҳдид аслида ғарбдагилар ўйлаётгани каби реал эмаслигини айтишди. Уилям Бёрнс буни «кераксиз» қўрқув деб атаган.

Блинкеннинг Киевга ташрифи

Британ газеталари АҚШ Давлат департаменти бошлиғи Энтони Блинкен бу масалани Киевда Володимир Зеленский билан муҳокама қилишини ёзган, у чоршанба куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми билан биргаликда Украинага ташриф буюрди.

Лэмми ва Блинкен чоршанба куни Киевга келди
Бу вақтда Конгресснинг Вакиллар палатасида қуролли кучлар бўйича қўмитадаги республикачилар гуруҳи Байденга мактуб ёзиб, уни Американинг Украина қуролли кучларига етказиб берилган узоқ масофали ракеталарини Россиядаги нишонларга зарба бериш учун қўллашга қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирган.

Мурожаатни имзолаганлар қаторида — ташқи ишлар бўйича қўмита раҳбари Майкл Маккол, қуролли кучлар бўйича қўмита раиси Майк Роджерс, доимий разведка бўйича қўмита раиси Майк Тернер, ташқи ишлар қўмитаси Европа ишлари бўйича раиси Том Кин, мудофаа бўйича қўмита таркибидаги харажатлар бўйича қуйи қўмита раиси Кен Калверт ва Ҳелсинки комиссияси аъзоси Ричард Ҳадсон бор.

«Байден — Ҳаррис маъмуриятининг маъносиз чекловлари ва муҳим қуролларни етказишдаги кечикишлар Украинага урушни ғалабали якунга олиб боришига халал бермоқда, — дейилган мактубда. — Маъмурият аллақачон йўналишни ўзгартириши ва Украина АҚШ етказиб берилган қуроллардан Россиядаги қонуний нишонлардан фойдаланишига қўйилган қолган чекловларни ҳам олиши лозим».

Мурожаат муаллифлари фикрича, амалдаги чекловлар «Украина Россия қўзғаган тажовузкор урушда ғалаба қозониш имкониятларига тўсқинлик қилмоқда», чунки бу чекловлар Россия қўшинлари «Украинага қандайдир жавобдан қўрқмасдан ҳужум қилиш мумкин бўлган хавфсиз зона»га эга бўлишини таъминламоқда.

«Россияда Украинага қарши ҳарбий жиноятларини жазосиз содир этиши мумкин бўлган хавфсиз ҳудудга эга бўлмаслиги керак», — дея қайд этишган мурожаатни имзолаган сиёсатчилар.

Мактуб муаллифлари, эскалация борасидаги «урушнинг илк кунларидан буён чиппакка чиқиб келган» хавотирларга қўшилмаслигини билдиришган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Россия ичкарисини ўз ракеталари билан ўққа тутишга рухсат бериши мумкин