12:20 / 26.09.2024
55

Туркия Австрияга жавоб қайтарди: «Ойнадан ўпкаламанг!»

Туркия Австрияга жавоб қайтарди: «Ойнадан ўпкаламанг!»
Туркия Австрия ташқи ишлар вазирлигининг президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонннинг нутқи юзасидан берган баёнотига жавоб қайтарди. Туркия президенти девони ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси бошлиғи Фахриддин Алтун «Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама» мазмунида фикр билдирган.

Гап шундаки, Туркия раҳбари БМТ Бош ассамблеяси 79-сессиясидаги нутқида Ғазо секторида хунрезликни амалга ошираётган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни нацистлар доҳийси Адольф Ҳитлерга ўхшатган ва халқаро ҳамжамиятни уни тўхтатишга ундаган эди.

Австрия ташқи ишлар вазирлиги 24 сентябрь куни ижтимоий тармоқ орқали берган баёнотида Туркия президентининг бу ўхшатишини танқид қилиб, бугунги кунни тарихнинг қоронғи саҳифаларига муқояса этишни номақбул ҳолат деб атади.

Туркия президенти маъмуриятининг юқори мартабали вакили Фахриддин Алтунга кўра, президент Эрдўғоннинг Нетаняҳуни Ҳитлерга менгзаши шунчаки ўхшатиш бўлиб қолмай, Ғазодаги геноцидни дастаклаётганларга тутилган кўзгудир.

Қайд этилишича, Эрдўғоннинг сўзлари ўзини айбдор ҳис этаётган, ўтмишидан уяладиган ва ўз тарихий айби туфайли Исроилни уруш жиноятларида қўллаб-қувватловчиларнигина хавотирга солиши мумкин.

«Президент Эрдўғон ушбу таққослашдан фойдаланиб, фикрини кенг оммага тушунарли тарзда етказди ва эътиборни бугунги этник тозалаш ва геноциднинг энг даҳшатли эпизодларидан бирига қаратди... Тарих фашистларнинг ёрдамчилари ва гумашталарини унутмагани каби, бу қирғин алангасини ёққанларни ҳам унутмайди», – деди профессор Алтун.

Туркия расмийси ирқчилик ва этник тозалашдек қоронғи тарихга эга бўлганларнинг Фаластиндаги геноцидни қўллаб-қувватлаб, худди шу хатони такрорлашини фожиа деб атаган.

Аввал хабар берганимиздек, президент Эрдўғон БМТ минбаридаги маърузасида Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини кескин қоралаб, дунё давлатларини Фаластин давлатини тан олишга чақирганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркия Австрияга жавоб қайтарди: «Ойнадан ўпкаламанг!»