13:00 / 03.10.2024
27

АҚШ ҳамда Исроил Эроннинг Яман ва Суриядаги кучларига зарба беришни муҳокама қилмоқда

АҚШ ҳамда Исроил Эроннинг Яман ва Суриядаги кучларига зарба беришни муҳокама қилмоқда
Фото: Reuters
АҚШ ҳамда Исроил Эронга ҳарбий жавоб чоралари доирасида Яман ва Суриядаги Эронпараст кучлар ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бўлинмаларига ҳужум қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Politico Америка президенти Жо Байденнинг исми ошкор этилмаган маслаҳатчиларига таяниб хабар берди.

Нашр суҳбатдошларига кўра, томонлар Эрондан Исроил ҳудудига қилинган ракета ҳужумларига жавоб тариқасида ракета зарбасини кўриб чиқмоқда. Вариантлар орасида суҳбатдошлар Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган тузилмаларга ёки тўғридан тўғри Яман ёки Суриядаги ИИҚК кучларига зарба беришни санаб ўтган.

Президент ёрдамчиларининг таъкидлашича, АҚШ Эрон ракета ҳужумига Исроилнинг чекланган жавобини “афзалроқ” кўради. Нашр суҳбатдошларига кўра, мазкур жавоб Қўшма Штатларга мос келади ва Америка томони Исроилдан ундан бутунлай воз кечишни талаб қилишни режалаштирмаяпти.

1 октябрь оқшомида Эрон Исроил ҳудудига 180 дан ортиқ ракета учирган эди. Эрон нишонлари орасида Исроилнинг иккита ҳаво кучлари базаси ва Моссад бош қароргоҳи бўлган. Исроил армиясининг маълум қилишича, у зарар кўрмаган. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, икки киши жароҳатланган.

Axios порталига кўра, Исроил ҳукумати Эронга “мустақил равишда жавоб беришни режалаштирмоқда”, бироқ вазиятнинг стратегик оқибатлари туфайли ўз режаларини АҚШ билан мувофиқлаштириш ниятида. Нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, Исроилнинг жавоб ҳужуми АҚШ Марказий қўмондонлиги билан мудофаа соҳасида ҳамкорликни ва Исроил ҳаво кучлари учун кўпроқ ўқ-дориларни талаб қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ҳамда Исроил Эроннинг Яман ва Суриядаги кучларига зарба беришни муҳокама қилмоқда