Володимир Зеленский “ғалаба режаси”ни АҚШ элитасига тақдим этиш учун Америкага борди. Унинг айтишича, режа 5 та банддан иборат, шундан 1 таси урушдан кейинги давр ҳақида бўлади. Хўш, Киевнинг бу режаси қанчалик реал? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақда сўз юритди.
Ғарбдаги нашрлар Украинанинг “ғалаба режаси”да сюрпризлар йўқлигини ёзмоқда. Зеленскийнинг ўзи бу режа Украинанинг хавфсизлиги, геосиёсий позицияси, чекловларсиз фойдаланиш мумкин бўлган хорижий ҳарбий ёрдам ва иқтисодий кўмакни назарда тутишини айтган.
Таҳлилчи Шуҳрат Расулнинг сўзларига кўра, Украина томонидан илгари сурилаётган “ғалаба режаси” – яқин 3 ойликларда пайдо бўлган нарса. Бу режанинг туғилиши Украина қўшинлари Россиянинг Курск области ҳудудларини эгаллаб олиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. “Чунки бунгача Ғарбда иккала томон ҳам бир-бирини енга олмайди, урушни тўхтатиш керак деган дунёқараш шаклланиб қолганди. Курск фронтининг очилиши вазиятни бошқа томонга буриб юборди”, – дейди у.
Таҳлилчи Ойбек Сирожов “ғалаба режаси”нинг ОАВда айтилаётган бандларини санаб ўтди: Украинанинг НАТОга аъзолик жараёни бошланиши ёки НАТОга аъзо давлатлар даражасидаги хавфсизлик кафолатини олиши, Украинага энг замонавий қуроллар берилиши, Курскдаги ҳарбий ҳаракатларнинг Ғарб томонидан қўллаб-қувватланиши, Украинанинг иқтисодий жиҳатдан, шу жумладан урушдан кейин қўллаб-қувватлаш.
“Украина учун ғалаба – 1991 йилги чегараларга чиқиш. Лекин “ғалаба режаси” дейилаётган режада чегара масаласи йўқ. Бу, назаримда, Украинанинг “ғалаба режаси” эмас, кўпроқ Ғарбнинг, АҚШнинг “ғалаба режаси”. Бу ёндашувга кўра, Россиянинг ичкари ҳудудларига ракета зарбалари берилади, шундан кейин Россия жамияти ва элитаси Путинга ёки сиёсий элитага босим ўтказиши, сўнг Путин ён беришга, сулҳ тузишга мажбур бўлишидан умид қилинади”, – дейди Сирожов.
Камолиддин Раббимовга кўра, урушнинг учта истиқболи бор: урушни музлатиш (Киев бунга рози эмаслигини билдирмоқда), Украинанинг мағлубияти (босиб олинган ерлар Россия назоратида қолади), Украина томонидан Россия ичкарисидаги муҳим нуқталарга Ғарб қуроллари билан зарбалар бериш орқали урушни давом эттириш.
“Ҳозир Байден иккита танлов олдида турибди. Демократларнинг асосий мотиви – Камала Ҳарриснинг сайловда ғалаба қозониши. Агар Америка жамияти Украинадаги уруш борган сари кучаяди деб ҳисобласа, Доналд Трампга овоз бериши мумкин. Иккинчи томондан, Украина уруши – Байденнинг тарихий мероси. У ҳокимиятдан кетишдан олдин Украинага ёрдам беришга мойил бўлади. Байден мана шу дилемма олдида турибди”, – дейди у.
Раббимовнинг фикрича, Зеленский АҚШга сафари давомида “Россия ичкарисига ҳужумлар қилиш орқали бурилиш ясаймиз” деган позицияни етказмоқчи.
Абдували Сойибназаровнинг фикрича, “ғалаба режаси”нинг амалга ошиш эҳтимоли кам, чунки у фронтдаги жорий вазиятга мос келмайди.
“Зеленский мудофаа келишуви тузиш, Ғарбнинг хавфсизлик кафолатларини сўрамоқчи. Тўғрисини айтганда, Украина мустақилликка эришган пайтда ядро қуролидан воз кечиш эвазига Ғарб ва Россия хавфсизлик кафолатини берган, бугун бу кафолат ишламаяпти. Яна қанақанги хавфсизлик кафолати берилиши мумкин? Бу Россия ва Ғарб ўртасида тўғридан тўғри урушни англатади”, – дейди у. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди