22:28 / 21.09.2024
68

Зеленский Россия билан музокара учун «учта банд» тайёрлаётганини маълум қилди

Зеленский Россия билан музокара учун «учта банд» тайёрлаётганини маълум қилди
Фото: Reuters
Украина президенти Володимир Зеленский ўз мамлакати ғалаба режаси устида фаол ишлаётганини ва Россия билан музокара учун «учта банд» тайёрлаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу иш доирасида онлайн форматда учрашувлар бўлиб ўтган, бироқ кимлар билан экани ҳақида аниқ маълумот берилмади.

«Шунингдек, офлайн ва онлайн учрашувлар бўлди. Айтганимиздек, ноябр ойининг бошида режа тўлиқ тайёр бўлади. Бу Россия билан ҳар қандай форматда музокара олиб боришга асос бўлади. Ҳар қандай форматда, унинг ҳар қандай вакили билан, чунки режа бўлади ва кўрсатадиган нарса бўлади», деди Зеленский.

Унинг қўшимча қилишича, Украинанинг барча иттифоқчилари Киевнинг Россияни иккинчи тинчлик саммитига таклиф қилиш ниятига рози. «Чунки Россия Украинага қарши курашмоқда. Томонлардан бирисиз урушнинг тугаши мумкин эмас», деб қўшимча қилди Зеленский.

Унинг айтишича, Украинанинг ғалабага эришиш режаси Киев ҳамкорлари томонидан декабр ойи охиригача «тезкор ва аниқ» қадамлар қўйилишини, тинчлик саммити ва «урушни тугатишнинг исталган босқичига» кўприк бўлишини кўзда тутади.

Зеленский Вашингтонга ташрифи чоғида Киев томонидан ишлаб чиқилган ғалаба режасини АҚШ Оқ уй маъмуриятига тақдим қилмоқчи (у 25 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясида чиқиш қилишни режалаштирмоқда). Зеленский Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги операциясини ҳам ушбу режанинг бир қисми деб атади. Бундан ташқари, ғалаба режаси Зеленский АҚШ президенти Жо Байдендан Украинани НАТОга таклиф қилишни сўрашини назарда тутади. Режада Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун «аниқ йўл» ва Киевга доимий равишда замонавий қурол-яроғ етказиб бериш мажбуриятлари ҳам кўзда тутилган.

Зеленскийнинг ўзи журналистлар билан учрашувда режанинг бир банди «Украинанинг жаҳон хавфсизлиги архитектурасида аниқ ўрни», иккинчиси қурол-яроғ етказиб бериш, яна бири мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши билан боғлиқлигини айтди. Россия ҳам бу режани кўриши керак, деб қўшимча қилди Зеленский.

Зеленский АҚШга ташрифи давомида Вашингтонда Демократик партиядан президентликка номзод Камала Харрис ва Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп билан ҳам учрашишни режалаштирган. Зеленский сўзларига кўра, Трамп билан учрашув катта эҳтимол билан 26-27 сентябр кунлари бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Россия билан музокара учун «учта банд» тайёрлаётганини маълум қилди