06:30 / 16.09.2024
38

Европада кучли сув тошқинлари кузатилмоқда

Европада кучли сув тошқинлари кузатилмоқда
Фото: Билд
“Борис” бўрони туфайли юзага келган кучли ёмғирлар Марказий ва Шарқий Европада ҳалокатли оқибатларга олиб келди. Дарёларда сув сатҳи кўтарилиб, минглаб уйлар сув остида қолди. Австрия, Польша ва Руминияда бир неча киши табиий офат қурбони бўлди.

Руминия, Польша ва Австрияда ҳалок бўлганлар

Австрияда фуқароларни сув тошқинидан қутқариш операцияси давомида бир ўт ўчирувчи ҳалок бўлди, деб ёзади Reuters. Вена атрофидаги ҳудуд фалокат зонаси деб эълон қилинган, маҳаллий ҳокимият “мисли кўрилмаган экстремал вазият” ҳақида гапирмоқда. Польшада сув тошқини оқибатида бир киши ҳалок бўлган.

“Борис” бўрони сабабли Руминияда тўрт киши ҳаётдан кўз юмган. Чехияда сув тошқини туфайли баъзи ҳудудларда эвакуация эълон қилинган. Чехиянинг CEЗ энергетика компанияси маълумотига кўра, мамлакат шимолидаги 51 мингга яқин хонадон электр таъминотида узилишларга учраган. Прагада сув тошқинларига қарши тўсиқлар қурилган.

Фото: Getty Images
"Биз яна Европа қитъасида тобора кўпроқ таъсир кўрсатаётган иқлим ўзгариши оқибатларига дуч келмоқдамиз — фожиали оқибатларга", деди Руминия президенти Клаус Йоханнис.

Иқлим ўзгариши туфайли Европада, дунёнинг бошқа кўплаб қисмларида бўлгани каби, экстремал ёғингарчилик эҳтимоли ортиб бормоқда. Илиқроқ атмосфера кўпроқ намликни ушлаб туриши мумкин, бу эса кучли ёмғир ёғишига олиб келади.

Фото: Getty Images
Руминиянинг Галас ҳудудидаги Слобозия-Конаки қишлоғи мери Эмил Драгомир 700 та уй сув остида қолганини айтган.

"Бу эпик миқёсдаги ҳалокат", деди Драгомир. У Польшанинг жануби-ғарбидаги Глухолаза шаҳрида дарё қирғоқдан чиқиб, кўчаларни сув босаётганини маълум қилган.

Чехия ва Украинада сув тошқини

Чехия жанубидаги тўғон ёрилган. Атроф-муҳит вазири Пётр Хладик энг кўп зарар кўрган ҳудудлар аҳолисини ўз уйларини тарк этишга тайёргарлик кўришга чақирди. Расмийлар қум қопларидан ясалган ҳимоя деворлари ва металл тўсиқлар ўрнатмоқда. Мамлакатнинг икки олий лигасида дам олиш кунларига белгиланган футбол ўйинлари бекор қилинган.

Фото: Getty Images
Украина темирйўллари вакилларининг маълум қилишича, Польша ва Чехияда сув тошқинлари туфайли Украинага бир қатор поездлар ҳаракати бекор қилинган. Прагадан Чопа ва Перемишлгача бўлган поездлар ҳали ҳам Чехияда бўлиб турибди ва Украинага уланиш рейсларига улгурмаяпти.

Украинадан Прага йўналишида ҳаракатланадиган йўловчиларга Чехия ёки Польша темир йўл оператори билан боғланиш ва рейслар жадвалини аниқлаштириш, шунингдек, ҳар эҳтимолга қарши туташ шаҳарда тунашни режалаштириш тавсия этилади.

Нима учун бўрон кучли бўлди?

“Борис” бўрони аллақачон Марказий ва Шарқий Европага жуда кўп миқдорда ёғингарчилик олиб келди. Прогнозларга кўра, кучли ёмғирлар камида 16 сентябрь охиригача давом этади. Энг кўп ёғингарчилик Чехияда кузатилди. Бўрон икки сабабга кўра ҳалокатли бўлди. Биринчидан, бўрон ўз ҳолатига кўра, шимолдан совуқ ҳавони ўзига тортади. Бу Ўртаер денгизи ва Қора денгизнинг ғайриоддий илиқ сувларидан келадиган намлик билан аралашади.

Иккинчидан, худди шу районлар устида паст босимли област жуда секин силжийди ва бўрон ғарб ҳамда шарқдаги юқори босимли областлар орасида сиқилиб қолади. Чехия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги “Борис”га ўхшаш бўронлар ҳар 50 йилда бир марта содир бўлишини айтди. 2021 йилда Европада содир бўлган экстремал сув тошқинидан сўнг, Бутунжаҳон об-ҳавони прогноз қилиш тармоғи Европада бундай турдаги сув тошқинлари эҳтимоли ва интенсивлиги иқлимнинг тез исиши туфайли ортиб бораётган деган хулосага келган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европада кучли сув тошқинлари кузатилмоқда