Тарих саҳнида 74 йил яшаган советлар ҳукмронлиги даврида Ғарб давлатлари ва СССР ўртасида жиддий рақобат кечган. Ҳар икки тараф душман томондан муҳим шахсларни ўз томонига оғдиришга уринган.
Бу рақобатда катта миқдорда пуллар ва шоҳона ҳаёт ваъда қилган ғарбликлар ютиб чиққан ва Иккинчи жаҳон урушидан сўнг СССР тарқаб кетгунча жуда кўплаб КГБ, Ташқи разведка ходимларини, олимлар, муҳандислар ва ҳарбийларни ҳамкорлик қилишга кўндирган.
СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россия бир муддат оғир вазиятга тушиб қолади. Бир томондан — ички сиёсий ва иқтисодий инқирозлар, бошқа томондан — чеченларнинг бош кўтариши қарийб 10 йил давомида Россияни ҳолдан тойдиради.
Бу пайтда КГБ ўрнига ташкил этилган Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ҳам асосан чечен уруши билан овора эди.
1999 йилда Россия тепасига Путин келгандан сўнг кўп ўтмай давлат бирмунча ўзини тиклаб олди. ФХХга жуда катта эътибор берила бошланди ва Шимолий Кавказда Россия ҳукмронлигига қарши чиққан чеченлар устидан ғалаба қозонилди.
Россия ўзини ўнглаб борар экан, Ғарб махфий хизматлари яна россиялик муҳим шахсларни ўз томонларига оғдириш учун жиддий ҳаракатларни бошлайди.
Ана шундай ҳаракатлардан бири 2017 йилда муваффақиятли якунланади. Путин администрациясида муҳим лавозимда ишлаган шахслардан бири америкаликлар томонига ўтиб кетади. Бу ўша пайтда 48 ёшда бўлган Олег Смоленков эди.
Фото: newsru.com
Олег Смоленков ким бўлган?
Олег Смоленков 1969 йилда Иваново шаҳрида туғилади. Мактабни тугатганидан сўнг 1991-1993 йилларда институтларнинг бирини битиради.
У институтда таҳсил олиб юрган чоғида ўзининг ёшгина ўқитувчисини севиб қолади ва унга уйланади. 1999 йилда аёл танишлари орқали эрини Россия Ташқи ишлар вазирлигига валюта-молия департаментига ишга киритиб қўяди.
Олег қисқа фурсатда бу ерда ўзини кўрсата олади ва уни ТИВнинг ташкилий ишлар бошқармасига ўтказишади. Сўнг бир муддат у ТИВнинг кадрлар департаментида ишлайди.
Икки йилдан сўнг 2003 йилда Олегни Россиянинг АҚШдаги элчихонасига жўнатиб юборишади. У Вашингтондаги элчихонада элчининг иккинчи котиби вазифасида ишлайди.
Элчихонада Олег Юрий Ушаковга ёрдамчи эди ва асосан унинг топшириқларини бажаради. Маълумот учун, Юрий Ушаков ҳозирги пайтда Россия президенти Владимир Путиннинг ёрдамчиси ҳисобланади.
2008 йилда Олег Москвага қайтиб келади. Шунда бу пайтга келиб Россия ҳукумати аппарати раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган Ушаков уни ёнига чақиради. Ўшанда Россия ҳукумати аппарати раҳбари Сергей Наришкин эди.
Маълумот учун, Наришкин ҳозирда Россия Ташқи разведка хизмати директори, Россия Хавфсизлик кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Кўп ўтмай Олегнинг мансаби яна ошади ва у Россия ҳукумати қошидаги Ҳарбий саноат комиссияси масъул ходимига, кўп вақт ўтмай Россия президенти ҳузуридаги Ташқи сиёсат бошқармаси ходимига айланади.
2010 йилда Россия президенти Дмитрий Медведев фармони билан Олег Смоленковга 3-тоифадаги давлат маслаҳатчиси ва генерал-майор унвони берилади.
2012 йилда Ушаков Путиннинг ташқи сиёсат масалалари бўйича шахсий ёрдамчиси этиб тайинланади. У яна Олегни ёнига чақириб олади ва ўз аппаратида бош маслаҳатчи вазифасига тайинлайди.
Олегнинг хотини Антонина Смоленкова ҳам маълум муддат Москвада ҳукумат аппаратида президент ишлари бўйича бошқармада ишлайди.
Фото: vietnamnet.vn
Россиядан қочиш
2017 йил сентябр ойида Россиядаги бир нечта интернет нашрлар Черногорияга дам олишга борган россиялик муҳим амалдор Олег Смоленков ва унинг оила аъзолари бедарак йўқолгани ҳақида хабар беради.
Хабарларда айтилишича, меҳнат таътилига чиққан Олег Смоленков 1917 йил 14 июн куни хотини Антонина Смоленкова ва уч боласи билан Черногорияга учиб кетади. Сиёсатчи Тиват шаҳрида дам олишни режалаштирганди.
Ўша куни у Тиват шаҳрига ҳам, банд қилган меҳмонхонасига ҳам бормайди ва изсиз йўқолади. Олег билан алоқа йўқолгач Россиянинг Черногориядаги элчихонаси мамлакат полициясига мурожаат билан чиқади.
Полиция Смоленковлар оиласини қидира бошлайди, бироқ уларни ҳеч қаердан топиб бўлмайди.
Маълум бўлишича, эр-хотин ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига охирги марта изсиз йўқолганидан бир ой аввал, 21 июлда киргани маълум бўлади.
Шундан сўнг Россия Тергов қўмитаси ҳолат юзасидан “Қотиллик” моддаси билан жиноят иши қўзғатди. Суриштирувлар бошлаб юборилади. Бироқ Смоленковлар оиласининг ўлиги ҳам, тириги ҳам топилмайди.
Смоленковлар оиласининг йўқолиши 2017 йил июн ойида АҚШ президенти Доналд Трамп Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляковни қабул қилганидан сўнг содир бўлади.
Ўшанда Америка махфий хизмат ходимларида Трамп тарафдорлари ва россиялик юқори мартабали амалдорларнинг алоқаси ҳақида турли шубҳалар пайдо бўлади.
Юрий Ушаков
Фото: alamy.com
Смоленковлар оиласининг АҚШга қочиб кетгани ҳақида илк бор 2017 йил кузда CNN телеканали хабар беради. Хабарда МРБ Россия ҳукуматида ишловчи манбасини Америкага олиб келиш бўйича яширин операция ўтказилгани ва у муваффақиятли амалга оширилгани айтилади.
Шундан сўнг Олег Смоленковнинг Черногория орқали АҚШга қочиб кетгани ҳақида дунёнинг бошқа етакчи ОАВда ҳам хабар тарқалади.
Кўп ўтмай The Guardian ва Черногориянинг Pobjeda газетаси журналистлари Смоленковлар оиласининг тўсатдан йўқолиб қолиши бўйича ўтказган суриштирувини эълон қилади.
Унга кўра, 2017 йил июн ойида Доналд Трамп Сергей Лавров ва Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляковни қабул қилган пайтида МРБ Россия ҳукуматида ишловчи амалдордан маълумотлар олиб турганига шама қилган.
Шундан сўнг америкаликлар Олег Смоленков фош бўлиб қолиши мумкинлигини инобатга олиб, ундан АҚШга кўчиб ўтишни сўраган. Олег рози бўлган ва Черногория орқали қочиш режаси ишлаб чиқилган.
Смоленков ва унинг оиласи америкаликларнинг илтимоси билан Черногориянинг Порто Монтенегро портида яхтага ўтирган ва Италияга йўл олган. Бу ерда уларни МРБ ходимлари кутиб олган ва Америкага олиб кетган.
2018 йилда айрим ОАВда Смоленковлар оиласи Америкада Вашингтон яқинидаги шахсий уйга жойлашгани ҳақида хабарлар тарқалади.
Ўша йили ёзда Россия ОАВ эр-хотин Смоленковлар Виржиния штатидаги Стаффорд шаҳрида уч қаватли уйни 925 минг долларга сотиб олгани ҳақида хабарлар чиқади.
Россияликлар Олег Смоленков МРБ билан ҳамкорлик қилганини ва оиласи билан океан ортига қочиб кетганини The Guardian нашрида эълон қилинган суриштирувдан сўнг билишади. Унгача ФХХ Смоленковлар оиласи ўғирланган ёки уларнинг жонига қасд қилинган деб ҳисобланаётганди.
Фото: rbc.ru
Ҳатто аввалига Россия Тергов қўмитаси Смоленковлар оиласининг изсиз йўқолиши бўйича жиноят иши ҳам қўзғатади ва суриштирув ишларини олиб боради.
Кейинроқ айрим манбалар Олегнинг қочиб кетгани ошкор бўлгач жиноят иши ёпилган дейди, бошқалари ҳанузгача ёпилмаганини айтади.
Америка томони Смоленков анчадан буён МРБ фойдасига ишлаганини ва америкаликларга жуда қимматли маълумотлар берганини маълум қилади. CNN бу ҳақда ҳужжатли филм тайёрлаб оммага намойиш этади.
Бироқ шунда ҳам Россия томони Смоленков америкаликлар учун хизмат қилмаганини, бу ҳақда тарқатилаётган гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб чиқади.
Жумладан, Россия ТИВ вакили Мария Захарова CNN томонидан эълон қилинган суриштирувни «классик пропаганда», деб атайди.
Ҳатто 2019 йилда Россияда Олег Смоленков «бедарак йўқолган шахс» сифатида қидирувга берилади. Ҳатто уни топиб бериш бўйича Интерполга ҳам мурожаат қилинади.
Ўша пайтда россияликлар нима қилиб бўлса ҳам Смоленковнинг сотқинлигини рад этиб, унинг Америкага махфий маълумотлар бериб келганини хаспўшлашга уринади.
Ҳатто Кремлдагилар Смоленков ҳақиқатан Россия президенти администрациясида ишлаганини, унда махфий маълумотлар олиш учун имконият бўлмаганини ва «йўқолишидан» бир неча йил аввал уни ишдан ҳайдашганини айтади.
Бироқ турли манбалар Смоленков Путин администрациясидаги муҳим лавозимларда ишлаган пайтида турли махфий маълумотлар олиш имкониятига эга бўлган.
Путин, Лавров ва Ушаков
Фото: newsforbreakfast.ru
Олег қачондан бошлаб МРБ билан ҳамкорлик қила бошлагани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Тахминларга кўра, у америкаликлар билан Россиянинг АҚШдаги элчихонасида ишлаб юрган пайтида алоқа ўрнатган ва уларга кўплаб махфий маълумотларни бериб келган.
Олег Смоленков ҳозир оиласи билан АҚШда яшаётгани айтилади. Сўнгги йилларда у ҳақда жиддий хабар чиқмаган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди