20:00 / 29.09.2024
97

Фронтдаги вазият: Россия армияси Украинанинг муҳим қалъаси — Вуҳледарни деярли тўлиқ қуршаб олди

Фронтдаги вазият: Россия армияси Украинанинг муҳим қалъаси — Вуҳледарни деярли тўлиқ қуршаб олди
Vlada Liberova / Libkos / Getty Images
Украина қуролли кучларининг Донбасс жанубидаги «қалъа-шаҳри» — Вуҳледар бошқа йўналишлардаги воқеаларни сояда қолдирди. Шу билан бирга, Вуҳледар учун жанглар тақдири ҳал бўлгандек кўринаётган бўлса (шаҳар деярли қуршовда; унинг охирги ҳимоячилари ягона йўл бўйлаб чекиниши учун ҳали ҳам имкон бор, аммо уларга энди таъминот етказиб бериб бўлмайди), Покровск, Селидове, Торецк ва Купянск ҳудудларида Украина қуролли кучлари учун янги инқирозлар юзага келмоқда ва бу қўмондонлик реакциясини талаб этади. Бу вақтда Украина армияси ҳам ўз юриш амалиётларини ўтказмоқда — Харкив областидаги Вовчанск шаҳрида ва Россиянинг Курск областида Глушково йўналишида.

Вуҳледар

Россия қўшини Вуҳледарга шимоли-шарқдан етиб келиб, унинг чеккаларидаги кўп қаватли бинолар жойлашган ҳудудга киришга эришди. Шаҳар ичкарисидаги вазият ноаниқ (у ерда қолган мудофаачилар сони ҳам). Аммо унинг атрофида Украина қуролли кучлари учун таҳдидли вазият юзага келмоқда.

РФ қуролли кучлари шаҳарга ғарбдан ҳам яқинлашиб келган — яқинда эгаллаб олинган Пречистовка посёлкаси томондан — бу орқали шаҳардаги гарнизон таъминотдан узиб қўйилган.

Эндиликда Украина қуролли кучлари мазкур ҳудудда фойдаланиши мумкин бўлган ягона йўл (Вуҳледар — Богоявленка) ҳам тўхтовсиз равишда дронлар ва артиллерия зарбаларига учрамоқда (РФ қуролли кучлари бу йўл бўйлаб ҳаракатланувчи нишонларга яқин масофадан туриб танкка қарши ракеталар ҳам ҳужум уюштириши мумкин, бунда кўриш шароити яхши бўлиши талаб этилади).

Украина қуролли кучларининг асосий кучлари аллақачон шаҳардан анча олис кетишган — улар анча олдинроқ РФ қуролли кучлари эгаллаб олган «Южнодобасская-3» конларидан ғарброқда ва Новоукраинка ҳудудидаги позицияларга ўрнашган.

Катта эҳтимол билан, Вуҳледар ичкарисида қолган гарнизон, агар шаҳарни тарк этишга қарор қилса, шимоли-ғарб томон жанглар билан чекинишига тўғри келади.

Украиналик ҳарбий экспертлар Украина қуролли кучлари қўмондонлигини гарнизонни эвакуация қилишни кечиктирмасликка чақирмоқда. Аммо ҳозирча қўмондонлик номаълум сабабга кўра қарийб уч йилдан буён Вуҳледарни мудофаа қилиб келган 72-механизациялашган бригада раҳбариятини ўзгартиришга қарор қилди.

Селидове — Курахово

Вуҳледар гуруҳи ортида ҳам инқироз етилмоқда. Россия қўшини йирик Селидове шаҳрини рўпарадан штурм қилмасликка қарор қилди ва уни жанубдан айланиб ўтди. РФ қуролли кучлари Украинскни эгаллаган ва энди қўшни Горняк ва Цукурино посёлкалари учун жанг олиб борилмоқда.

Мазкур участкада муваффақиятга эришса, РФ қуролли кучлари Курахово сув омборининг ғарбий чеккасига етиб боради ҳамда Курахово шаҳрининг ўзига таҳдид сола бошлайди — бу Донбасс фронтининг жанубий участкасидаги асосий таъминот базаси ҳисобланади. Шу билан бирга, бошқа бир гуруҳ аллақачон сув омборининг шарқий чеккасига яқинлашиб қолган.

Покровск

Бир неча ҳафталик оператив паузадан кейин РФ қуролли кучлари Покровск ва унинг йўлдош шаҳри томон ҳужумни қайтадан бошлади. Новогродовка ва Гродовканинг катта қисми эгалланганидан кейин Россия қўшини уларнинг оралиғидаги қишлоқлар ва посёлкаларни эгаллашга ҳаракат қилмоқда.

РФ қуролли кучларининг илғор бўлинмаларини Миколайивка атрофида кўришган. Бу қишлоқдан кейин Покровск чеккалари ва Покровск агломерацияси маркази ҳисобланган Мирноград бошланади.

Торецк

Россия қўшини Торецк маркази томон аста-секинлик билан силжишда давом этмоқда, бу ерда кўп қаватли бинолардан иборат кварталлар учун жанглар кетмоқда.

Украина қуролли кучлари шаҳар марказини муваффақият билан ҳимоя қилгани беҳуда кетиши мумкин: Россия қўшини Торецкка ғарбдан, Ню Йорк посёлкаси томондан ҳам кириб келди. Катта эҳтимол билан, Торецк мудофааси яна бир йўналишдан қилинадиган ҳужумга бардош бера олмайди.

Купянск

РФ қуролли кучлари Купянск ҳудудида кўп ойлардан буён олиб борилаётган юришнинг бирламчи мақсадига эришди. Илғор бўлинмалар Оскол дарёси, уни кечиб ўтиш нуқталари, шунингдек Осколнинг шарқий соҳили бўйлаб ўтадиган ва Украинанинг шарқий гуруҳи ҳамда Купянск жанубидаги гуруҳларини ўзаро боғловчи йўлга икки-уч километр масофада яқинлашган.

РФ қуролли кучлари Оскол бўйига етиб борса, Украина қуролли кучлари таъминотида қийин вазият юзага келади, аммо бу муқаррар ҳалокат дегани эмас: украинларда шарқий соҳилда бир эмас, балки бир неча тарқоқ жойлашган плацдармлар мудофаасини ташкил этиш учун ҳам куч ва вақт етарли (бири Купянскда, бошқалари — Бороваяда). Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари мазкур секторга у қадар эътибор билан қарамаётганининг сабаби ҳам шунда.

Россия қўшини жануброқда — Макийивка ва Невский ҳудудида ҳам олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда — аммо бу ердан Осколгача ҳали узоқ.

Вовчанск ва Курск области

Украина қуролли кучлари кўп ойлик жанглардан кейин РФ қуролли кучлари бўлинмаларини Вовчанск агрегат заводи бинолари мажмуасидан сиқиб чиқарди. Бу шаҳар марказида, Волчя дарёсининг шимолий соҳилидаги украин кучлари таъминотини енгиллаштириши мумкин — завод Украина қуролли кучлари таъминот етказиш учун фойдаланадиган кечув жойи яқинида жойлашган.

Аммо Украина қуролли кучлари шаҳарда йирик кучларни ушлаб турганига қарамай, яқин вақтларда Вовчанск тўлиқ озод этилиши даргумон.

Украинанинг кучли гуруҳи Курск областида ҳаракатланишда давом этмоқда. Аммо Украина қуролли кучлари Россиянинг Суджага ғарб томондан юришини тўхтатган бўлса-да, юриш амалиётлари суст кечмоқда: сентябр ойида Глушково райони маркази томон ҳужум қилиш учун чегара орқали ўтказилган украин бригадалари сўнгги ҳафталар давомида Веселое қишлоғи атрофида олдинга силжий олмади, бу ерда Россия қўмондонлиги (Суджа томон асосий зарба йўналишидан олиб келинган кучлар ҳисобига) мустаҳкам мудофаа ташкил этган. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фронтдаги вазият: Россия армияси Украинанинг муҳим қалъаси — Вуҳледарни деярли тўлиқ қуршаб олди