23:48 / 21.09.2024
45

Telegram турли мамлакатларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қила бошлади

Telegram турли мамлакатларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қила бошлади
Фото: Getty Images
Telegram мессенжер асосчиси Павел Дуров Парижда ҳибсга олинганидан сўнг, нафақат Франция, балки бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари сўровига кўра маълумотларни тақдим қила бошлади, деб ёзди Le Figaro.

Қайд қилинишича, Европа Иттифоқи давлатларидан бири аллақачон юзга яқин буюртма қотиллик муҳокама қилинган Telegram гуруҳи сўрови бўйича жавоб олишга муваффақ бўлган. Жанубий Кореядан келган сўров ҳам жавобни кутмоқда.

Францияда Telegram вояга етмаганлар бўйича миллий полиция департаменти (OFMIN) сўровларига, шунингдек, жандармерия сўровларига жавоб берган ва айрим гумондорларнинг шахсини аниқлаш имконини берувчи маълумотларни тақдим этган. Гап болаларга қарши жиноятлар ҳақида бормоқда.

Баҳорда OFMIN мессенжерда вояга етмаганларга қарши жиноятларнинг «тез ва назорат қилиб бўлмайдиган» даражада тарқалаётгани ҳақида хабар берган эди. Баъзи терговчилар ва судяларнинг фикрича, Telegram қурол, гиёҳванд моддалар, одам савдоси ва буюртма қотилликлари ҳам содир бўладиган «жиноятчилик супермаркети»га айланган.

Telegram раҳбариятининг одил судлов билан муносабатларини нормаллаштиришга тайёрлиги кўплаб миллий ва халқаро терговларни олдинга силжитиш имконини бериши керак, деб қайд этади Le Figaro. Газетанинг ёзишича, яқин ойларда бу ишга Павел Дуровдан ташқари бошқа одамлар ҳам жалб қилиниши мумкин.

Павел Дуров 24 август куни Париж аэропортида қўлга олинган. Унга уюшган жиноятчиликка алоқадор қатор жиноятлар, жумладан, гиёҳванд моддаларни тарқатиш ва болалар порнографиясини тарқатишда иштирок этиш, шунингдек, ваколатли органлар сўровига кўра маълумот беришдан бош тортиш каби жиноятлар бўйича айблов қўйилган. Бир неча кундан кейин у гаров эвазига озод қилинди.

Politico нашрининг хабар беришича, Дуровга нисбатан тергов Telegram раҳбарияти Франция расмийларининг болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолати бўйича сўровига жавоб бермаганидан кейин бошланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Telegram турли мамлакатларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қила бошлади