17:08 / 20.09.2024
34

Исроил “Ҳизбуллоҳ” пейжерларини портлатиш учун 15 йил тайёрланган

Исроил “Ҳизбуллоҳ” пейжерларини портлатиш учун 15 йил тайёрланган
Фото: Getty Images
Исроил шу ҳафта Ливанда портлаган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқадор, яҳудий давлати ушбу операцияни 15 йил давомида режалаштирган. Бу ҳақда АBC хабар берди.

Таъкидланишича, бунинг учун Исроил разведка ходимларини жалб қилган ва бир нечта сохта компаниялардан фойдаланган. Ушбу корхоналарнинг айрим ходимлари аслида кимга ишлаётганидан бехабар бўлган. Шундай компаниялардан бири Будапештда рўйхатдан ўтган BAC Consulting бўлиб, у Тайваннинг Gold Apollo бренди остида пейжерлар ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузган.

Бироқ Венгрия ҳукумати вакили бу пейжерлар мамлакатда “ҳеч қачон бўлмаган”ини, компания эса “Венгрияда ишлаб чиқариш ёки операцион майдончасига эга бўлмаган савдо воситачиси” эканини айтди. Ливанга юборилган пейжерларнинг ҳар бири тахминан 30-50 грамм портловчи моддалар билан тўлдирилган ва масофадан бошқарилган. Исроил манбалари портлашларга алоқадорлигини яширинча тасдиқламоқда.

17 сентябрь куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ” аъзолари фойдаланган юзлаб пейжерлар портлади. Эртаси куни бутун мамлакат бўйлаб бошқа электрон қурилмалар, жумладан, ноутбуклар ва рациялар портлай бошлади. 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, минглаб одамлар жароҳатланди.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Ливан билан чегарага кучлар ва ресурслар кўчирилаётганини айтди. “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ҳодисада Исроилни айблаб, у барча қизил чизиқларни кесиб ўтганини айтди. Насруллоҳ бу ҳаракатларни уруш эълон қилиш билан тенг деб атади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил “Ҳизбуллоҳ” пейжерларини портлатиш учун 15 йил тайёрланган