17:39 / 24.09.2024
33

Қироллик оиласининг йиллик харажати Британия солиқчиларига 680 млн долларга тушмоқда

Қироллик оиласининг йиллик харажати Британия солиқчиларига 680 млн долларга тушмоқда
Фото: BBC
Қироллик оиласининг таъминоти аслида Британия солиқчиларига бюджетдан расман ажратиладиган 86 миллион фунт эмас, балки йилига 510 миллион фунтга (680 миллион доллар) тушмоқда. Бу ҳақда Republic антимонархия ташкилотига таяниб, BBC хабар берди.

Ташкилот ўзининг янги ҳисоботида нафақат қирол, шаҳзода ва маликаларни таъминлаш харажатларини, балки Британия хазинаси кўраётган йўқотишларни ҳам умумлаштирди. Бу йўқотишлар катта миқдордаги ер ва кўчмас мулк давлатга эмас, балки қиролга тегишли экани сабабли юзага келмоқда.

“Суверен грант” шаклида тўғридан тўғри бюджетдан йилига 86 миллион фунт (тахминан 115 миллион доллар) ажратилади. 2011 йилдаги қонунга кўра, бу сумма ҳар йили Тож мулклари (Crown Estate) даромадларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади. Монарх бу мулкларни йиллик грант эвазига давлатга топширади. Бошқача айтганда, бу амалда ва моҳиятан Тож мулкларидан олинган даромадларнинг маълум бир қисмини қироллик хонадонига қайтариб беришдир.

Тож мулкларига Лондонда ва бошқа шаҳарлардаги кўплаб кўчмас мулк объектлари, шунингдек, кенг ер майдонлари киради. Бу мулкларнинг умумий қиймати тахминан 16 миллиард фунт стерлингни ташкил этади; буларнинг барчаси ижарага берилган бўлиб, 2023 йилда 443 миллион фунт стерлинг даромад келтирди.

Суверен гранти фақатгина қироллик оиласи ва унинг саройларини сақлаш, уларнинг фаолиятини таъминлаш, ташриф ва маросимларни уюштириш каби тўғридан тўғри харажатларни қоплайди, аммо хавфсизликни таъминлаш харажатлари каби бошқа чиқимларни ўз ичига олмайди. Шу билан бирга, Republic ташкилоти бу қўшимча харажатларни 150 миллион фунт стерлингга баҳоламоқда.

Бундан ташқари, антимонархистлар фикрича, Ланкастер ва Корнуолл герцогликларига тегишли қироллик қароргоҳлари ва мулкларни тижорат асосида фойдаланиш мумкин бўлиб, бу бюджетга тахминан 200 миллион фунт стерлингга яқин даромад келтириши мумкин эди.

Бу икки “герцоглик” аслида қирол ва Уэлс шаҳзодаси таъминотига йўналтирилган даромадни бошқарувчи тож мулкини назорат қилувчи муассасалардир.

Republic фаоллари фикрига кўра, монарх учун умумий харажатлар йилига 5-10 миллион фунт стерлингни ташкил этиши, шахсан қиролга эса йилига 189 минг фунт стерлинг маош белгиланиши керак. Ҳозирги вазиятни эса антимонархистлар “халқ пулини шармандаларча исроф қилиш” деб баҳолайди.

"Қироллик оиласига ярим миллиард фунт сарф қилаётган бир пайтда, иситиш учун қишки компенсацияларни қисқартириш ҳақида қандай гапириш мумкин?", - деб таъкидлади Republic ташкилоти раҳбари Грем Смит.

Букингем саройи BBCнинг ушбу ҳисоботга изоҳ бериш тўғрисидаги илтимосини рад этган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қироллик оиласининг йиллик харажати Британия солиқчиларига 680 млн долларга тушмоқда