Бу фото 29 сентябр куни Яманда ҳусийчилар назорати остидаги Ҳудайда портида олинган. Унда тутун устунини кўриш мумкин.
Исроил Ливандаги давомли зарбалардан кейин Ямандаги Эрон таъсиридаги ҳусийчилар гуруҳи назорати остидаги ҳудудларга ҳам ҳужум уюштирди.
Ҳусийчилар назоратидаги медиа Яманнинг Ҳудайда портига авиазарбалар ҳақида якшанба кунининг иккинчи ярмида хабар тарқатди. Кўп ўтмай ЦАҲАЛ ўнлаб жанговар, ёнилғи ташувчи ва разведкачи самолётлар иштирокида «йирик ҳаво амалиёти» ўтказганини тасдиқлади.
Баёнотда айтилишича, амалиёт «ҳусийчи террорчилик режими»нинг Ҳудайда ва Рас Иссо шаҳарларидаги ҳарбий объектларига қарши қаратилган, аммо бу объектлар электр станциялар ва нефт импорти учун фойдаланиладиган порт эди. «Биз учун ҳеч қайси жой узоқлик қилмайди», — деган Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант алоҳида баёнотида.
Ҳусийчилар расмийлари Ҳудайдада тўрт киши ҳалок бўлиб, 33 киши яралангани тўғрисида хабар берган.
Ҳусийчилар Ғазодаги Ҳамасга бирдамлигини изҳор қилган ва Исроилга ҳужумларини шу билан изоҳлаган. Улар бир неча марта Исроил томонга «Shaheed» дронлари ва ракеталарни учирган, уларнинг айримлари исроилликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан ўтиб кетган. Исроил олдин ҳам, дронлардан бири Тел-Авивга қадар етиб борганида Яманга авиазарбалар йўллаганди.
Шунингдек, ҳусийчилар Яман соҳиллари яқинида, Қизил денгиз ва Боб-ал-Мандиб бўғози орқали ўтувчи кемаларга ҳам ҳужум қилиб келмоқда. Улар фақат Исроил, АҚШ ёки Буюк Британияга алоқадор бўлган кемаларга ҳужум қилишларини айтишади; аммо бошқа давлатларнинг кемаларига ҳужум уюштирилган ҳолатлар ҳам бўлди.
Ҳусийчилар вакили Муҳаммад ал Бурҳайти якшанба кунги ҳужумни Исроилни ҳимоясига олган «Британ-Америка тажовузи» деб атади.
Ҳусийчилар Яманнинг шимолий қисмини назорат қилади. Мамлакатнинг қолган ҳудудларини халқаро даражада тан олинган, лекин Саудия Арабистонига қарам бўлган ҳукумат, шунингдек, алоҳида давлат қуриш истагида бўлган бошқа айирмачи гуруҳлар назорат қилади.
Ҳусийчилар Эрон «Қаршилик ўқи» деб атайдиган гуруҳнинг бир қисми саналади — бу Фаластин ҳудудлари, Ливан, Сурия, Ироқ ва Яманда Исроил ва Ғарбга қарши турувчи қуролланган гуруҳлар тармоғидир, уларнинг энг йириги Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатидир. Улар Эрондан турли шаклдаги ёрдамларни олиб туради, жумладан қуроллар етказиб берилади, аммо ўз ҳаракатларида у ёки бу даражада мустақилликка ҳам эга.
Ливан бўйлаб навбатдаги ҳужумлар
Байрут узра тутун, бу ерда ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ» позициялари бўйлаб зарбаларни давом эттирмоқда
Шанба куни исроиллик ҳарбийлар Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг юзлаб объектларига зарбалар йўллаган, якшанба куни кундузи эса Байрут жанубидаги Даҳия туманидаги нишонларга янги ҳужумлар уюштирилганди.
Исроил мудофаа армиясининг якшанба куни эълон қилинган баёнотида бундай нишонлар қаторида Исроил томон қаратилган ракета учириш қурилмаси ҳам бўлгани айтилган. Зарбалар «қуроллар сақланган ва ташкилот ҳарбий инфратузилмаси ҳисобланган бинолар»га берилди, дейилади баёнотда.
Шунингдек, ЦАҲАЛ исроилликларнинг шанба куни Байрут бўйлаб авиазарбаси оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг яна бир юқори мартабали мулозими Набил Каук ўлдирилганини маълум қилди. У гуруҳда ички хавфсизлик кенгашини бошқарган ва унинг марказий кенгашининг муҳим аъзоларидан бири бўлган.
ЦАҲАЛ Каукни «Ҳизбуллоҳ»нинг «олий раҳбариятига яқин» одам деб атаган ва «Исроил давлати ва унинг фуқароларига қарши террорчилик фитналарини тарғиб этишда бевосита иштирок этгани»ни таъкидлаган.
«Ҳизбуллоҳ» якшанба куни кундузи Каук ҳамда бошқа бир қўмондон, гуруҳнинг жанубий фронти раҳбари Али Каракийнинг ўлимини тасдиқлади.
Аббос Нилфорушон катта эҳтимол билан Насруллоҳнинг ёнида бўлган. Фото: IRNA
Бу вақтда Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳам бригада генерали, корпус қўмондонининг амалиётлар бўйича ўринбосари Аббос Нилфорушон Исроил 27 сентябр куни Байрутга йўллаган авиазарбалар вақтида ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилди. Исроил маълумотига кўра, жума кунги рейд давомида «Ҳизбуллоҳ»нинг турли даражадаги 20 дан ортиқ қўмондонлари ўлдирилган.
Нилфорушон 2019 йилда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондонининг оператив масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланган, у бу лавозимда Али Зоҳидий ўрнини эгаллаганди.
Корпус баёнотида Нилфорушоннинг «Қаршилик фронти» ва Эрон мудофаасидаги роли эътироф этилган ҳамда унинг ўлими юзасидан ҳамдардлик билдирилган, аммо «сионист режимнинг Ливандаги жинояти» қораланган бўлса-да, корпус томонидан унинг ўлими учун жавоб қайтарилиши борасида ҳеч нарса дейилмаган.
Бунгача Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бир неча бор Ҳамаснинг июл ойи охирида Теҳронда ўлдирилган етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлими юзасидан жавоб чоралари кўрилишига ваъда берганди.
Байрутда жиддий вайронгарчиликлар кузатилмоқда
Ливандаги нашрларга кўра, исроилликларнинг охирги зарбалари оқибатида мамлакат жанубида камида олти киши, Ливан шимоли-шарқидаги, «Ҳизбуллоҳ»нинг таянчи ҳисобланадиган Бекаа водийсида яна тўққиз киши ҳалок бўлган.
Арабларнинг «Ан-Наҳар» газетаси хабарига кўра, Ливан жанубидаги Анкон шаҳрида уч киши, бошқа бир аҳоли яшаш манзили Набатиеҳда яна уч киши қурбон бўлган.
БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари маълумотига кўра, Ливанда сўнгги ҳафталарда 200 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Ливандаги NNA давлат ахборот агентлиги Ливан ҳукуматидаги манбага таяниб хабар беришича, ўтган ҳафтада Ливандан қўшни Сурияга 80 мингга яқин киши — 36 мингдан ошиқ суриялик ва 41 300 ливанлик қочиб ўтган.
116 000 дан ортиқ қочқин бошпаналарда рўйхатга олинган. Ҳукумат ҳисоботига кўра, айни вақтда Ливанда жамоат муассасалари, жумладан мактаблар ва қишлоқ хўжалик марказларида 777 та бошпана ташкил этилган.
Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти минтақада миллиондан ортиқ кишига ёрдам тарқатиш учун фавқулодда амалиёт бошлади. «Бу дам олиш кунларидаги можаронинг навбатдаги кескинлашуви зудлик билан гуманитар чоралар кўришни тақазо этади», — дейилган агентлик баёнотида.
Эрон қандай жавоб қайтаради?
BBC форс хизмати шарҳловчиси Жияр Голнинг қайд этишича, Эрон ҳукумати кўп йиллар мобайнида ўз фуқаролари учун «Ҳизбуллоҳ» ва унинг етакчиси Ҳасан Насруллоҳни мамлакат ташқарисида Ислом республикаси душманларига қарши курашувчи қудратли куч сифатида гавдалантириб келганди. Энди эса, кўпчилик эронликлар учун бу гуруҳ ҳақидаги миф йўққа чиқди.
Кўп йиллар мобайнида Эрон «Ҳизбуллоҳ» ҳамда Яман, Ироқ ва Суриядаги шиаларнинг бошқа ҳарбийлашган тузилмаларига жангчилар тайёрлаш ҳамда қуроллантириш учун миллиардлаб доллар сарфлаганди. Аммо Исроил атиги 9 кун ичида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси ва унинг деярли барча юқори мартабали қўмондонларини йўқ қилди, пейжерлар ва рациялар портлаши оқибатида гуруҳнинг ўрта бўғиндаги ўнлаб аъзолари ҳалок бўлиб, минглаб киши яраланди.
«Ҳизбуллоҳ» қўмондонлари каби доимий ҳаракатда бўладиган нишонларга зарбалар бериш учун аниқ разведка маълумотлари талаб этилади. Бу ҳам Эрон расмийларини жиддий ташвишга солаётган Исроилнинг разведка имкониятларини намойиш этади.
Шу кунларда Reuters агентлиги Эроннинг олий диний раҳнамоси нисбатан хавфсизроқ жойга кўчирилгани ҳақида хабар тарқатди.
Гол ўтган йилларда Эроннинг ядровий ва ракета энергетикаси соҳасидаги ўнлаб олимлари муҳим стратегик объектларда рўй берган портлашлар оқибатида ўлдирилганини қайд этган.
2012 йилда Эрон разведкасининг собиқ ходими Али Юнусий Исроил разведкаси Ислом Республикаси тизимларига киргани, мамлакат раҳбариятининг ҳар бир аъзоси ўз хавфсизлиги тўғрисида қайғуриши лозимлигини айтганди.
Теҳронда одамлар «Ҳизбуллоҳ»нинг ўлдирилган етакчисининг портретларини кўтариб кўчаларга чиқди
Аммо ҳозирча Теҳрон Исроилга қасос билан таҳдид қилмаяпти. Эрон етакчилари мамлакат элчиси Байрутдаги пейжерлар ва рациялар портлаши вақтида яраланганидан кейин ҳам муносабат беришда одатдагидан фарқли ўлароқ анча вазминлик намойиш этишганди. Таққослаш учун, апрел ойида Исроил Эроннинг Дамашқдаги консулхонасига ҳужум қилиб, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори мартабали саккиз нафар қўмондонини ўлдирганида Эрон тезкор реакция кўрсатиб, Исроил бўйлаб юзлаб дронлар ва ракеталар учирганди.
Якшанба куни Эрон етакчиси, оятуллоҳ Али Хоминаий «Ҳизбуллоҳ»нинг қудрати ҳақида гапирди, аммо Эрон ушбу гуруҳни қўллаб-қувватлаш учун вазиятга аралашиши мумкинлиги ҳақида сўз айтмади. Бунинг ўрнига у ислом давлатларини Исроилга қарши бирлашишга чақирди.
Эрон мураккаб вазиятда қолган, мамлакат раҳбарияти Исроилга ҳужум АҚШ томонидан ҳарбий жавобни келтириб чиқариши ва мамлакат янада каттароқ можарога тортилиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.
Шу билан бирга, агар Теҳрон «Ҳизбуллоҳ»ни фаол қўллаб-қувватламаса, бу Эроннинг минтақадаги иттифоқчилари бўлган бошқа гуруҳлар учун, инқирозли вазият юзага келган тақдирда Ислом Республикаси ўзининг омон қолиши ва манфаатларини уларнинг манфаатларидан юқори қўйиши мумкинлиги ҳақида сигнал бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди BBC шарҳловчиси.
Исроил разведкасининг янги методлари: ғарб нашрлари нималар ёзмоқда?
Ғарбдаги нашрлар «Ҳизбуллоҳ» раҳбарияти ва гуруҳнинг қурол ишлаб чиқариш корхоналари бўйлаб йўлланган зарбалар — Исроил разведкасининг муваффақиятли фаолияти натижаси эканини қайд этмоқда.
Financial Times газетасига кўра, «Ҳизбуллоҳ» кучайиб боргани сари — хусусан, 2012 йил Суриядаги амалиётлар чоғида, ўшанда гуруҳ Башар Асад режимига мухолифларининг қаршилигини бостиришда ёрдам берганди, Исроилда гуруҳнинг тузилмаси, усуллари ва ички ишлари билан танишиш имконияти пайдо бўлди.
Бир томондан, «Ҳизбуллоҳ» жангчилари Сурияда яхши амалиётга эга бўлди, бошқа томондан — гуруҳ аъзолари сони ошди, бу эса Исроил разведкаси учун янги имкониятларни очиб берди, улар ўз жосусларини гуруҳ аъзолари сафига киритди, уни тарк этганлар билан алоқа ўрнатди.
Вашингтондаги Яқин Шарқ институти дастурий директори Ранда Слимга кўра, Суриядаги уруш ички назорат механизмини заифлаштириб, жосусларни киритиш учун эшикларни янги даражада очиб берган.
Шунингдек, Суриядаги уруш вақтида ижтимоий тармоқларда Исроил разведкаси эркин фойдаланиши мумкин бўлган катта ҳажмдаги маълумотлар жойлаштириларди, «шаҳидлар» плакатларида ҳалок бўлган жангчилар қаердан бўлгани, қаерда ўлдирилгани, дўстлари ва қариндошлари ким экани ҳақида батафсил айтиб ўтиларди. Айрим дафн маросимларида эса нисбатан юқори лавозимдаги етакчилар соядан чиқиб, кўриниш берарди.
Бундан ташқари, «Ҳизбуллоҳ» Сурияда ўз маълумотларини коррупцияга ботгани билан танилган Сурия разведкаси ёки Россия махсус хизматлари билан ҳам бўлишарди, уларни эса мунтазам равишда америкаликлар кузатган.
FT исроилликлар мунтазам равишда методларни такомиллаштириб борганини, бунинг ёрдамида улар Насруллоҳ сўнгги йилларда яшаб келган ерости бункерларидан бирини топишга муваффақ бўлишганини қайд этади. Ҳамас 2023 йил 7 октябрида қилган ҳужумдан бироз вақт ўтиб Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари разведка «Ҳизбуллоҳ» етакчиси яширинганини кўрсатган жойни бомбалаш учун учиб борганди. Исроиллик мулозимлардан бири нашрга ўшанда рейдни Оқ уй талаби билан бекор қилишга тўғри келганини айтган.
Wall Street Journal Насруллоҳнинг ўлимидан икки ой олдин «Ҳизбуллоҳ»нинг олий мартабали қўмондони Фуад Шукрни ўлдириш орқали Исроил ўз жосусларини «Ҳизбуллоҳ» ичкарисига нақадар чуқур киритганини намойиш этганини эслатади. Сўнгги ўн йиллар мобайнида АҚШ таъқибидан муваффақиятли яшириниб келган қўмондон Байрутдаги турар жой биноларидан бирининг юқори қаватидаги квартирасида авиазарба оқибатида ҳалок бўлганди, ўшанда уни бу ерга бироз олдинроқ телефон орқали чақиришганди.
Исроил Миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ катта директори, ҳозирда эса миллий хавфсизлик масалалари бўйича MIND Israel маслаҳат гуруҳи ходими Авнер Головнинг сўзларига кўра, Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» билан курашдаги муваффақияти Ҳамаснинг ўтган йил октябридаги ҳужуми билан солиштирилса, бу мамлакат хавфсизлик хизмати ҳимояда эмас, ҳужумда яхшироқ эканини изоҳлайди.
«Исроил хавфсизлик доктринаси моҳияти душман ҳудудида уруш олиб боришдан иборат. Ғазо билан барчаси буткул бошқача бўлганди. Биз буни кутмагандик ва шунинг учун бу муваффақиятсизлик рўй берди», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.
Икки томон 2006 йилда бир ойдан ортиқ вақт давом этган урушдан кейин сулҳ имзолаганидан кейинги даврда Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол-аслаҳа тўплашини кузатиб келади. Ўша вақтларда Исроил махсус хизматларининг кўплаб вакиллари армиянинг урушдаги ҳаракатларидан ҳафсаласи пир бўлган, чунки у «Ҳизбуллоҳ»га жиддий зарар етказа олмаган ва сулҳдан кейин гуруҳ Ливан жанубидаги позицияларини тиклай бошлаганди.
Натижада ҳарбийлар «Ҳизбуллоҳ» тузилишини яхшироқ тушунишга ҳаракат қилди ҳамда бу гуруҳ Эрон томонидан ҳарбий ва молиявий ёрдам олишига тўсқинлик қилишни бошлади, жумладан Суриядаги «уруш ичидаги уруш» деб ном олган авиазарбалар кампанияси орқали.
«Ҳизбуллоҳ»га қарши қуруқлик амалиётини истисно этмаётган исроилликлар танкларини мамлакат шимолида, Ливан билан чегаралар яқинидаги Юқори Галилей тумани ҳудудидаги позицияларга олиб ўта бошлаган.
New York Times Исроилнинг махсус топшириқли бўлинмаси 8 сентябр куни Сурияда «Ҳизбуллоҳ» учун қурол ишлаб чиқарилган ерости заводига бостириб киришини тасвирлайди, ўшанда аввалига Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ҳаводан қўриқчиларни йўқ қилган, штурмчи гуруҳ эса 15 дақиқа ичида корхонани эгаллаган (бу рейд ҳақида олдинроқ хабар тарқалганди: авиазарба ҳақида 9 сентябр куниёқ Суриядаги бир неча давлат нашрлари хабар берганди, сўнгги кунларда эса десант туширилиши тафсилотлари Суриядаги инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази, New York Times ва Axios томонидан очиқланди).
Сурия шимоли-ғарбидаги Масяф шаҳридан узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган завод расман Сурия илмий тадқиқотлар ва ишланмалар маркази сифатида маълум. Расман завод Сурия мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлса-да, ғарблик мулозимлар маълумотига кўра, ундаги иш жараёни устидан назорат «Ҳизбуллоҳ» ва Эрон томонидан амалга оширилади.
Завод Ливан билан чегарадан атиги 50 километр масофада жойлашган, шунинг учун, нашрнинг исроиллик ва америкалик манбалари тасдиқлашича, «Ҳизбуллоҳ» қуролларни Эрондан минглаб километр масофа орқали ташиб келмасдан, айнан шу ерда ишлаб чиқаришни афзал кўрган.
Исроиллик юқори мартабали мулозимлар рейддан кейин америкалик ҳамкасбларига айтишича, бу 7 октябр кунги ҳужумдан чиқарилган сабоқ натижаси бўлган. Исроил ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» янги қурол ишлаб чиқаришга ҳаракат қилаётганидан хабар топгач, исроиллик ҳарбийлар бунинг олдини олиш чораларини кўрган.
Суриядаги объект «Ҳизбуллоҳ» бу ерда янада аниқроқ ҳаракатланувчи ва анча кўпроқ ракеталар ишлаб чиқариши мумкинлиги борасидаги хавотирлар туфайли исроилликлар учун устувор аҳамиятга эга бўлди.
Исроилнинг «Бўлинма 8200» номи билан машҳур бўлган электрон разведкасига объектнинг батафсил режаси бўйича компютерни бузиб кириш орқали қўлга киритилган маълумотлар келиб тушганидан кейин ҳаракатга киришилади. «Бўлинма 8200» — Исроил разведкасида 7 октябр куни рўй берган муваффақиятсизлик учун айбланадиган бўлинманинг ўзи.
Бу сафар разведкачилар нафақат объект схемасини қўлга киритишади, балки ерости объектига киришда ўрнатилган қўриқлаш постлари жойлашувини ҳам аниқлайди. Натижада коммандос тезкорлик билан ҳаракатланади ва саноқли дақиқаларда муваффақият билан якунланади.
Газетанинг ёзишича, кейинроқ — 17 сентябр куни рўй берган, Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроил разведкаси томонидан миналаштирилган пейжерлари портлаши эмас, балки айнан Масяфга амалга оширилган рейд Исроилнинг ливанликлар гуруҳига қарши нисбатан кенг амалиёти дебочаси бўлганди.
Воқеалар ривожи
17–18 сентябр. Бутун Ливан бўйлаб «Ҳизбуллоҳ» аъзоларига тегишли пейжерлар ва рация воситалари портлаб, камида 39 киши ҳалок бўлди ва минглаб кишилар яраланди. Бу портлашлар ортида Исроил тургани айтилмоқда, аммо Тел-Авив бунинг учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмаган.
20 сентябр. Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрут жанубидаги таянч пунктларига зарбалар йўллади, бунинг натижасида 55 киши ҳалок бўлди, жумладан юқори мартабали қўмондонлардан бири ҳам.
23 сентябр. Исроил Ливанни ёппасига ўққа тутиб, «Ҳизбуллоҳ»нинг мамлакат жануби, шарқи ва пойтахтдаги 1300 объектига зарба йўллади. Бир кун ичида 550 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
25–26 сентябр. БМТнинг Ню Йоркдаги саммитида жаҳон давлатлари етакчилари вазиятни юмшатишга чақирди. Исроилнинг иттифоқчилари, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Евроиттифоқ ўт очишни вақтинча тўхтатишга чақирувчи коалиция шакллантирди. Исроил бу таклифни қабул қилмади, «Ҳизбуллоҳ» ҳам эътиборсиз қолдирди. Ливанда қурбонлар сони 630 кишидан ошди.
27 сентябр. Нетаняҳу БМТ саммитида чиқиш қилиб, «Ҳизбуллоҳ»ни енгиш»га ваъда берди. Исроил гуруҳнинг Байрутдаги қароргоҳига ҳужум қилди, бунинг натижасида унинг раҳбарияти аъзолари ҳалок бўлди, қурбонлар орасида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳам борлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.
28 сентябр. ЦАҲАЛ Насруллоҳ ўлдирилганини эълон қилди, бир неча соат ўтиб бу фактни «Ҳизбуллоҳ» ҳам тасдиқлади. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди